07:29 / 25.11.2022
1 095

Канада бир ярим миллион муҳожирга эшикларини очмоқда

Канада бир ярим миллион муҳожирга эшикларини очмоқда
Муҳожирлар тўлқини билан Канада ҳукумати аҳолининг қариши ва беби-бум (1946-1964 йиллар оралиғида туғилганлар) авлодининг оммавий нафақага чиқиши туфайли кучайган мамлакатда ишчи кучи етишмаслигини қоплашга умид қилмоқда. Бироқ барча канадаликлар бундай кўп сонли чет элликларни очиқ қўл билан кутиб олишга тайёр эмас.

Ноябрь ойи бошида Канада федерал ҳукумати улкан режаларини эълон қилди. Январь ойидан бошлаб ва 2025 йил охиригача мамлакат ҳукумати ҳар йили 500 минг муҳожирни қабул қилишни режалаштирмоқда. Яъни, яқин уч йил ичида Канада аҳолиси жами 1,5 миллион кишига кўпайиши керак.

Aҳоли жон бошига ҳисобланганда, бу Бирлашган Қироллик қабул қилишни режалаштирганидан саккиз баравар ва AҚШ маъмурияти ҳал қилишни кутаётганидан тўрт баравар кўп.

Бироқ яқинда ўтказилган ижтимоий сўров шуни кўрсатдики, Канада расмийларининг режалари мамлакат аҳолисининг кайфиятини тўлиқ акс эттирмайди. Канадаликларнинг аксарияти чет элликларнинг бундай оммавий оқимидан қўрқишади.

Катта ўйин

Ўнлаб йиллар давомида Канада ўз аҳолиси ва иқтисодиёти ўсишини сақлаб қолиш учун янги резидентлар оқимини атайлаб рағбатлантирмоқда. Муҳожирларга Канадада доимий яшаш ҳуқуқи берилади, аммо фуқаролик эмас.

Ўтган йили 405 минг киши Канадада яшаш учун рухсатнома олди – бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткич.

Сабаблари оддий арифметика билан изоҳланади. Бошқа кўплаб ривожланган мамлакатларда бўлгани каби, Канадада ҳам туғилиш даражаси муттасил пасайиб бормоқда. Бу аҳоли қариётганини билдиради. Канада нафақахўрлар мамлакатига айланишдан хавотирга тушган. Бу шуни англатадики, агар мамлакат ўз иқтисодиётини ривожлантирмоқчи бўлса, буни муҳожирлар ҳисобидан амалга ошириши лозим.

Канадада ишчи кучининг ўсиши деярли бутунлай иммиграция ҳисобига содир бўлди. Ҳукумат 2032 йилга келиб ҳам бу ҳолат ўзгармаслигини тахмин қилмоқда.

Дунёда алоҳида ўринга эга бўлиш

Бугунги кунда Канададаги деярли ҳар тўрт кишидан бири бошқа давлатдан келган. Бошқа барча G7 давлатларида (яъни, ривожланган 7 мамлакатда) бу кўрсаткич пастроқ. AҚШда муҳожирлар аҳолининг атиги 14 фоизини ташкил қилади. Британияда ҳам шундай кўрсаткич.

«Британия ва Канададаги иммиграция вазиятини солиштириш қийин. Чунки бу мамлакатлар аҳолисининг зичлиги жуда фарқ қилади. Буюк Британия аҳоли зичлиги юқори бўлган кичик орол давлат. Канада эса катталиги бўйича Россиядан кейин иккинчи ўринда туради. У ерда 38 миллион киши яшайди. Яъни, ўсиш учун жой бор. Буюк Британияда аҳолини Канада амалга ошираётган тезликда ва ҳажмда кўпайтириш эҳтиёжи йўқ», — деб тушунтирди Оксфорд университетида миграция мониторинги лойиҳаси — “Миграция обсерваторияси” директори Мадлен Сампшн.

Торонтодаги Макмастер университети сиёсатшуноси Жеффри Кемероннинг айтишича, муҳожирларни жалб қилиш учун Канаданинг катта ҳудуди ва қулай демографиянинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун зарур бўлган асосий нарса аҳолининг қўллаб-қувватлашидир. Кўпчилик мамлакатлар учун асосий чекловчи омил бу жамоатчилик фикридир.

Масалан, жанубдан чегарани кесиб ўтаётган муҳожирлар сони рекорд даражага етган Қўшма Штатларда кўпчилик хориждан иш ўринларидан кўра янги келганлар кўп бўлиши мумкинлигидан хавотирлана бошлади.

Британияликларнинг референдумда Европа Иттифоқидан чиқишга қарор қилишининг сабабларидан бири айнан мамлакат аҳолисининг салмоқли қисми Европа Иттифоқига қўшилган Шарқий Европа давлатларидан арзон ишчи кучининг оммавий оқимига салбий муносабатда бўлганлиги эди.

Бироқ Мадлен Сампшн таъкидлаганидек, сўнгги бир неча йил ичида Британияда жамоатчилик фикри миграцияга нисбатан илиқроқ бўлди.

Канадада жамиятда иммиграцияни қўллаб-қувватлаш ҳар доим юқори бўлган. Aммо бу мамлакатда муҳожирлар оқимидан хавотир йўқ дегани эмас.

Сўнгги йилларда Канада чегарасини Қўшма Штатлардан ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари кўпайди.

Канада ҳудудларида иммиграцияга муносабат фарқ қилади

Мамлакат ҳукумати йилига 500 минггача муҳожирни қабул қилиш режасини эълон қилганида, муҳожирлар оқими учун ўз квоталарини белгилаши мумкин бўлган Квебек автоном провинцияси 50 мингдан ортиқ одамни қабул қилишга розилигини айтди. Яъни, Канада аҳолисининг деярли тўртдан бири яшайдиган Квебек режалаштирилган ташриф буюрувчиларнинг атиги 10 фоизини қабул қилишга рози.

Мамлакатнинг бошқа жойларида яшовчилар, гарчи Канадада яшаш учун жуда кўп жой бўлсада уй-жой сотиб олиш имкониятидан хавотирда. Мамлакат аҳолисининг 10 фоизини ташкил этувчи Торонто ва Ванкувер каби йирик шаҳарларда уй-жой билан таъминлаш масаласи жуда қийин бўлиб қолган.

Легер институти ва Канадани ўрганиш ассоциацияси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг тўртдан уч қисми биринчи навбатда ҳукуматнинг иммиграция режаси уй-жой ва ижтимоий хизматларга қандай таъсир қилишидан хавотирда. Респондентларнинг деярли ярми (49%) йилига 500 000 муҳожир жуда кўп, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг учдан бир қисмидан камроғи (31%) бу режани маъқуллайди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг