Бутун дунёда биологик фаол қўшимчалар одамларнинг кунлик истеъмол маҳсулотига айланиб улгурди. Хўш, бу қўшимчаларнинг танага таъсири қандай, Ўзбекистонда сотилаётган БФҚ қандай текширувлардан ўтади, уларни шифокор маслаҳатисиз олиб ичиш мумкинми? Kun.uz юқоридаги саволларга жавоб олиш учун соҳа мутахассисларига микрофон тутди.
Биологик фаол қўшимчалар дори эмас
Биологик фаол қўшимчалар минераллар, витаминлар, озуқавий толалар, ўсимлик экстрактлари, тўйинмаган ёғли кислоталар, аминокислоталар ва бошқаларни ўз ичига олган табиий комплекслардир. Улар овқатланишдаги камчиликларни бартараф этиб, соғлом моддалар ўзлаштирилишини кучайтиради ва тананинг ички қувватини яхшилаб, кўплаб касалликлар хавфини камайтиради. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассислари БФҚда фармакологик ва ножўя таъсирнинг йўқлиги ва улар дори воситаси ҳисобланмаслигини маълум қилган.
Нутрициолог Гули Шайховага кўра, экология ёмонлашиб бораётган пайтда бутун дунёда БФҚларга эҳтиёж тобора ортяпти. “Овқат билан бирга истеъмол қилинадиган биологик фаол моддалар маълум бир мақсад билан истеъмол қилинади. Масалан, организмда микроэлементлар, нутиентлар, минерал моддалар, оқсиллар билан боғлиқ танқислик ҳолатлари бўлади. Мана шу танқисликни йўқотиш учун биологик фаол моддалар истеъмол қилинади”, – деди мутахассис.
БФҚ зарарсизми?
Гули Шайхова аҳолига биологик фаол моддаларни истеъмол қилишга тақиқ қўйилмагани, экологик ҳолатнинг ёмонлашуви, овқатланишнинг бузилиши сабаб юзага келадиган турли хил алиментар касалликларнинг (овқат ёки овқат билан боғлиқ касалликлар) олдини олишда БФҚдан фойдаланиш мумкинлигини айтади.
“Минерал моддалар етишмаслиги натижасида алиментар касалликлар келиб чиқади: камқонлик, йод танқислиги, семизлик ҳолатлари, суяклар мўрт бўлиб қолиши, катталарда остеопороз, остеомаляция касалликлари. Буларнинг ҳаммаси озиқ-овқат моддалари билан, нутриентлар билан боғлиқ”, – дейди у.
Шифокор, шунингдек, ҳар бир БФҚ истеъмолидан олдин унинг таркиби, қаерда ишлаб чиқарилганига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. “Ҳар бир инсон биологик фаол қўшимчани истеъмол қилмоқчи экан, унинг таркибини билиши керак. Қайси ўтлардан, ўсимликлардан ёки ҳайвонлардан, балиқ маҳсулотларидан олинган — шуларни билиши керак. Бизда пребиотиклар бор, жуда кўп ишлаб чиқарилади, улар организм учун жуда фойдали”, – деди Гули Шайхова.
“Шифокор билан маслаҳатлашиш керак”
ЖССТ тавсиясига кўра, ҳар бир инсон кунига 400 грамм витамин ва минераллари бўлган хом ҳолатдаги сабзавот ва ҳўл меваларни истеъмол қилиши керак. Гули Шайхова ЖССТ тавсиясига амал қилишга вақт ёки кундалик юмушлар халақит бериши мумкинлигини айтиб, айнан шунинг учун ҳам БФҚга эҳтиёж сезилади, дейди.
“Баъзан ЖССТ тавсия қилган маҳсулотлар билан ҳам организм керакли минерал моддалар, нутриентлар билан тўйинмаслиги мумкин. Шу сабаб қўшимча биологик фаол моддалар рационга киритилиши керак. Бундай моддалар кўпинча битта капсулада жамланган бўлади. Ва энг муҳими уларни соат 12:00 гача ичиш керак. Чунки бу пайтда организм витаминларни яхши сўриб олади”, – дейди Шайхова.
