
Буюк Британия қироллик ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли Typhoon қирувчи самолётлари НАТОнинг «Шарқий қўриқчи» деб номланган муҳим операцияси доирасида Полша ҳаво ҳудудини қўриқлаш миссиясида иштирок этади. Уларга юклатилган асосий вазифа — Россия ҳаводан келаётган таҳдидларига, шу жумладан учувчисиз аппаратларига қарши туришдан иборат. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати 15 сентябр, душанба куни тарқатган расмий баёнотда маълум қилинди.
Баёнотда таъкидланишича, Британия қироллик ҳаво кучлари НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлашда Германия, Дания ва Франция ҳарбий-ҳаво кучлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилади. Бу қадам «Россия учувчисиз учоқлари томонидан Полша суверен ҳаво ҳудудининг эҳтиётсиз ва хавфли тарзда бузилиши» ҳамда 13 сентябрь куни Руминия ҳаво маконида қайд этилган шунга ўхшаш воқеалардан сўнг эълон қилинди. НАТО бу ҳолатларни ҳаво ҳудуди бузилиши бўйича энг жиддий воқеалардан бири сифатида баҳоламоқда.
Маълум қилинишича, Британиянинг Typhoon қирувчилари Линколнширдаги Конингсби ҳарбий базасида жойлаштирилади ва яқин кунларда Полша ҳавоси устидан патруль парвозларини бошлайди. Уларга Оксфордширда жойлашган Брайз-Нортон авиабазасидан Voyager ёнилғи тўлдирувчи самолётлари ҳамда махсус логистика гуруҳлари хизмат кўрсатади.
Бу миссия нафақат Польша, балки бутун НАТО ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш, Россиядан келаётган эҳтимолий хавфларни бартараф этиш ва иттифоқдошлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш йўлида муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 