22:48 / 22.07.2022
1 758

МРБ раҳбари Россиянинг Украинага босқини ва Путиннинг бетоблиги бўйича миш-мишлар ҳақида

МРБ раҳбари Россиянинг Украинага босқини ва Путиннинг бетоблиги бўйича миш-мишлар ҳақида
Фото: EPA
Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнснинг ҳисоблашича, миш-мишларга терс ўлароқ, Путиннинг саломатлиги жойида. У ўз чиқишида Россиянинг Украинага босқин давридаги ҳарбий йўқотишлари, Путиннинг уруш бошлаш учун сабаблари ҳамда Россиянинг Эрон билан яқинлашуви бўйича ҳам муносабат билдирди.

«Президент Путиннинг соғлиғи ҳақида кўп миш-мишлар юрибди. Аммо шуни айтишимиз мумкинки, у соппа-соғ», дея қайд этди Бёрнс Колорадо штатидаги йирик халқаро конференция иштирокчиларидан тушган саволга жавобан.

Аудиторияда кўтарилган кулгидан кейин АҚШ ташқи разведкаси раҳбари ва ўтмишда Американинг Москвадаги элчиси сифатида Россия етакчиси билан яқин алоқада бўлган Бёрнс бу ўз хизматининг россияликлар президенти соғлиги борасидаги разведка маълумотларига асосланган расмий хулосаси эмаслиги, гап ўз шахсий фикри ҳақида кетаётганини таъкидлаган.

Путин шу йили 70 ёшга чиқади ва ОАВда мунтазам равишда унинг қандайдир касалликка чалингани, эҳтимол онкологик касалликлардан азият чекиши тўғрисида тасдиқланмаган хабарлар чиқиб туради.

Хусусан, «Проект» нашри давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар асосида 2016 йилдан 2020 йилга қадар Путиннинг Сочига сафарларига шифокорлар бригадаси ҳамроҳлик қилгани тўғрисида ёзган. Кўп ҳолларда у билан икки нафар отоларинголог шифокор (улардан бири Путинга 59 бор, бошқаси - 38 бор) ва қалқонсимон без муаммолари бўйича мутахассис бўлган жарроҳ (35 бор) учган.

Путиннинг шу ҳафтада Эронга ташрифи вақтида олинган кадрлар ҳам унинг саломатлиги билан боғлиқ мавзу контекстида фаол муҳокама қилинди: хусусан, ОАВ унинг ноодатий қадам ташлашига эътибор қаратган.

Путин ўз саломатлиги тўғрисида жиддий қайғуради. Украинага босқин ҳам, тўрт бор коронавирусга қарши вакцина олгани ҳам, пандемия кучсизлашгани ҳам Россия президенти билан учрашадиганлар учун карантинни бекор қила олмаган.

2005-2008 йилларда АҚШнинг Россиядаги элчиси сифатида ишлаган Бёрнс пайшанба кунига ўтар кечаси Аспендаги хавфсизлик масалаларига бағишланган форумда чиқиш қилди - ҳар йили ўтказиладиган бу йирик конференцияга долзарб глобал муаммолар муҳокамаси учун дунёнинг турли бурчакларидан юқори мартабали сиёсатчилар ташриф буюришади.

Форумда Бёрнсга йўлланган деярли барча саволлар Россия ва Украина мавзусига бағишланди.

Уильям Бёрнс 2005-2008 йилларда Москвада элчи бўлган. Фото: GETTY IMAGES
Шу кунларда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия тажовузини қайтариш учун Украинага яна камида саккиз дона HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари юбориш мажбуриятини олди - бунгача Украина қуролли кучларига жами 12 дона шундай қурилма етказиб берилганди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Россия Украинага босқин «географиясини кенгайтирмоқчилиги» ҳақида гапирганди.

Бёрнсдан Россиянинг Украинага босқини даврида кўрган ҳарбий талафотлари бўйича баҳосини бериш ҳам сўралди.

«АҚШ разведка ҳамжамиятининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, 15 000 га яқин Россия ҳарбийси ҳалок бўлган ва бундан уч баравар кўпи яраланган. Шундай қилиб, йўқотишлар жуда катта. Украиналиклар ҳам талафот кўрган — бироз камроқ бўлиши мумкин, аммо, сизга маълумки, бу ҳам катта йўқотиш», деган МРБ директори.

Бёрнс бу маълумот қайси кунгача бўлган ҳисоб-китобларга асосланганига аниқлик киритмаган, аммо бу рақамлар бунга қадар Украина томони ва Ғарбдаги бошқа давлатлар махсус хизматлари томонидан келтирилганидан анча камроқ кўринади.

15 минг қурбон - бу кўпми ёки кам?

Ольга Ившина, BBC
Марказий разведка бошқармаси директори Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 15 минг экани ҳақида келтирган маълумотни турлича тушунтириш мумкин.

Бир томондан, советлар иттифоқи Афғонистондаги қарийб 10 йиллик урушдаги йўқотишлари сони шунча бўлганди. Бошқа томондан, бу ҳозиргача берилган маълумотлар орасида энг кичик рақамлар. Британия разведкаси июн ойидаёқ россияликлар орасидаги қурбонлар сони 15-20 минг атрофида эканини айтганди.

Шу кунларда Украина қуролли кучлари Бош штаби 38 750 қурбон ҳақида маълумот бериб, бу тахминий ҳисоблар эканини қайд этган.

Бизда биринчи қўлдан маълумот йўқ: Россия мудофаа вазирлиги иккинчи ва сўнгги бор ўз йўқотишлари сони ҳақида 25 март куни маълумот берганди: 1351 қурбон. Ўшандаёқ бу рақам ҳаддан ташқари пасайтирилган кўринганди.

BBC рус хизмати, «Медиазона» ва кўнгиллилар гуруҳи очиқ манбалар асосида уруш қурбонлари ҳақида маълумот йиғиб келади. Табиийки, бу ҳақиқий кўламни ифодалай олмайди: гап фақат номма-ном тасдиқланган қурбонлар сони ҳақида кетади. 22 июл ҳолатига кўра, 4940 нафар ҳарбий ўлими расман тасдиқланган.

Бунга қанча қурбонлар кирмай қолгани ҳақидаги тасаввурни ҳудудий қабристонлардаги вазият ҳосил қилиши мумкин. BBC Калининграддан Хабаровскка қадар ҳудудда 30 дан ортиқ қабристондаги вазият билан танишган. Уларнинг ҳар бирида кўплаб аскарлар дафн этилган ва уларнинг бир қисмининг вафоти ҳақида расман хабар берилмаган, бундайлар улуши 30 фоиздан 100 фоизгача етади.

Бу кузатишлар асосида тахмин қилиш мумкинки, BBC юритаётган рўйхатдаги рақамлар Россияда чиндан ҳам дафн этилган уруш қурбонларининг ҳақиқий сонининг ярмини ташкил этиши мумкин, холос. Шундай вазиятни ҳисобга олган ҳолда BBC’нинг Россия армияси йўқотишлари ҳақидаги маълумотлари МРБ раҳбари тилидан янграган рақамларга мос келади.

Катта эҳтимол билан Россиянинг йўқотишлари тўғрисида тарқалаётган рақамларнинг турлича бўлиши (МРБдан тортиб Украина Бош штабигача берган маълумотлар) терминология ва ҳисоблаш методлари билан изоҳланади.

Айримлар Россия томони йўқотишларига «ДХР» ва «ЛХР» кучларининг йўқотишларини ҳам, шунингдек, «Вагнер» ва бошқа хусусий ҳарбий кампаниялар сафидаги ёлланма жангчиларни ҳам қўшади. Ишончли маълумотларга кўра, бу икки категориядаги кучларнинг йўқотишлари ҳам бир неча мингларда ифодаланади (биргина Донецкда 2400 ҳарбий ўлими тан олинган). Агар Россиянинг «бедарак кетган» ҳарбийлари, шунингдек, Донецк ва Луҳанск «халқ милиция»си кучларидаги йўқотишлар ҳам қўшилса, якуний рақамлар кескин ўсади.


VLADIMIR GERDO/TASS
«Назорат, қўрқитиш, ҳисоб-китоб»

Бёрнс 20 йилдан ортиқ вақт давомидаги ўзаро мулоқотлар ва Россия раҳбарини кузатиш орқали Путин назорат, қўрқитиш ва ҳисоб-китоб қилиш каби қоидаларга қаттиқ амал қилиши ҳақида хулосага келган. Сўнгги ўн йилликда унда бундай ишонч фақат мустаҳкамланган - натижада унинг атрофидаги маслаҳатчилар доираси торайган.