Шифокорга кўра, ҳар битта биологик фаол моддалар 1 ойдан 3 ойгача мўлжалланади. Бир пайтнинг ўзида бир нечта БФҚ ичиб юрмаслик керак. “Масалан, витамин Д билан бирга Омега ичиш мумкин. Бу юрак фаолиятига ҳам таъсир қилади, суяк мўртлигининг олдини олади. Шуни ёдда тутиш керакки, маълум бир БФҚларни истеъмол қилаётганда, бошқаларини тўхтатиб туриш керак. Чунки улар бир-бирига синга олмаслиги ва организмдан маълум бир шароитда ахлат ёки пешоб билан чиқиб кетиши мумкин”, – дейди нутрициолог.
Ўзбекистонда БФҚлар қандай текширилади?
Ўзбекистонда сотилаётган БФҚлар қанчалик ишончли экани ҳақида аҳолида савол туғилиши табиий. Республикадаги БФҚлар сотувга чиқарилишидан олдин Санэпидқўмита текширувидан ўтади. Бу ҳақда токсикология лабораторияси лаборанти Нозигул Қодирова маълумот берди.
Қодированинг тушунтиришича, ишлаб чиқарилган янги маҳсулот Санэпид қошидаги токсикология лабораториясига ва Ўзбекистондаги бошқа лабораторияларга тақдим этилади. Маҳсулот устида 28 кун давомида текширув олиб борилиб, токсикологик гигиеник таҳлил хулосаси берилади. “Бизда 6 та йўналиш асосида таҳлиллар олиб борилади. БФҚ 3 та ҳайвонларда синалади. Оқ сичқон, каламушларда ошқозонига ва денгиз чўчқасининг терисига, қуёнларда кўзнинг шиллиқ қаватига томизиб текшириб кўрилади”, – дейди Қодирова.
БФҚ қандай рўйхатдан ўтказилади?
Ишлаб чиқарилган ёки ташқаридан олиб келинган маҳсулотни рўйхатдан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 апрел куни тасдиқланган 131-сонли қарорига мувофиқ рухсатномалар орқали расмийлаштирилади. Жараённи Санэпидқўмита мутахассиси Абдубосит Абдураҳманов тушунтириб берди.
“Янги олиб кирилаётган ёки янги ишлаб чиқарилган БФҚ маҳсулотларига тегишли бўлган ҳужжатлар ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим қилинади. Ҳужжатлар асосида бизнинг экспертлари томонидан маҳсулотга тегишли хулосалар берилади. Маҳсулот кўриб чиқилади. Унинг таркибидаги витаминлар, микроэлементлар миқдори ҳақида таксикологик гигиеник хулоса олиш учун бошқа бўлимга йўлланма билан юборилади. БФҚ таксико гигиеник хулосалари қабул қилингандан сўнг эксперт гуруҳининг йиғилишда кўриб чиқилиб, рухсатномалар расмийлаштириб берилади”, – деди Абдураҳмонов.
Хориждан келган БФҚларни текшириш керак
Охирги вақтларда хориждан Ўзбекистонга БФҚ кириб келиши кўпайди. Уларнинг айримлари тадбиркорлар томонидан олиб келиниб, Санэпидқўмита назоратидан ўтказилса, кам сонли олиб келинадиганлари ўтказилмайди. Гули Шайхова ҳар бир мижозга сотиб олаётган БФҚларини текширувдан ўтган ёки ўтмаганини сўраб кейин харид қилишни маслаҳат берди.
Санэпидқўмита мутахассиси эса фуқаролар қариндошлари ёки бошқа иккинчи шахслар билан хориждан 10-25 та БФҚ жўнатганда буни қўмита текширолмаслигини, шунинг учун уларнинг ҳаммаси ҳам ишончли бўлмаслигини таъкидлаб ўтди. “Ижтимоий тармоқлар, дорихоналар ёки савдо тармоқлари орқали сотиб олаётган БФҚнинг авваламбор рўйхатдан ўтганини фуқаро ўзи текшириб олса бўлади. Бизнинг sanepid.uz сайтимиздаги очиқ маълумотлар бўлимида БФҚнинг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида реестри жойлаштирилган. Унда маҳсулот номи, ишлаб чиқариш корхонаси, маҳсулот қанақа кўринишда бўлиши ҳақида маълумотлар киритилган”, – деди у.
Шунингдек, мутахассис БФҚларни сотиб олаётганда алданиб қолиш ҳолатлари кузатилса, Ички ишлар органлари ёки Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишни эслатиб ўтди.
Зуҳра Абдуҳалимова
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар