00:30 / 16.10.2024
37

Кондиционер ўрнини босувчи мато яратилди

Кондиционер ўрнини босувчи мато яратилди
Фото: AP
Женгжоу университети (Хитой) ва Жанубий Австралия университети (UniSA) муҳандислари тана ҳамда шаҳар муҳити объектларининг ҳароратини пасайтиришга қодир матони ишлаб чиқди.

Газламанинг ҳароратни пассив тарзда пасайтириш қобилияти кондиционерлар учун барқарор муқобил вариант бўлиб, энергия сарфини тежаш ва аномал иссиқ пайтларда электр тармоқларидаги юкламани камайтириш имконини беради”, — дейди Science Bulletin журналида чоп этилган тадқиқот муаллифларидан бири, UniSA мутахассиси Янгже Ҳоу.

Уч қаватли салқинлик

Синовлар мато қуёш нури ва иссиқликни 97 фоизгача блоклашини кўрсатди. Ҳоунинг айтишича, унда радиацион совитиш тамойили қўлланилган — бу табиий жараён бўлиб, материаллар иссиқликни атмосферага чиқариб юборади.

Иссиқликни ушлаб турадиган оддий матолардан фарқли ўлароқ, уч қатламдан иборат бўлган ушбу мато тескари таъсирни намоён қилади”, — деб тушунтирди у.

Юқори қатлам иссиқликни самарали тарқатадиган полиметилпентен толаларидан иборат. Ўрта қатлам кумуш наноўтказгичлар билан тўлдирилган бўлиб, улар матонинг қайтариш қобилиятини оширади ва танага иссиқлик ўтишига тўсқинлик қилади. Пастки қатлам эса жундан ташкил топган, у ҳатто энг кучли жазирамада ҳам иссиқликдан ҳимоя қилади.

Ўлчаш жараёнида, янги мато ҳарорати анъанавий тўқимачилик матоларининг ҳароратидан 2,3 градус пастроқ, атроф-муҳит ҳароратидан эса 6,2 градус салқинроқ бўлиб чиқди.

Тадқиқотчилар ўз ишланмаларининг кенг қўлланиши истиқболини кўрмоқда. Улар янги технология кийим-кечак, қурилиш материаллари ва кўча мебелларида ўз ўрнини топишига умид қилмоқда.

Ҳозирча асосий тўсиқ ишлаб чиқариш жараёнининг қимматлигида. Олимлар таъкидлашича, технологияни тижоратлаштириш учун қўшимча тадқиқотлар ва идеал ҳолатда давлат кўмаги зарур.

Одамларнинг мато учун кўпроқ пул тўлашга тайёр ёки йўқлиги унинг совитиш самарадорлиги, чидамлилиги, қулайлиги ҳамда инсонлардаги экологик онг даражасига боғлиқ бўлади”, — деб қўшимча қилди улар.

Кондиционер, Ўрнини босувчи, Мато яратилди, Қуёш нури ва иссиқлик

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Кондиционер ўрнини босувчи мато яратилди