09:00 / 26.06.2022
1 125

АҚШда қурол айланмаси устидан назорат ҳақида қонун қабул қилинди

АҚШда қурол айланмаси устидан назорат ҳақида қонун қабул қилинди
Фото: Getty Images
АҚШ Сенати ва Вакиллар палатаси қурол айланмаси устидан назорат тўғрисидаги 80 саҳифали қонун лойиҳасини маъқуллади, деб ёзади Meduza. Уни 65 сенатор, шу жумладан, одатда ушбу соҳада назорат кучайтирилишига қарши чиқувчи Республикачилар партиясининг 15 нафар вакили қўллаб-қувватлади. Вакиллар палатасида қонун лойиҳасини ёқлаб 234 киши (шу жумладан 14 нафар республикачи) овоз берди, 193 киши қарши чиқди. Энди у имзолаш учун президентга йўналтирилади.

Қонун лойиҳаси май ойида АҚШда икки марта оммавий қотиллик содир бўлганидан кейин ишлаб чиқилди. Буффалодаги супермаркетда ва Ювалдедаги бошланғич мактабда юз берган отишмаларда 31 киши ҳалок бўлди, уларнинг ярмидан кўпи бошланғич мактаб ўқувчилари эди.

Сенатдаги овоз беришдан кейин АҚШ президенти Жо Байден шундай деди: «Бугун, 28 йиллик ҳаракатсизликдан кейин, иккала партиядан ҳам Конгресс аъзолари бутун мамлакат бўйлаб оилаларнинг даъватларига қулоқ солиб, жамиятимизда ўқотар қуролдан фойдаланиб зўравонлик содир этишга қарши курашишга қаратилган қонун лйиҳасини қабул қилиш учун йиғилди. Ювалде ва Буффалодаги оилалар, аввалги жуда кўп фожиали воқеалар ҳаракат қилишни талаб этди. Ва бугун биз ҳаракат қиляпмиз».

Янги қонун лойиҳаси мактабларни қўриқлашга қаратилган молиялаштиришни кучайтириш, руҳий саломатликни назорат қилиш ва ўз жонига қасд қилиш олдини олиш дастурларига йирик маблағлар ва бошқа инқирозли вазиятларда қўллаб-қувватлаш хизматларига қўшимча харажатларни кўзда тутади. Шунингдек, қурол сотиб олиш истагида бўлган 18 ёшдан 21 ёшгача одамларни пухтароқ текширишни жорий қилиш ҳам режалаштирилмоқда. Хусусий қурол савдоси устидан назорат анча кучайтирилади.

Бундан ташқари, ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдирувчи одамлар учун қуролдан фойдаланишни чеклаш таклиф этилмоқда, хусусан, маиший зўравонлик учун судланган одамларга ўқотар қурол сотиб олиш имконини берувчи заиф жиҳатлар йўқотилади. Шунингдек, потенциал хавфли одамларга қуролдан фойдаланишни чеклашга ва инқирозли вазиятларда ёрдам дастурини ривожлантиришга йўналтирилган ўз қонунларини ишлаб чиқиши учун штатлар бюджетларига катта маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

«Йиллар давомида ўта ўнглар Конгресс қонунга риоя қиладиган америкаликлар конституциявий ҳуқуқларига ўзгартириш киритиш орқали оммавий қотилликларга оид даҳшатли муаммони еча олади деб ёлғондан ишонтириб келди. Ушбу қонун лойиҳаси унақа эмаслигини исботлайди. Ҳамкасбларимиз соғлом ақлга асосланган оммавий қадамлар пакетини тўплади, улар даҳшатли ҳодисаларнинг эҳтимолини камайтиради, шу билан бирга, фуқароларнинг иккинчи тузатиш (1791 йилдан кучга кирган АҚШ Конституциясига тузатиш, фуқароларнинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини кафолатлайди) билан белгиланган конституциявий ҳуқуқларини бузмайди», — деди республикачи сенатор Митч Макконнелл.

Янги қонун лойиҳаси қатъий чекловларни киритмайди — шунга қарамай, Америка жамиятида унинг кўриб чиқилиши натижалари йиллар давомида қурол айланмаси соҳасида қатъийроқ назорат киритилишини ёқлаб чиққан Демократик партия ғалабаси деб аталмоқда.

