11:00 / 25.07.2022
3 187

Дарвиннинг «даҳшатли сири»

Дарвиннинг «даҳшатли сири»
Чарлз Дарвин ўзининг эволюция назариясида ёввойи табиат ривожланишининг табиий жараёнини тасвирлаб берган.

Чарлз Дарвиннинг «даҳшатли сири» атамаси кўпчиликка маълум. Сир эмаски, буюк олим ердаги гулли ўсимликларнинг келиб чиқишини эволюция нуқтаи назаридан тушунтириб бера олмаган. Бугунги кунга келиб маълум бўлдики, гулли ўсимликларнинг пайдо бўлиш сирини билиш учун Дарвин умрининг охиригача меҳнатини сарфлаган ва бу жумбоқ уни охирги кунларигача қийнаган.

Лондондаги Қиролича Мери университетининг эволюцион биологи, профессор Ричард Баггс архив ҳужжатларини таҳлил қилар экан, Дарвиннинг ўлимидан бир неча йил олдин унинг ўта ашаддий рақиби – шотландиялик ботаник Уилям Каррутерс пайдо бўлганлигини аниқлади.

Каррутерс гулли ўсимликларнинг келиб чиқиши ҳақида креационистик назарияга амал қилиб, улар илоҳий аралашув туфайли пайдо бўлган, деб ҳисобларди ва матбуотда Дарвин бу масала бўйича табиий илмий изоҳ беришга қодир эмаслигини таъкидлади.

Дарвиннинг эволюция назариясидаги бу бўшлиқ оммага маълум бўлгач, унинг фан оламидаги мавқеига путур етиш хавфи пайдо бўлди.

Ричард Баггснинг сўзларига кўра, кейинчалик бу ибора туғилди - the abominable mystery – даҳшатли ёки жирканчли сир.

Дарвиннинг «даҳшатли сири» нимада?

Ушбу атама биринчи марта Чарлз Дарвин томонидан 1879-йилда ўз дўсти, тадқиқотчи ва ботаник Жозеф Хукерга ёзган мактубида ишлатилган. У хатида геологик меъёрлар бўйича юксак ўсимликлар турларининг жадал суръатда пайдо бўлиши, даҳшатли сир эканлигини ёзган.

Гап гуллар ва гуллайдиган (ёпиқ уруғли) ўсимликлар ҳақида кетаётган бўлиб, уларнинг ўзига хос хусусияти - бу жинсий кўпайиш органларининг мавжудлиги эди. Уларга ер юзидаги кўплаб ўсимликлар киради - нилуфар, кактус ва шу жумладан кўплаб мевали дарахтлар ҳам.

Дарвин уларнинг келиб чиқиш ва эволюция жараёнини тушунтириб бера олмади. Гулли ўсимликлар бошқа турларга қараганда ер юзида нисбатан кеч пайдо бўлган ва жуда тез фурсатда хилма-хил ранглар, ўлчамлар ва шаклларга эга бўлган эди.

«Қазилма қолдиқлари маълумотларига кўра, гулли ўсимликлар (Angiospermae), тахминан 100 миллион йил олдин-бирданига, бўр даврида пайдо бўлган. Уларнинг бундан олдин мавжуд бўлган ўсимликларга бирорта ўхшашлиги йўқ. Бундан ташқари, уларнинг ташқи кўриниши турли кенжа турлар бўйича белгиланган» - дейди профессор Баггс.

Айнан шу тўсатдан юз берган ҳодисани тушунишга интилиш Чарлз Дарвинга ором бермас эди:
Нима учун эволюция тартиб билан бўлмади? Игнабаргли дарахтлар (Gymnospermae) ва гулли ўсимликлар орасидаги оралиқ шакллар қаерга кетган? Ва қандай қилиб гулли ўсимликлар дарҳол турли хил вариантларда пайдо бўлиши мумкин?

