10:57 / 08.03.2023
380

Украинадаги уруш Европада сўз эркинлигига салбий таъсир кўрсатди

Фото: Shutterstock

2022 йил Европада ҳалок бўлган ва қамалган журналистлар сони кўпайди, қитъада сўз эркинлиги аҳволи ёмонлашди. Бунинг сабабларидан бири - Россиянинг Украинага қарши уруши, дейилади Европа Кенгаши ҳамкор ташкилотлари ҳисоботида.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан буён камида 12 журналист ва ОАВ ходими ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлди, яна 21 нафар журналист яраланди. Бу ҳақда «Журналистика ҳимояси ва журналистлар хавфсизлигини таъминлаш платформаси»да Европа Кенгаши бирлашган ҳамкор ташкилотларининг йиллик ҳисоботида маълум қилинган. Ҳисобот 7 март, сешанба куни эълон қилинди.

«Европадаги уруш ва хабар бериш ҳуқуқи учун кураш» деб номланган 2022 йилги ҳисоботда таъкидланишича, Россиянинг кенг кўламли босқинчилиги бутун Европада матбуот эркинлигининг ёмонлашувидаги умумий тенденцияларни кучайтирган.

Урушнинг боришини ёритиш учун Украина ҳукумати 11 минг журналистга аккредитация берди. ОАВ вакиллари «тартибсиз ўққа тутилиши, алоқа инфратузилмасига мақсадли ҳужумлар, электр таъминотининг тез-тез ва узоқ давом этган узилишлари, шунингдек, Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда журналистларга ҳужум қилиш ва қўлга олишга уринишлар туфайли» ўта оғир шароитларда ишлашга мажбур.

Украинага қарши уруш даврида Россиянинг ўзида «мустақил журналистикага нисбатан шафқатсиз тазйиқлар» давом этган, дейилади ҳисоботда. Украинага бостириб киришга оид ҳар қандай чекиниш ёки Россия расмийларининг позициясини танқид қилиш «жиноят деб топилди. «Қўпол ва ғайриинсоний ташвиқот, урушни, нафратни қўзғатиш ва дезинформация Россиянинг давлат назоратидаги ахборот майдонини эгаллаб олди», — дейилади ҳужжатда.

Бундай сиёсат Россияда мавжуд бўлган бир нечта мустақил оммавий ахборот воситаларининг «тақиқланиши, ёпилиши ёки мамлакатни тарк этиши»га олиб келди. 2022 йилда Россияни тарк этган оммавий ахборот воситалари ходимларининг умумий сони 500 дан ортиқ кишини ташкил этади, дейилади «Проект медиа» Россия мустақил суриштирув агентлигига таянган ҳолда. Айни пайтда бошпана масаласи россиялик журналистлар учун «синов»га айланган ва улар хорижда «маъмурий тўсиқлар ва ишончсизликка» дуч келишмоқда.

2022 йилда журналистларнинг асоссиз ҳибсга олиниши Европада одатий ҳолга айланди, дейилади ҳисоботда. 2022 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, 127 нафар журналист қамоқда. Панжара ортидаги оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг кўпи Туркияда – 52 киши, Беларусда – 32, Россияда – 22, Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида – 14, Озарбойжонда тўрт нафар, Буюк Британия, Грузия ва Полшада биттадан. Ҳисоботда айтилишича, 2021 йилга нисбатан Европада қамоққа олинган журналистлар сони 60 фоизга ошган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг