21:43 / 23.05.2022
1 352

Медведчук Порошенкога қарши кўрсатма берди

Медведчук Порошенкога қарши кўрсатма берди
Фото: Украина хавфсизлик хизмати
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) «Ҳаёт учун — мухолифатчи платформа» партиясининг етакчиси Виктор Медведчукнинг сўроқ қилиниши акс этган видеони эълон қилди. У собиқ президент Пётр Порошенконинг буйруғи билан нефть маҳсулотлари қувурининг бир қисмини давлат тасарруфидан чиқариш схемасида иштирок этганини даъво қилмоқда. Медведчук йўқотилган сумма миқдорини 23 миллион доллар деб атади. У шунингдек, Порошенко Россия томонидан тан олинган Донецк ва Луганск халқ республикаларидан (ДХР ва ЛХР) кўмир сотиб олишда иштирок этганини даъво қилди.

Сўроқ пайтида Медведчукнинг айтишича, «Самара-Ғарбий йўналиш» магистрал нефть маҳсулотлари қувури у орқали дизель ёнилғисини ўтказиш учун давлат тасарруфидан чиқарилган. Бу Пётр Порошенконинг кўрсатмаси билан қилинган, дейди Медведчук. Порошенко «Ҳаёт учун — мухолифатчи платформа» раҳбаридан гўёки «Россия раҳбарияти билан боғланишни», шунингдек, «Украина инстанцияларининг барчасида зарур қарорлар қабул қилинишини таъминлашни» сўраган.

«Ушбу қувурни хусусийлаштириш, аслида Порошенконинг ўзига тегишли қилиш учун бир қатор ҳаракатларни амалга ошириш керак бўлди. Судлар, прокуратура, Монополияга қарши кураш қўмитаси, Давлат мулк жамғармаси — буларнинг барчаси, албатта, президент Порошенконинг шахсий манфаатлари учун зарур бўлган қарорларни қабул қилди», — дейди Виктор Медведчук. 2019 йилнинг май ойидан, Пётр Порошенконинг ваколатлари тугатилгандан сўнг, магистрал орқали дизель ёнилғисини ташиш тўхтатилган эди.

Медведчукнинг таъкидлашича, Украинанинг собиқ президенти шунингдек, қўл остидагилари ёрдамида ДХР ва ЛХРдан кўмир олиш имконини берадиган схемани қурган. «Порошенко менга Украина назорати остида бўлмаган ҳудудлардан, яъни ўша ДХР ва ЛХРдан Украинага кўмир етказишни қандай ташкил қилиш ҳақидаги сўров билан мурожаат қилди. Сўровда Россия президенти Владимир Путин билан гаплашиш зарурати бор эди, чунки у бундай таъминот имкониятларига таъсир ўтказа оларди», — деди маҳбус.

Пётр Порошенко 2014—2015 йилларда Донбасснинг Украина ҳукумати назорати остида бўлмаган қисмидан кўмир келтириш билан давлатга хиёнат қилиш ва терроризмни молиялаштиришда гумон қилинмоқда. 2022 йил январида Киев суди сиёсатчини шахсий мажбуриятлари юзасидан озод қилиш тўғрисида қарорни қабул қилиб, унга «загран» паспортини қайтаришни буюрган. Прокуратура собиқ президентни 1 миллиард гривна (тахминан 37 миллион доллар) миқдорида гаров қўйиш имконияти билан ҳибсга олишни талаб қилди. Владимир Путин Порошенкога сиёсий бошпана таклиф қилди, у эса «Бу масалани ўзимиз ҳал қиламиз», деб жавоб берди.

Виктор Медведчук 12 апрель куни Украинада қўлга олинган эди. Украинада у россияпараст ҳисобланади ва «Путиннинг қадрдони» деб ҳам аталади. Украина президенти Владимир Зеленский Россияга сиёсатчини украиналик ҳарбий асирларга алмаштиришни таклиф қилган эди. Кремль бунга жавобан Виктор Медведчук Россия фуқароси эмаслигини ва Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Медведчук Порошенкога қарши кўрсатма берди