Дарвин бу ўсимликларнинг флора ва фаунанинг бошқа кенг турларидан, шу жумладан сут эмизувчилардан фарқли ўлароқ, ривожланишнинг кетма-кет босқичларидан қандай қутулиб қолганини тушунмади. Буларнинг барчаси табиий танланишнинг асосий тамойилларидан бирига зид эди, унга кўра табиат тўсатдан сакрашлар қилмайди.

Дарвин узоқ вақт давомида гулли ўсимликлар баъзи бир ҳали очилмаган орол ёки қитъада пайдо бўлган ва ривожланган деган фикр билан ўзини юпатди.

1881 йил августда, ўлимидан бир неча ой олдин у Хукерга шундай деб ёзган эди: «Мен учун ўсимликлар олами тарихида юксак ўсимликларнинг кутилмаган ва тез ривожланишидан кўра ғайриоддийроқ нарса йўқ. Баъзан менга асрлар давомида Жанубий қутбга яқин жойда узоқ ва йўқолган қитъа бўлган бўлиши мумкиндек туюлади».

Каррутерснинг ҳужумлари

Кю Қироллик ботаника боғи кутубхонасида профессор Баггс 1876-йилда шотландиялик ботаник Уилям Каррутерснинг Геологлар уюшмаси аъзоларига ўқиган маърузаси нусхасини учратиб қолди.

Унда шотландиялик олим Дарвиннинг гулли ўсимликларнинг пайдо бўлишини тушуниш ва тушунтиришга қодир эмаслигини, чунки уларнинг кўриниши илоҳий асосга эга эканлигини таъкидлайди.

Каррутерс бутун Дарвин эволюция назариясига ҳужум қилади, бу нафақат илмий доираларда, балки жамиятда ҳам қизғин мунозараларни келтириб чиқаради. Унинг баёнотлари ва хулосалари Times газетаси, шунингдек, бир қатор илмий нашрларда чоп этилган эди.

«Каррутерс вақтдан фойдаланиб, Дарвин назариясига қарши кампания бошлади. У бўр давридаги ёпиқ уруғлиларни тўғридан-тўғри Худо томонидан яратилганлигини таъкидлади. Дарвин ва унинг дўстлари учун бу тўлиқ аҳмоқлик эди. Аммо муаммо шунда эдики, улар бу ҳодисани эволюция нуқтаи назаридан тушунтира олмадилар» - дейди Баггс.

Профессорнинг фикрича, айнан шу ҳолат Чарлз Дарвинни «даҳшатли сир» иборасини ишлатишга ундаган. Баггс ўз хулосаларини American Journal of Botany журналида нашр этди.

Уилям Каррутерс кейинчалик Британия музейида ботаника куратори ва палеоботаника соҳасидаги энг йирик олимлардан бирига айланди.

Ричард Баггснинг сўзларига кўра, Чарлз Дарвиннинг «даҳшатли сири» 1637 йилда математик Пер Ферма томонидан тузилган «Ферма теоремаси»га ўхшайди – уларнинг ҳеч бири ҳаёти давомида ўз жумбоқларини еча олмади.

«Биз Дарвинни ҳаётининг сўнгги йилларида унинг тафаккурида нималар бўлгани ҳақида тасаввурга эга бўлдик. Бу сўнгги топишмоқ эди, уни ҳал қилишга уриниш, Дарвиннинг ўлимигача унинг барча фикрларини банд қилди» - дейди профессор Баггс.

Ўшандан бери олимлар «даҳшатли сир»ни оча олдиларми?

140 йил давомида Ердаги гулларнинг келиб чиқиши ҳақида турли хил назариялар илгари сурилган, аммо уларнинг барчаси кўплаб саволларни очиқ қолдиради.

Бир сўз билан айтганда, йўқ. Бу саволга аллақачон 140 йил бўлди ва ҳали ҳеч ким гулли ўсимликларнинг қандай пайдо бўлганини тўлиқ тушунтира олмади.

«Албатта, биз эволюцияни тушуниш ва палеонтологияни билишда сезиларли ютуқларга эришдик, аммо бу сир ҳалигача очилмаган», дейди Ричард Баггс.

Мақола Muslim_Mind каналидан олинди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дарвиннинг «даҳшатли сири»