11:31 / 10.08.2022
2 586

«Зулм технологияси»: сиёсий рақибларнинг йўқ қилиниши

«Зулм технологияси»: сиёсий рақибларнинг йўқ қилиниши
Сталин ўз ғанимларини енгиш учун коммунистларга хос ажойиб усулни ўйлаб топди. Ўша пайтларда – Лениннинг вафотидан кейинги дастлабки йилларда, ҳали бирмунча мунозаралар бўлиб турган паллаларда – компартия мажлисларида икки хил айбловлар урф бўлган эди. Партия ичидаги бирор бир мухолиф гуруҳ ўзининг фикри ўтмай қолаётганини, куни битаётганини сезса партия раҳбариятини бюрократлашувда, тўрачиликда, партиянинг ички демократияси тамойилларига риоя қилмасликда айблай бошларди. Унга қарши «айблов» эса тайёр – мухолифат гуруҳбозликда, партияни парчалашда айбланарди.

Умуман олганда, бу баҳс демократия ва бюрократия ўртасидаги, халқ ҳокимияти ва диктатура ўратасидаги баҳсдир. Тоталитар тузумлар ҳамиша мунозарадан, халқнинг фикрлашидан қўрқиб яшайди. Шунинг учун тоталитаристлар ҳурфикрли кишиларни «халқнинг дилига ғулув солиш»да, «бирликка путур етказиш»да айблайдилар, уларнинг фикрича «халқнинг бирлиги» – ғинг демасдан, ташвиқот машинаси ясаган сохта «доҳий»ларга итоат қилишдан иборатдир.

Коммунистик сиёсатнинг асос ғояларидан бири шу эдики, гўё марксизм жамият тарихий ривожининг ҳамда партиянинг истиқбол ҳаракатларининг ягона тўғри ва муқаррар тамойилини ишлаб чиққан. Шундай бўлгач, партияда алтернатив қарашлар учун, муқобил сиёсат учун жой бўлмаслиги керак. Бундай қилвир йўлнинг моҳияти шунда эдики, кимки ҳамммадан олдин партияда етакчи мавқега эга бўлиб олса, ўзини марксона ғояларнинг ягона «талқинчи»сига айлантирар, кейин эса барча ўзгача фикрловчиларни партияни «парчалаш»да айблаб, йўқотарди. Партиянинг «бирлиги»га путур етказиш хавфи унинг барча аъзоларига тегиб кетарди ва шунинг учун жуда оғир жиноят сифатида қараларди.

Албатта, «бирликни сақлаш» баҳонасида ҳурфикрликни йўқотувчиларга қарши партияда ички демократия зарурлиги ғояси суриларди, аммо бу мунозараталаб мафкурачилар партиянинг бир қисм зиёли гуруҳи бўлиб, улар камчилик эдилар (ҳамма жойда ҳам оқиллар элнинг камчилигини ташкил этиши шубҳасиздир, оммага эса тайёр йўналиш лозим, фақат демократик тизимгина сиёсатнинг ишлаб чиқилишида имкон қадар кўпчили элни жалб этишга ҳаракат қилади) ҳамда амалу мансабсиз қолгандагина партияда демократия лозимлигини эслаб қолардилар.

Гарчанд Сталиннинг мухолифлари ҳисобланган Троцкий, Бухарин, Зиновьев каби арбоблар ҳам ўзларини «халқ ҳокимиятининг вакили» ҳисобласалар-да, ўз фикрларини тарғиб этиш ва ҳимоя топиш учун халққа мурожаат қилмасдилар. Уларнинг фикрича, мунозаралар қанчалик қизғин бўлмасин, ҳокимиятнинг юқори ижораларидан ташқари чиқмаслиги керак. Умуман олганда, болшавойларнинг ҳокимияти халқ номидан эълон қилинган бўлса-да, халқдан йироқ эди. Мунозараларга партиянинг оддий аъзоларини жалб этиш таклифига Бухарин қарши чиқади ва буни партия сафларини парчалаш деб қарайди. Натижада ғинг дейишга изн бермайдиган тузум барпо этилади ҳамда бу тузум шўрлик Бухариннинг ўзини ямлаб ютаётганда ҳеч ким ғинг деёлмайди.

Қолаверса, болшавойларнинг раҳбарлари партияни унга қарши бўлган халқ олдидаги қамалдаги қўрғон сифатида тасаввур қилардилар, чунки улар ҳокимиятни тадрижий (эволюцион) йўл билан эмас, халқнинг қонини тўкиб, инқилобий (революцион) тўнтариш орқали қўлга киритган эдилар. Уларнинг хавфсирашича, агар яна фикр сўраб халққа мурожаат қилинса, халқ жамиятни зўрлик билан ислоҳ этишнинг керак-керакмаслиги ҳақидаги масалани кўтариши ва, эҳтимолки, болшавойларнинг ўзини ҳокимиятдан маҳрум этиш фикрини кўтариб чиқиши мумкин эди. Шунинг учун бу тузум етмиш йилдан зиёд тарихи давомида халқдан бегонасираб, халқ орасидан «қўпорувчилар», «халқ душманлари», «ғайришўровий унсурлар» излаб, ўз халқини қириб келди.

Коммунистик партия бироликни мутлоқлик мақомига кўтарди. Назарий жиҳатдан марксизм ижтимоий тараққиётнинг ягона ва муқаррар қонунларини яратганини тан олган тузум ҳеч қандай мунозарага ўрин қолдирмас, «умум эътироф этган» нуқтаи назардан фарқ қилувчи ҳар қандай фикр хато саналар ва уни «таг-томири билан» йўқотиш талаб қилинарди.

Албатта, баҳсларни буткул йўқотиб бўлмайди, аммо, назарий жиҳатдан партиянинг ягона тўғри йўли борлигини ҳисобга олиб, ҳар бир баҳслашувчи ана шу «тўғри йўл»да айнан у турганини даъво этарди.

Сталин назарий баҳсларда кучли бўлмаса-да, амалий макрларнинг устаси эди ва шу истеъдоди билан барчани доғда қолдирди. У партия қўмиталарини шакллантириш ва уларнинг раҳбарларини тайинлашда ҳокими мутлоқликни эгаллаш йўли билан партиянинг раҳбар органларида кўпчилик овоз олиш имконини - ҳокимиятни қўлга киритди. Кимки мухолиф бўлса, Сталин уни фракциячиликда, партияни парчалашда, аксилинқилобий фаолиятда, инқилоб ғояларига хиёнатда айбларди. У мухолифларига «марксизм-ленинизм асосларидан чекиниш» айбини ҳам юкларди, бу «асослар»нинг нима эканини шарҳлаш ва, зару бўлганича, ривожлантириш ҳуқуқини эса у ўзига олиб олган эди.

Сталин мамлакат раҳбарлигига ўз одамларини олиб келди уларни ҳам Россия олдидаги муаммоларни айнан у еча олишига ва бу шотир раҳбарчалар фақат унинг қўл остида яхши кун кўришлари мумкинлигига ишонтирди.

Сталиннинг Лениннинг ўрнини босиб олиш учун маккорона курашини тўрт босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич Ленин тирик бўлган, аммо ҳокимиятдан четлашиб қолган 1923 йилда бошланиб, 1925 йилда тугайди. Бу даврда Сталин-Зиновьев-Каменев Троцкийга қарши бирлашадилар. Иккинчи босқичда – 1925 йилдан 1926 йилгача – Сталин ва Бухарин Зиновьев ва Каменевга қарши курашадилар. Учинчи босқичда – 1926-1927 йилларда – Сталин ва Бухарин Зиновьев, Каменев ва Троцкийнинг бирлашган мухолифатига қарши курашадилар. Бу сиёсий драманинг сўнги акти 1928-1929 йилларда ўйналади – Сталин бошқа мухолифларини енгиб, энди Бухарин, Риков ва Томскийга қарши курашади. Эллик ёшга етганида Счталин Сиёсий Бюронинг ўзи билан иш бошлаган олти аъзосидан бештасини сафдан чиқариб ташлади ва ҳокими мутлоқ бўлиб улгурди.

Сталин аввал сўлчиларни енгиш учун ўнг томонга ўтади, кейин сўлсилар дастурини қурол қилиб, ўнгчиларни парчалаб ташлайди. Гитлер ҳокимиятни эгаллашда ашаддий эди ва ўз йўлидан қайтмасди, унинг ҳамкасби Сталин ҳам ҳокимиятпарастликда ашаддий эди, аммо унинг маслаги йўқ эди – у ҳокимиятни олиш учун воситаларни танлаб ўтирмас, ўнгчиларга ҳам, сўлчиларга ҳам қўшилиб кетаверарди, у ўз фикрини осонликча ўзгартираверар (унинг дилидаги фикри эса ягона - ҳокими мутлоқлик эди), осонлик билан муваққат тактик уюшмалар тузар ва бузарди. Рақибларининг хатоларидан ўз манфаатлари йўлида моҳирона фойдалана оларди.

Ленин ўлимидан сўнг айнан Сталин ва Троцкий ҳокимият учун даъвогар бўлишларини сезган эди ва ўз васиятида уларнинг иккаласига ҳам баҳо берганди. Мамлакатни коллегиал бошқаришдан умид қилган ҳам эди. Сталин ҳам Ленин вафотидан сўнг биринчи мухолифи Троцкий бўлишини сезган, унинг кучли томонларини билар ва шунга яраша ҳаракат қилар эди. Троцкий эса, аксинча, Сталинни ўзидан кўра заиф ҳисоблар, унга менсимай қарарди. Оқибатда Сталин Троцкийни енгди – уни қувғинга жўнатиб, барча рўйхатлардан ўчириб ҳам тинчимади, 1940 йилда ўлдиртирди.

Партиянинг 1923 йили январидаги Ленин тириклигида ўтган XIII конференциясидаёқ Сталин Троцкийни ва унинг «қирқ олтичилар гуруҳи»ни қоралашга эришди, чунки партиянинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 128 делегатидан фақат учтаси мухолифатга тегишли эди. Сталин ҳокимиятни қурол билан эмас, оддий «овоз бериш» йўли билан аллақачон олиб қўйган эди.

Сталин бирча ғанимларини бирин-кетин йўқотди. Мухолифат жиддий тарзда бирлаша олмади, иқтисодий-сиёсий мунозалар бўйича мақолалар ёзиш, бир-бирига тош отишлар билан чекланди. Сталин эса ўз тарафдорларини жиддий ва қатъий тарзда уюштира олган кимса эди.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Зулм технологияси»: сиёсий рақибларнинг йўқ қилиниши