23:30 / 27.05.2022
1 581

Приморьеда икки депутат Путиндан қўшинларни Украинадан олиб чиқишни талаб қилди

Приморьеда икки депутат Путиндан қўшинларни Украинадан олиб чиқишни талаб қилди
Приморье ўлкаси маъмурияти биноси. Фото: YURI SMITYUK/TASS
Приморье ўлкаси қонун чиқарувчии органи йиғилишида коммунистик партиянинг (КПРФ) икки депутати урушга қарши фикр билдирди. Шундан кейин уларни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этишди, партияда эса уларга нисбатан «энг қатъий чоралар» кўрилиши ваъда қилинди. Бу КПРФ аъзоларининг партиянинг Украинага босқинни маъқулловчи расмий линиясига қўшилмаслиги билан боғлиқ илк ҳолат эмас.

Кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинаётган бир вақтда КПРФ фракцияси аъзоси Леонид Васюкевич сўз олган ва кутилмаганда Россия президентига мурожаатини ўқиб беришни бошлаган, унда Украина ҳудудидан зудлик билан қўшинларни олиб кетиш талаби баён этилган. Унинг чиқишидан парчаларни PrimaMedia нашри эълон қилди.

«Етимлар янада кўп бўлади»
Vl.ru нашри хабар беришича, Васюкевичнинг микрофонини дарҳол узиб қўйишган, аммо журналистлар унинг сўзларини аниқлай олишган: «Биз тушуниб турибмизки, агар мамлакатимиз ҳарбий амалиётни тўхтатмаса, етимлар янада кўпроқ бўлади. Ҳарбий амалиёт давомида одамлар ногирон бўлиб қолишмоқда, булар мамлакатимизга катта фойда келтириши мумкин бўлган ёшлардир».

«Биз Россия Федерацияси қўшинларини зудлик билан олиб чиқишни талаб қиламиз», деган депутат.

Чиқиши сўнггида Васюкевич мурожаатга имзо қўйган тўрт нафар депутатнинг фамилиясини санаган. Улардан иккиси - Наталья Кочугова ва Александр Сустов - дарҳол бу ишни қилмаганликларини айтишган.

Яна бири - Геннадий Шульга эса нутқ якунида партиядошини олқишлаган.

Йиғилишда депутатлар қаршисида йиллик ҳисобот билан чиқиш қилиши керак бўлган ўлка губернатори Олег Кожемяко эса Васюкевич ва Шульгани сўз олиш ҳуқуқидан маҳрум этиб, залдан чиқариб юборишни талаб қилган.

«Бу ҳаракатлар Россия армияси ва нацизмга қарши курашаётган ҳимоячиларимизни обрўсизлантиради. Сотқин», дея Кожемякода иқтибос келтиради «Коммерсант» газетаси.

Якунда 45 депутатдан 25 нафари Васюкевич ва Шульгани йиғилишда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этишни ёқлаб овоз берган.

Партиянинг реакцияси
Коммунистик партиянинг Приморье қонун чиқарувчи органидаги фракцияси етакчиси Анатолий Долгачев ҳамкасбларини ҳимоя қилмади ва уларнинг ҳаракатини «мутлақо демарш» деб атади.

«Ўйлайманки, биз сизнинг ҳаракатларингизга сиёсий баҳо берамиз. Айниқса, партия аъзоси бўлганларга нисбатан энг қаттиқ чораларни кўрамиз. Сиз бу каби баёнотларингиз билан КПРФ шаънини ёмонотлиқ қилмоқдасиз», деган у.

КПРФ Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни қўллаб-қувватлагани билан маълум. Шу йил январида айнан коммунистлар президентга ушбу республикалар мустақиллигини тан олишни сўраб, мурожаат қилганди.

Россиянинг Украинага босқини Путин Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар мустақиллиги тан олиниши, Россия уларни Украинанинг Донецк ва Луганск областлари чегараларида тан олишини эълон қилиши ортидан бошланганди.

Бу депутатлар биринчиси эмас
Айрим коммунист депутатлар аввал ҳам Россия босқинига қарши чиқишган. 28 феврал куни Коми давлат кенгашидаги КПРФ фракцияси етакчиси Виктор Воробьев урушни қоралаган (шундан кейин кўп ўтмай у «иноагентлар» реестрига киритилган). «Украинада содир бўлаётган воқеалар халқаро ҳуқуқ бўйича ҳеч қандай асосга эга эмас», дея ёзганди Воробьев телеграм-каналида.

Ҳудудий парламентнинг этика бўйича комиссияси унинг устидан прокуратурага шикоят қилган, спикер Сергей Усачев эса Коммунистик партия раҳбари Геннадий Зюгановдан «очиқдан очиқ ғарбпараст қарашларни тарғиб қилувчи» Воробьев билан боғлиқ «мураккаб вазият билан шуғулланиш»ни сўраганди. КПРФ етакчиси унинг бу мурожаатига қандай муносабат билдиргани маълум эмас.

Воронеж области Семилукский район кенгашининг КПРФ вакили бўлган Нина Беляевани фракциядан ўчирмоқчи бўлишганди. У Украинада асирга тушиш - «аскар учун раҳбарият мажбурлаётган ҳаракатларда иштирок этмасликнинг йўлларидан бири экани»ни айтганди. Унинг ҳамкасблари ҳам Беляеванинг сўзлари бўйича прокуратурага мурожаат қилишган.

Владивостокда шаҳар думаси депутати (у ҳам коммунистлар партиясидан) Виктор Каменшчиков феврал ойи охирида партиядан чиқишга ариза ёзган ва Украинадаги босқин туфайли депутатлик мандатини топширишга тайёр эканини айтганди. «Мен урушга қатъий қаршима», дея унинг сўзларини келтирган Коммерсан». Май ойида Каменшчиков Мексика ва АҚШ чегарасида қўлга тушгани маълум бўлди - бу ҳақда маҳаллий ва федерал нашрлар ўз манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди. PrimaMedia суҳбатдошининг айтишича, Каменшчиковнинг Америкада туғилган фарзанди бор.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Приморьеда икки депутат Путиндан қўшинларни Украинадан олиб чиқишни талаб қилди