09:40 / 29.06.2022
2 677

Украина Донбасс учун жангда илк жиддий мағлубиятга учради

Украина Донбасс учун жангда илк жиддий мағлубиятга учради
Северодонецкдаги украинлар. Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Луганск областининг Украина назоратида қолаётган ҳудудлари учун жанглар апрел ойидан буён давом этмоқда. Украина қуролли кучлари доимий қуршовга тушиб қолиш хавфи борлигига қарамай, 10 ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида душман йўлини тўсиб туришга муваффақ бўлди. Кўпчилик (жумладан Украинада ҳам) йирик йўқотишлардан сақланиш учун қўшинларни олиб кетишни тавсия қилди, аммо қўмондонлик мудофаани кучайтиришга қарор қилди ва Лисичанск ҳамда Северодонецк ҳудудига қўшимча кучлар юборди. Россия армиясининг 21 июн куни Лисичанск жанубида уюштирган навбатдаги юришини тўхтатиш имкони бўлмади.

Эндиликда украин қўшинлари ўта оғир шароитларда қарийб тўла қуршовга олинган Северодонецк ва Лисичанскнинг жанубдаги ҳудудларидан кетишга ҳаракат қилмоқда. Катта эҳтимол билан, улар бутун Лисичанскни ҳам тарк этишига тўғри келади. Чекиниш чоғидаги йўқотишлар қандай бўлиши ва Украина армияси янги позицияларда барқарор фронт тиклай олиши Россия армияси муваффақиятини қандай ривожлантиришига боғлиқ.

Россия армияси жангларда қандай тактика қўллади?

Апрел ойи бошида Россия раҳбарияти Донбасс учун жанг бошланганини эълон қилганди, бу Кремл учун қийин кечаётган урушда бурилиш нуқтаси бўлиши кўзда тутилганди. Россиялик қўмондонлар қаршисида осон бўлмаган стратегик вазифа турарди: куч ва вақт етишмаслиги шароитида зафарли операция олиб борилиши керак эди (бу вақтда украин армияси аҳолининг сафарбар қилиниши ва Ғарбдан қуроллар етказиб берилиши ҳисобига мустаҳкамланаётганди).

Кучлар етишмовчилиги Россия Бош штабини эҳтиёткор бўлиш ва қўшинлар олдига ортиқча амбицияли мақсадлар қўймасликка мажбур қилди.
Вақт етишмаслиги Донбассда Украина қўшинларининг имкон қадар каттароқ гуруҳларини қуршаб олишга қаратилган қатъий операциялар ўтказишни талаб этарди.

Шу билан бирга Россия армияси артиллерия борасида Украинадан яққол устунлиги кўриниб турарди (қўшинлардаги ҳарбийлар сони борасида ортда қолса-да). Шундай қилиб, жанглар шароитида артиллерияни бошқа жойларга кўчириш жуда мураккаблигини инобатга олган ҳолда, жанглардан олдин артиллерия қисмларини асосий участкалар йўналишида жамлаш талаб этиларди.

Россия қўмондонлиги якунда «фронтни парчалаш», яъни Украина армиясини кетма-кет ўтказиладиган кичик кўламли амалиётлар билан ҳолдан тойдириш ва мудофаани тўзғитишни назарда тутувчи консерватив стратегияни танлади.

Бу «фронтни парчалаш» қандай кўринишда бўлди?

Донбасс учун жанг ўхшаш сценарийлардаги кўплаб эпизодларга бўлинади: томонлардан бири (кўп ҳолларда — Россия армияси) бутун минтақа бўйлаб ўтган Шимолий Дон дарёсини кечиб ўтишга, иккинчиси бунга қаршилик қилиш ва ўз плацдармларини сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

Апрел ойида россияликлар армияси Изюм плацдарми орқали йирик юриш амалга оширишга ҳаракат қилди, аммо муваффақиятсизликка учради.
Бир ойлик жанглардан кейин май ойи бошида Рубежное (Северодонецкдан шимолда — Шимолий Дон дарёсининг Россия томонидаги сўл соҳилида) ва Попасная (Лисичанскдан жануби-ғарбда) шаҳарлари эгалланди. Россия армияси фронтни илк бор муваффақиятли ёриб ўтиш ҳолатлари ҳам шу нуқталарда рўй берди: қўшинлар ва «Вагнер» кампаниясининг ёлланма жангчилари Попасная шимолида украинлар мудофаасини ёриб ўтиб, Лисичанск ва Северодонецкдаги украин гуруҳи қуршовга тушиши таҳдидини юзага келтирди. Бу юриш украин ҳарбийларига қўшимча кучлар ёрдамга келиши билан тўхтатилди, аммо Украина қўшинлари таъминотида фойдаланиладиган асосий йўл деярли тўсиб қўйилди: россиялик ҳарбийлар бу йўлда мустаҳкам ўрнашиб қололмади, аммо йўл орқали ҳаракатланган барча турдаги транспорт воситаларига ўт ёғдирилди.

