Керосин учун навбат. Фото: EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Шри-Ланка мустақилликка эришганидан буён энг оғир молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Кундалик истеъмолдаги маҳсулотлар нархлари кескин кўтарилиб кетган, инфляция 50 фоизга етган.
Ҳиндларнинг машҳур эпоси «Рамаяна»даги ёвуз қаҳрамон Раваннинг юрти бўлмиш Ланка (ҳозирда Шри-Ланка) шундай ёмон кунларни бошдан кечирмоқдаки, ҳозир уларга Раваннинг жанговарлиги ҳам, унинг эпосдаги ўғли Индражитнинг камонбозлиги ҳам ёрдам бера олмаган бўларди. Чунки муаммо илмсизлик ва сулолавий бошқарув ортидан келиб чиққан.
Шри-Ланка мустақил давлат сифатида шакллангандан буён ўз тарихидаги энг оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Кунлик сотиб олинадиган маҳсулотлар нархи кўтарилиб кетди, инфляция 50 фоизгача етди. Оқибатда мамлакатда мисли кўрилмаган намойишлар кузатилиб, давлат раҳбарлари чеккага суриб ташланди.
Инқироз бошлангандан буён мамлакатда гўшт нархи тўрт баравар кўтарилган. Оқибатда одамлар камроқ гўшт ейишни одат қилиб, сабзавот ва ун маҳсулотлари истеъмолига ўтган. Ланкаликлар овқат пиширишда асосан керосинли примуслардан фойдаланишади. Керосин етишмовчилиги сабаб уни сотиб олишда катта навбатлар кузатила бошлади, одамлар кундалик овқатини пишириб ейишга ҳам қийналиб қолди. Пойтахт Коломбода ҳам одамлар кўчаларга ўтин излаб чиқди.
Энергетика инқирози шу даражага етдики, жамоат транспорти ва тез ёрдам машиналари учун ёнилғи топилмай қолди. Икки ҳафта илгари ҳукумат ёнилғи қуйиш шохобчаларига шахсий машиналарга бензин сотишни тақиқлади. Бу эса одамлар норозилигига сабаб бўлиб, нархлар янада қимматлашишига олиб келди. Шохобчаларни армия ва полиция қўриқлай бошлади. Аксига олиб мамлакатда ёнилғини четдан сотиб олишга пул йўқ.
Фото: EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам буткул «ўтириб қолди», энг зарур дори воситалари тақчиллиги кузатилмоқда. Мактаблар ёпилган, кўпчилик йўлкирага харажат қилмаслик учун уйдан ишлашга рухсат сўраган. Ҳиндистондаги каби Ланкада ҳам рикша энг машҳур транспорт воситаси ҳисобланади. Киракашлар соатлаб навбат кутиб ёнилғи олишга мажбур.
Душанба куни мамлакатнинг бир неча туманларида газ ва электр етказиб бериш қисман тикланди. «Заправка»ларда ёнилғи пайдо бўлди, пойтахт Коломбога озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кела бошлашди. Аммо ўз курсисини сақлаб қолишга уринган ҳукумат раҳбарлари бу ишларни қилишга кеч қолганди: бу вақтда одамлар мамлакат президенти Готобая Ражапасканинг қароргоҳига бостириб кирган, ундаги ҳашаматдан ҳайратланиб, бассейнларида чўмилишга ҳам улгуришганди. Қўшимчасига бош вазир Ранила Викрамасингҳнинг қимматбаҳо вилласи ёқиб юборилди.
Полиция намойишчиларга айтарли қаршилик ҳам қила олмади. Уларнинг кўздан ёш сиздирувчи гранаталари минглаб одамларни тўхтата олмади. Намойишларда ҳеч ким ҳалок бўлмагани айтилмоқда, 30 киши жароҳатланган.
Тўполон бошланганда мамлакатнинг икки асосий раҳбари тумтарақай бўлиб қочиб қолишди, ҳозир ҳам давлатнинг боши йўқ. Президент қўшни давлатга қочгани ва 13 июлда қайтиши айтилди.
Инқирозга нима сабаб бўлди?
Шри-Ланкада яшаш нархи бир йил ичида 50 фоизга қимматлашди. Фото: GETTY IMAGES
Шри-Ланкада озиқ-овқат маҳсулотлари ўтган йилгига қараганда 50 фоизга қимматлашиб кетди. Озиқ-овқат инқирозининг асосий сабаби сифатида давлатдаги пул етишмовчилиги келтирилмоқда. 2020 йилда ялпи ички маҳсулоти ҳажми 80 миллиард доллар бўлган, қарийб 22 миллион одам яшайдиган каттагина давлатнинг валюта захиралари тугаб битган, шу сабаб энг керакли озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга ҳам шароит йўқ. Жорий йил май ойида Шри-Ланка ўз тарихида илк марта ташқи қарз бўйича мажбуриятларини бажара олмади.
