Сирдарёда ЙПХдан қочган ҳайдовчи йўлда тўхтатилди
![]() | ||
|---|---|---|
Сирдарё вилоятида ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган Nexia-3 ҳайдовчиси билан боғлиқ ҳолат катта шов-шувга сабаб бўлди. Қоидабузар ҳайдовчи қочишга урингани оқибатида хизмат автомобилига зарар етказиб, йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаёти учун хавфли вазият юзага келтирган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумотига кўра, 7 май куни Янгиер шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙҲХХ инспекторлари давлат рақам белгисиз ҳаракатланган Nexia-3 автомобилини тўхтатишга уринган. Бироқ ҳайдовчи инспекторларнинг ишорасига амал қилмасдан, тезлик билан ҳудуддан чиқиб кетишга ҳаракат қилган.
Қочиш жараёнида ҳайдовчи хизмат автомобилига шикаст етказгани, шунингдек бошқа ҳайдовчи ва пиёдалар ҳаётига хавф туғдиргани айтилмоқда.
Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “тўсиб ушлаш” махсус режаси жорий этилган. Натижада Nexia-3 юк автомобилига урилиб, ҳаракатдан тўхтаган.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи тўхтатилганидан кейин ҳам ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган ва фаол қаршилик кўрсатган. Оқибатда у қўлга олинган. Автомобилда ҳайдовчидан ташқари яна бир нафар йўловчи ҳам бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми — ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