Россия қўшини шимолда Рубежноени эгаллагач, Лисичанскка олиб борувчи, Северск шаҳри орқали ўтувчи иккинчи йўлни ҳам кесиб қўйишга ҳаракат қилди. Уларнинг бу борада муваффақиятга эришган ҳолда Лисичанск ва Северодонецкдаги бутун украин гуруҳи (қўшимча кучлар қўшилгач — 15 минг ҳарбий хизматчи) қуршовга тушиб қолган бўларди. Аммо бунинг учун Россия армияси Шимолий Доннинг ўнг соҳилига ўтиши талаб этиларди. Дарёни кечиб ўтиш учун май ойи бошларида қилинган уринишлар ҳалокатли якунланди: украин артиллерияси дарёдан ўтиш учун ўрнатилган понтон кўприкларни ва дарёдан ўтган техникаларнинг кўп қисмини йўқ қилди (жами 100 га яқин танклар, жанговар пиёдалар машиналари ва муҳандислик машиналари), 400 нафар атрофида россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.

Май ойининг иккинчи ярмида Россия қўшини турли йўналишлар бўйлаб Лисичанск тўсиғи ва Северодонецкка ҳужум бошлади. Қисқа вақт ичида Северодонецкнинг катта қисми эгаллаб олинди, аммо украин ҳарбийлар қўшимча кучлар етиб келгач шаҳарнинг саноат ҳудудида мустаҳкам ўрнашиб, қаршилик кўрсатишда давом этишди. Саноат ҳудудини Лисичанскдан (Северодонецкнинг йўлдош шаҳри) фақатгина Шимолий Дон дарёси ажратиб туради. Бу фактнинг ўзи Северодонецкдаги украин гуруҳи учун мураккаблик туғдирди: бу гуруҳ таъминоти дарё орқали ўтган уч кўприк орқали амалга ошириларди, уларнинг барчаси ҳарбий ҳаракатлар давомида вайрон қилинди (Россия артиллерияси ёки украинларнинг ўзи томонидан). Сўнгги 10 кун мобайнида ҳарбийларга зарур воситалар қайиқлар орқали етказиб турилди, аскарлар эса шаҳарлар ўртасида сузиш орқали ҳаракатланди.

Лисичанск йўналишида эса 18 июндан 21 июнга қадар бир неча у қадар муваффақиятли кечмаган амалиётлардан кейин россиялик ҳарбийлар Тошковка (Лисичанскдан жанубда) ва Врубовка (шаҳардан жануби-ғарбда) посёлкаларини эгаллашди.

Шундан кейин Лисичанск атрофидаги украинлар мудофааси шу қадар заифлашдики, қўмондонлик зудлик билан қўшинларни олиб кетишга буйруқ берди. Чекинишга деярли тайёргарлик кўрилмаганди, шу туфайли бу қарор Украина армияси учун катта қийинчилик туғдирди.

Аввалига Горское ва Золотоедаги қўшинлар олиб кетилиши керак эди, бу ҳудудда 2015 йилдан буён украинларнинг йирик истеҳкоми ташкил этилганди. «ЛХР» кучлари ва россиялик ҳарбийлар 2022 йил мартидан буён бу ҳудудни муваффақиятсиз штурм қилаётганди. Чекиниш, афтидан, тартибсиз кечган ва катта йўқотишлар берилган: «ЛХР» пропагандачилари асирликка тушган ўнлаб украин ҳарбийлари ва ўлжа қилиб олинган катта миқдордаги техника ва қуролларни намойиш этишди. Аммо украин қўшини тўлиқ қуршовга тушиб қолишдан қутулиб қолган.