Ҳукумат барчасига коронавирус пандемияси сабаб бўлгани айтишдан чарчамаяпти. Цейлон сайёҳлар учун машҳур йўналиш ҳисобланади. Пандемия сабаб сайёҳлик сектори ишламай қолиб, мамлакат катта миқдордаги хорижий валютадан қуруқ қолди. 2019 йил мамлакатдаги черковларда амалга оширилган давомли терактлар шундоғам сайёҳлик ривожига салбий таъсир кўрсатганди.
Аммо иқтисодий экспертлар Шри-Ланка барча муаммоларига ўзи сабабчи деб ҳисоблашмоқда. Уларнинг фикрича, 2009 йилги фуқаролик урушидан кейин мамлакат ташқи бозорга чиқиш ўрнига ички бозорга эътибор бериб хато қилган. Оқибатда экспорт ҳажми камайиб, импорт ҳажми кескин ортиб кетган.
Аста-секин иқтисодиётни издан чиқарадиган импорт ва экспорт ўртасидаги фарқ катталашиб борди. Бу фарқ йилдан йилга ошиб 3 миллиард долларгача етди. 2019 йилда мамлакатнинг хорижий валютадаги захиралари ҳажми 7,6 миллиард долларни ташкил этарди, яқинда ҳукумат раҳбарлари захирада атиги 50 миллион доллар қолганини айтишди. Етмаганига сиёсатчилар ташқи қарзни керак бўлмаган соҳаларга ишлатиб, иқтисодий ҳолатни янада танг ҳолатга келтириб қўйган.
Иқтисод қилиш учун ўғит сотиб олишдан воз кечиш ҳосил яхши бўлмаслигига олиб келди ва бу муаммоларни янада оғирлаштирди
Фото: GETTY IMAGES
Қишлоқ хўжалигида ўғит сотиб олишга пул сарфлашни исташмагани боис ҳосил камайиб, вазият янада кескинлашди. 2021 йилда иқтисодий инқироз очиқчасига кўрина бошлаган вақтда ҳукумат фермерларни маҳаллий ўғитдан фойдаланишга мажбурлади ва кимёвий ўғит сотиб олишни истамади. Ҳосил камайиб кетгач, четдан маҳсулот сотиб олиш кутилганидан аввал бошланди ва бу валюта захиралари тугашини тезлаштирди.
Шри-Ланка кимдан қанча қарз?
Айни дамда мамлакатнинг ташқи қарзи 51 миллиард долларни ташкил этади. Энг катта қарз Хитойдан – 6,5 миллиард доллар. Ҳозир ҳукумат Хитой билан қарзни тўлашни кечиктириш ёки унинг усулларини ўзгартириш борасида музокара ўтказмоқда.
Жорий йилнинг ўзида Шри-Ланка 7 миллиард доллар қарзини тўлаши керак. Кейинги йилларда ҳам тўлов тахминан шундай кўринишда бўлади. Жаҳон банки Шри-Ланкага 600 миллион доллар қарз бериши ҳақида эълон қилди. Ҳиндистон 1,9 миллиард қарз бериб турмоқчи, шунингдек, импорт маҳсулотлари кўринишида яна 1,5 миллиард қарз бериши ҳам мумкин. «Катта еттилик» давлатлари ҳам Шри-Ланкага ташқи қарз борасида енгиллик бермоқчи.
Ҳукуматнинг инқироздан чиқиш режаси борми?
Шри-Ланка аҳолиси президент истеъфосини талаб қилмоқда, у кетишни ваъда қилган, аммо қачонлиги номаълум
Фото: GETTY IMAGES
Ҳозирда ҳукумат Халқаро валюта фондидан тезлаштирилган тартибда 3 миллиард доллар ёрдам сўрамоқчи. Вазифаси дунё иқтисодиёти издан чиқишининг олдини олиш бўлган фонд эса Шри-Ланкадан солиқларни ошириш, ҳисоб ставкасини кўтаришни талаб қилмоқда. Шундагина заёмлар ҳақида гапириш мумкин бўлади.
Бош вазир Ранил Викрамсингҳнинг айтишича, мамлакат шунчалик қийин кунларни бошдан кечирмоқдаки, маошларни тўлаш учун ҳатто пул зарб қилишга тўғри келиши мумкин. Бу эса нархларни янада ошириб, инфляцияни кўтариб юборади. Ҳукумат ҳозирда Россия ва Кувайт билан нефтни чегирма билан сотиш борасида ҳам музокара ўтказмоқда.
Президент ва бош вазир бирдамликни таъминлай оладиган ҳукумат шаклланиши учун тўполонлардан кейин истеъфога чиқишини маълум қилган. Аммо улар қачон истеъфо бериши ҳам аниқ эмас. Ҳозирда сиёсий партия етакчилари инқироздан қандай чиқиш борасида маслаҳатлашмоқда, аммо мамлакатни бошқаришга номзод ҳам, бу борада аниқ режа ҳам йўқ. Ўз навбатида, президент қароргоҳини эгаллаб олган намойишчилар Ражапаска истеъфога чиқмагунча у ерни тарк этмаслигини маълум қилган.
