17:39 / 30.04.2024
305

Эрон Афғонистон билан чегарасида бетон девор қуришни бошлади

Эрон Афғонистон билан чегарасида бетон девор қуришни бошлади
Иллюстратив фото: Yeni Safak
Эрон ҳукумати келаси уч йил ичида Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш бўйича барча чора-тадбирларни якунламоқчи. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.

Бу вақт ичида Теҳрон 4 метр баландликдаги бетон девор қуриш, сим тўсиқлар ва панжара ўрнатишни режалаштирган. Умуман олганда, Ислом Республикаси чегарани мустаҳкамлаш учун 3 миллиард доллар сарфлашни режалаштирмоқда.

Теҳрон Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш зарурати ҳақида бир йил аввал ўйлай бошлаганди. 2023 йил май ойида Эрон чегарачилари ва “Толибон” ҳарбийлари ўртасида отишма бўлиб ўтганди, ўшанда нафақат ўқотар қуроллар, балки ҳарбий техника ҳам қўлланган.

Ушбу ҳодиса оқибатида эронлик чегарачи ҳалок бўлган, яна икки нафари яраланган. “Толибон”нинг йўқотишлари анча жиддийроқ бўлган. Шундан сўнг “Толибон” вакилларининг Эрон билан яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш ниятлари ҳақидаги баёнотларига қарамай, Ислом Республикаси чегарани мустаҳкамлашга қарор қилган. Аниқ режани ишлаб чиқиш учун деярли бир йил вақт кетди.

Эрон чегарачилари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар аввалги йилларда ҳам бўлган. Маълумот учун, Эрон ва Туркия чегарасида ҳам бетон девор ва сим тўсиқлар ўрнатилган.

Эрон расмийлари қарор хавфсизлик нуқтайи назаридан қабул қилинганини айтган. Эрон ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий бир неча ой олдин мамлакат Покистон ва Афғонистон билан “чегара блокадаси режаси”ни амалга ошираётганини маълум қилганди. Режани амалга ошириш учун Эрон армияси ва турли кучлар жавобгар бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон Афғонистон билан чегарасида бетон девор қуришни бошлади