Золотое ва Горскоедаги қўшинлар олиб кетилиши россиялик ҳарбийлар Лисичанскнинг жанубий чеккасига чиқиши ва украин қўшинлари таъминоти учун Северск орқали ўтадиган ягона йўлга жуда яқин (бир неча километр) келишига олиб келди. Бу Лисичанск ва Северодонецк қуршовга олинишининг назарий эмас, реал таҳдидини юзага келтирди.

23 июн куни украин амалдорлари украин бўлинмалари Северодонецкдаги саноат ҳудудидан эвакуация қилиниши бошланганини маълум қилди (бунинг учун Шимолий Донни қайиқларда кечиб ўтиш талаб этилган). Техникаларни олиб кетишнинг имкони бўлгани даргумон (саноат зонасида бир қанча танклар ҳам қолган).

Лисичанскдан ҳам чекиниш бошланган (камида кучларнинг бир қисми). Россиялик ҳарбийлар уларни таъқиб қилишга уринмоқда: хабарларга кўра, улар аллақачон Шимолий Донни Лисичанскдан шимолда кечиб ўтишни бошлаган.

Лисичанскда бўлиб турган ғарблик корреспондентлар чекиниш жараёнини «хаотик» дея таърифлайдилар: «Атрофда [украинларнинг] баравар ўт очиш тизимлари ўт очмоқда ва [россияликларнинг реактив снарядлари] келиб тушмоқда, самолётлар ракеталар йўлламоқда; қаердадир [АҚШ етказиб берган] M777 гаубицалари турибди. [Йўлда] — [украин] аскарларини Бахмут томонга олиб кетаётган машиналар карвони».

Буёғига нима бўлади?

Барчаси Украина армиясининг мағлубияти қанчалик оғир бўлишига боғлиқ. Бу ўз навбатида, Украина қўмондонлиги ва қўшинлари оғир шароитларда чекинишни ташкиллаштира олиши ёки аксинча, россиялик ҳарбийларнинг чекинувчиларни қандай таъқиб қилишига боғлиқ. Икки томонга ҳам вазифани уддалаш осон эмас.

Украин қўмондонлиги аллақачон Северскдан Бахмутгача иккинчи мудофаа линиясини ташкил этган. Бахмут ҳудудида йирик украин захира кучларини пайқашган (уларнинг бир қисми жангга ташланган бўлиши ҳам мумкин). Аммо Лисичанскдаги ҳарбийлар бу линиягача етиб олиши ҳам керак: маршрут россияликлар артиллерияси томонидан ўққа тутилмоқда; Россия авиацияси ҳам ҳаракатда. Украин қўшини чекиниш чоғида оғир йўқотишларга учраши ва оғир техникаларнинг бир қисмини бой бериши эҳтимолдан холи эмас. Бундай сценарийда Луганск областининг қолган ҳудудини нима қилиб бўлмасин бу қадар узоқ муддат давомида мудофаа қилиб туриш хато ҳисобланади. Сўнгги ҳафталарда украин армияси Россия қўшинига ўзига етказилганидан кўра кўпроқ йўқотишлар келтирадиган зарбалар бериши қийин бўлди; фронтда инқироз юзага келди ва бу яхши ташкиллаштирилган чекиниш имкониятини пасайтириб юборди. Украин раҳбарияти мухолифлари бир неча ҳафта олдин чекинишни тавсия қилаётганди.

Шу билан бирга, россиялик ҳарбийлар ҳам рақиб мудофааси ичкарисига кириб бора оладиган кўринмаяпти. Бундан ташқари, улар устунликни таъминлайдиган ўз артиллерияси «соябони»дан чиқишни истамайди. Россия армиясининг бу босқичдаги асосий тактикаси — Украина позицияларини кўп кунлар давомида оғир артиллериядан ўққа тутиш ва кейин эҳтиёткорлик билан ҳужумга ўтиш бўлмоқда. Катта эҳтимол билан, бундай шароитда улар «Лисичанск котели»ни ёпиб, рақибнинг чекиниш йўлини — қўшиннинг катта қисми олиб кетилмагунча тўса олишмайди. Ҳудуд рельефи ҳам қўшимча мураккаблик келтириб чиқаради: россияликларнинг Лисичанскдан жануби-ғарбдаги позициялари ва украин қўшини чекинаётган йўл оралиғида яна бир саноат ҳудуди жойлашган — бу сафар Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводи. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Донбасс учун жангда илк жиддий мағлубиятга учради