Ражапаксанинг қароргоҳини эгаллаб олган намойишчилар президентнинг бассейнида чўмилишди ва у истеъфога чиқмагунча тарқалмасликларини айтишди. Фото: GETTY IMAGES
Шри-Ланка ниманинг ҳисобига яшарди?
1948 йил Британиядан мустақил бўлиб ажралиб чиққан Шри-Ланка асосан чой, қаҳва, каучук ва зираворлар экспорти ҳисобига кун кўради. Машҳур импра қора чойи айнан кўҳна номи Цейлон бўлмиш Шри-Ланкада ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотлар экспорти ва сайёҳликдан тушган маблағлар мамлакатнинг асосий даромад манбайи ҳисобланади.
Мамлакат ушбу маҳсулотлар экспортига шунчалик боғланиб қолганки, экспорт миқдори озгина камайиши ҳам иқтисодий тангликка олиб келади. Шу сабаб 1965 йил Ланка ҳукумати Халқаро валюта фондидан 16 марта заём олишига тўғри келган.
Шармандали ислоҳот
2019 йилда юқорида айтилган терактлар сабаб мамлакатга келадиган сайёҳлар сони 80 фоизга камайиб кетади. Бу эса давлат бюджетида дефицитни келтириб чиқарган. Бунинг устига собиқ бош вазирнинг укаси бўлмиш амалдаги президент Ражапаска одамларнинг меҳрини қозониш учун популистик ҳаракатни амалга ошириб, қўшимча қиймат солиғини 15 фоиздан 8 фоизга туширади. Корпоратив солиқ 28 фоиздан 24 фоизга камайтирилади, кўчмас мулк солиғи, даромад солиғи ва комиссион тўловлар бутунлай бекор қилинади. Оқибатда бюджетга тушумлар йилига 1,4 миллиард долларгача камайиб кетади.
Айни дамда мамлакат Марказий банки раҳбарига айланган иқтисодчи Нандал Вирасингҳнинг айтишича, президент сайловдан кейин солиқларни бекор қилиши сюрприз бўлган, бу борада иқтисодчилар билан маслаҳат ҳам қилинмаган.
Юқорида айтилган ўғит сотиб олмаслик бўйича қарор ҳам аҳволни оғирлаштириб юборган. Озиқ-овқат маҳсулотлари камайиб кетгани сабаб нархлар кўтарила бошлади: апрелда 80 рупия (0,34 доллар) бўлган 1 кило гуруч нархи 500 рупиягача (2,1 доллар), 400 граммли сут нархи эса 60 рупиядан (0,25 доллар), 250 рупиягача (1 доллардан кўпроқ) қимматлади. Июлга келиб озиқ-овқат нархи 57 фоиз кўтарилди. 70 фоиз оилалар эса тежамкорлик сабаб ёмон овқатлана бошлаганини айтишди.
Оилавий давлат
Одамларнинг айтишича, Ражапаска ва оиласи ҳукуматни тарк этмас экан, Цейлонда нимадир ўзгармайди. Ҳозирги президентнинг акаси Моҳинда Ражапаска мамлакатни 2005 йилдан 2015 йилгача бошқаради, кейин бир неча йил бош вазир бўлади. 2019 йилги сайловларни ютган Готабая Ражапаска эса қариндошларини, жиянларини ҳукуматга олиб кела бошлади. Унинг укалари Басил ва Шамал молия вазири ҳамда ирригация вазири бўлди, яна бир жиянини спорт вазири қилди.
Етмаганига икки ака-ука ўртасида келиб чиққан сиёсий низо 21 миллиондан ортиқ одамларнинг яшаш тарзини қашшоқлаштиришда давом этди. 2015-19 йилларда мамлакат президенти бўлган Майтрипал Сирисенанинг айтишича, мамлакат буткул йўқолиб кетиши ҳам мумкин. «Мамлакат сиёсий сулолалар қандай ишлашини билиб олди», деди сиёсатчи «биринчи оила»ни назарда тутиб.
Давлат ишчиларига мамлакатни тарк этиш таклиф қилинди
Ҳозир Шри-Ланкада оддий мактаблар ҳам ёпиқ, чунки ўқувчилар, ўқитувчилар унгача етиб бора олишмайди, транспорт ҳаракати тўхтаган. Тез ёрдам ишламагани сабаб одамлар оддий касалликдан ҳам ўла бошлаган.
Иқтисодий сектордаги давлат ишчиларидан 5 йилгача ҳақ тўланмайдиган таътил олиб, хорижга иш излаб кетиш ва мамлакатда қолган қариндошларига пул билан ёрдам қилиш сўралган. Аммо мамлакатни тарк этиш ҳам осон эмас. Ҳужжат олиш учун узундан узун навбатлар, паспорт алмаштириш учун ойлаб кутиш керак, самолётлар йўқ. Одамлар қайиқда Ҳиндистонга кетишни бошлаб юборган. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин