19:30 / 28.07.2024
133

Эрталаб нонушта қилмаслик семириб кетишга сабаб бўлади

Эрталаб нонушта қилмаслик семириб кетишга сабаб бўлади
Кўпчилик инсонлар эрталаб ишга ёки ўқишга шошилиб, нонушта қилишни унутади. Айримлар эса иштаҳаси йўқлиги туфайли тамадди қилишни хушламайди. Аммо бунга доимий одатланиш организмда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда маълумот берди.

— Эрталаб нонушта қилишнинг саломатлик учун фойдаси катта, — дейди Юнусобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шоира Абдусаттарова. — Энг аввало, у кунни яхши бошлаш ва юқори самарадорликка эришишга ёрдам беради. Қолаверса, тонги тамадди организмни энергия ва зарур озуқа моддалари билан таъминлайди.

Эрталаб нонушта қилмаслик туфайли тана қувват манбаидан айрилади. Оқибатда организм ўзининг сақланган энергия ресурсларини ишлатишга мажбур бўлади.

Натижада кун давомида чарчоқ, диққатнинг йўқолиши ва концентрациянинг пасайиши кузатилади. Бу, айниқса, ишда ва ўқишда юқори самарадорликка эришишга тўсқинлик қилади. Мазкур ҳолат мунтазам давом этганда, ошқозон-ичак тракти касалликларининг кучайиши ва жигар-ўт фаолиятида қатор муаммоларга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, эрталабки овқат метаболизмни тезлаштириб, организмнинг калорияларни тезроқ сарфлашини таъминлайди. Нонушта қилмаслик бу жараённи секинлаштириб, танада ортиқча вазн йиғилади.

Шунингдек, тонгги тамадди қонда шакар миқдорини нормал ҳолатда ушлаб туришга ёрдам бериши билан фойдали. Агар нонушта қилинмаса, қонда қанд миқдори пасайиб кетиши мумкин. Бу эса уйқучанлик, асабийлик ва иш қобилиятининг пасайишига олиб келади. Шу билан бирга, ошқозонда кислота миқдорининг ошиши туфайли турли хасталиклар, хусусан, гастрит ёки яра пайдо бўлиш эҳтимоли юқори.

Биламизки, мунтазам ва тўғри овқатланиш иммун тизимини мустаҳкамлайди. Нонушта қилмаслик эса аксинча иммунитетнинг пасайишига ва организмнинг турли инфекцияларга қарши курашиш қобилиятининг сусайишига сабаб бўлади.

Сўнгги тадқиқотларга кўра, эрталаб уйқудан тургандан сўнг овқатланмайдиганлар йилига 3-5 килограммгача вазн орттиради ва 35-50 ёшга бориб уларда семизлик билан боғлиқ муаммолар кузатилиши мумкин.

Албатта ҳаммага бирдек мос келадиган универсал нонушта йўқ. Бу организмнинг ўзига хослигигига боғлиқ. Хусусан, юқори кислоталик ва интенсив ҳазм қилиш ҳолати бўлган одамлар кучли нонушта қилиши, аксинча бўлса, енгилроқ тамадди қилгани мақсадга мувофиқ.

Тонгни бир стакан илиқ сув ичиш билан бошлаш саломатлик учун кони фойда. Нонуштага эса тухум, товуқ гўшти, жавдари ундан қилинган нон ва нон маҳсулотлари, асал, пишлоқ ва бўтқалар тановул қилиш тавсия этилади.

Аксинча, хамиртурушли нон, пишириқлар, аллергик реакцияларни келтириб чиқарувчи цитрус меваларни истеъмол қилиш ва кофе ичиш мумкин эмас.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Эрталаб нонушта қилмаслик семириб кетишга сабаб бўлади