«У ўз чекига Россияга буюк держава мақомини қайтариш вазифаси тушган деб ишонади. Бунга эришиш учун, унинг фикрича, қўшнилар устидан таъсир доирасини қайтариш керак ва бу Украина устидан назоратни қайтаришсиз амалга ошмайди», деган Бёрнс.

Ноябр ойида Бёрнс Москвада икки кун бўлиб, россиялик ҳарбийлар тўпланиши натижасида Россия-Украина чегарасидаги юзага келган кескинликни юмшатиш мақсадида Россиянинг юқори мартабали шахслари билан мулоқот қилганди. МРБ раҳбари ўшанда ортга катта хавотир билан қайтганини айтганди.

Бёрнснинг фикрича, Россия раҳбарининг режалари жуда хато тахминларга, шунингдек иллюзияларга асосланган - у айниқса Украинанинг қаршилик кўрсатиш учун ирода кўрсатиши борасида қаттиқ янглишган.

«Путин ўз риторикасига қаттиқ ишонади. Кўп йиллар давомидаги ўзаро суҳбатларимизда ундан Украина - ҳақиқий мамлакат эмаслиги ҳақида бир неча бор эшитганман. Ҳақиқий давлатлар эса бунга қарши чиқади. Айнан украинлар шундай қилмоқда», деган МРБ раҳбари.

Россия ва Эрон

Бёрнснинг дипломатик фаолияти бир неча ўн йилларни ўз ичига олади.

Хусусан, 2015 йилда у АҚШ Давлат котиби ўринбосари бўлган ва Эрон билан ядровий келишувга эришиш борасида кўп саъй-ҳаракатларни амалга оширган - бу давлат санкциялар бекор қилиниши эвазига ўз ядровий дастурини фақат тинч мақсадларда ривожлантириши борасида халқаро келишувга эришиш учун кўп йиллар мобайнида иш олиб борилган.

Лекин Доналд Трамп даврида АҚШ бу келишувдан чиқиб кетди, республикачи президент буни келишув Теҳрон ўз ядро қуролини ишлаб чиқаришини тўхтатишини кафолатламаслиги, шунингдек Эронни ўзининг асосий рақиби сифатида кўрувчи Исроилнинг хавфсизлигини таъминламаслиги билан изоҳлаган.

Шу ҳафта бошида Эронга Россия президенти Владимир Путин ташриф буюрди. 2020 йил бошидан буён коронавирус пандемияси туфайли Путин хорижга чиқишни тўхтатиб қўйганди, феврал ойида Украинага босқин бошланганидан кейин эса у фақат бир март хорижга чиқди - июн ойи охирида Тожикистон ва Туркманистонга келди.

Россия ва Эроннинг ҳозирги яқинлашуви борасидаги саволга жавоб бераркан, Бёрнс бу яқинлашув хавотир уйғотмай қолмаслигини айтган. Унинг фикрича, Эрон Россияга ҳарбий дронлар етказиб беришдан олдин икки марта ўйлаб кўриши керак - аввалроқ Америка разведкаси эронликлар Россияни Украинада қўллаш мумкин бўлган ҳарбий дронлар билан таъминлаши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Эрон ва Россия нафақат дўстлар, балки рақиблар ҳамдир. Фото: Reuters
Аммо шу билан бирга, МРБ раҳбарининг қайд этишича, Путин Эронга шундай қуроллар сўраб мурожаат қилаётгани фактининг ўзи Россияда мудофаа сектори анча заифлашганидан далолат беради.

«Биз кўрган бу барча фотосуратлар ортидаги реаллик шундаки, Россия ва Эрон бир-бирига муҳтож. Икки мамлакат ҳам федерал санкциялар остида, иккиси ҳам сиёсий изоляциядан чиқишни истайди. Аммо улар бир-бирига муҳтож бўлса-да, бир-бирига қаттиқ ишона олмайди. Тарихан улар энергетика секторида ўзаро рақиблар бўлишган.

Менинг назаримда, айни вақтда уларнинг бир-бирига ёрдам бериш имкониятлари чегараланган
», деган Бёрнс.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » МРБ раҳбари Россиянинг Украинага босқини ва Путиннинг бетоблиги бўйича миш-мишлар ҳақида