Америка ОАВлари қайд этишича, бундан аввалги, муҳимлиги жиҳатидан шунга ўхшаш бўлган қонун 1994 йилда қабул қилинган эди. Ўшанда қурол ишлаб чиқарувчиларига фуқаролар фойдаланиши учун катта ҳажмли ўқдонлар ва ҳужум (штурм) қуроли тоифасига кирувчи автоматик ўқланадиган қуролнинг баъзи турларини чиқариш тақиқлаб қўйилган эди. Тақиқ ўн йил мобайнида амал қилди, аммо 2004 йилда унинг амал қилиш муддати тугади ва республикачилар партияси қаршилиги туфайли узайтира олишмади. Бугунги кунда фақат еттита штатда ва Колумбия округида ҳужум қуроли тақиқланган.

АҚШ ривожланган мамлакатлар орасида ўқотар қуролдан ўлим даражаси энг юқори давлат бўлиб қолмоқда. 2022 йилда қарийб 21 минг киши ҳалок бўлди, шуларнинг 9 мингдан ортиғи ўлдирилган ва 12 мингга яқини ўз жонига қасд қилган. Gun Violence Archive нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, йил бошидан буён мамлакатда 280 та оммавий қотиллик юз берган.

АҚШ Демократлар партияси ва, сўровлар натижалари кўрсатишича, мамлакат аҳолисининг катта қисми қурол айланмаси назорати ҳақидаги мавжуд қонунларнинг кучайтирилиши тарафдоридир. Бундай чораларга қарши бўлганлар (шу жумладан, Америка Миллий ўқчилар уюшмаси*) фикрича, амалдаги қонунларнинг ҳар қандай тарзда ўзгартирилиши фуқароларнинг Конституцияга киритилган иккинчи тузатишда белгиланган, қуролга эгалик қилиш конституциявий ҳуқуқининг бузилиши бўлади. Улар ҳар қандай ён босиш янги талабларни келтириб чиқариши ва охир-оқибат қуролнинг тўлиқ тақиқланишига олиб келишидан хавфсирамоқда.

Бундай одамларнинг асосий далилларидан бири шундан иборатки, қуролга эгалик қилишнинг чекланиши амалда кўпчилик оммавий қотилликларнинг олдини ололмаган бўларди. Кўп ҳолларда америкалик Стивен Пэддок мисол қилиб келтирилади, у 2017 йилда АҚШ тарихидаги энг оммавий қотилликни амалга оширган, ўшанда 59 киши ҳалок бўлиб, 500 дан ортиқ одам яраланган эди. Пэддок қуролни қонуний тарзда сотиб олган — у барча текширувлардан ўтган, муқаддам судланмаган бўлган ва яққол руҳий бузилишлари бўлмаган.

Сўнгги йилларда АҚШда тобора кўпроқ одамлар қурол қўллаш орқали зўравонлик қилиш муаммосини Конституцияга киритилган иккинчи тузатишни бекор қилиш орқалигина ечиш мумкин, деган фикрни билдирмоқда.

Олий суд собиқ аъзоси Жон Пол Стивенс тузатишни бекор қилишга чақирди ва уни XVIII аср сарқити деб атади. Бреннан адлия маркази (Нью-Йорк университетидаги юридик мактаб) илмий ходими Уолтер Шапиро айтишича, «жавонларда, бардачокларда ва тумбочкаларда» қарийб 400 миллион дона қурол сақланадиган жамиятда мавжуд муаммоларни ҳеч қандай ислоҳотлар ҳал қила олмайди.

«Аччиқ ҳақиқат шундаки, муаммонинг илдизи — иккинчи тузатишнинг ўзи. Америка эса иккинчи тузатиш бекор қилинмагунича ёки Олий суд уни тубдан ўзгартирмагунича, бир оммавий қотилликдан иккинчисига қараб ҳаракатланаверади», — деди у.

*Америка Миллий ўқчилар уюшмаси (NRA) — Америкадаги энг қудратли лоббичилик ташкилоти деб аталади. Ташкилот 5 миллиондан зиёд одамни ўз ичига олади, уни кўплаб йирик компаниялар қўллаб-қувватлайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШда қурол айланмаси устидан назорат ҳақида қонун қабул қилинди