Манчестер Сити Винисиус Жуниор трансфери устида ишламоқда

Манчестер Сити клуби Реал Мадрид ҳужумчиси Винисиус Жуниорнинг келажаги ноаниқ қолаётганидан фойдаланиб, бразилиялик футболчини ўз сафига қўшиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Футболчининг Мадрид клуби билан амалдаги шартномаси якунига етиб бораётгани ва томонлар янги битим бўйича келиша олмаётгани трансфер миш-мишларини кучайтирмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Маълумотларга кўра, Винисиус Жуниор маош борасида Кйлиан Мбаппе билан тенг шартлар талаб қилмоқда, бироқ Реал Мадрид раҳбарияти бу талабни қондиришга шошилмаяпти. Флорентино Перез учун ёзги трансфер ойнаси футболчини текинга қўйиб юбормаслик учун сўнгги имконият бўлиши мумкин.
Манчестер Сити ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида бразилиялик юлдузни асосий нишон сифатида белгилаган. Гарчи Жеремй Доку каби футболчилар таркибда бўлса-да, клуб раҳбарияти Винисиус даражасидаги ўйинчини қўлга киритишни ноёб имконият деб ҳисобламоқда.
Реал Мадрид ичидаги ички зиддиятлар ва мураббийлар штабидаги ўзгаришлар ҳам футболчининг жамоани тарк этиш эҳтимолини оширмоқда. Айни дамда Манчестер Сити пойгада етакчилик қилаётган бўлса-да, Арсенал ва Челси клублари ҳам вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!