
Филиппиннинг марказий ва жанубий ҳудудларига ёпирилган кучли “Калмаэги” тайфуни мамлакат тарихидаги энг даҳшатли табиий офатлардан бирига айланди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида камида 140 киши ҳалок бўлган, яна 127 нафар фуқаро бедарак йўқолган. Бу ҳақда маҳаллий ҳукумат манбаларига таяниб, AFP агентлиги хабар берди.
Филиппин Фуқаролик мудофааси миллий бошқармаси расмий равишда 114 нафар қурбонни тасдиқлаган бўлса, Себу вилояти ҳокимлиги яна 28 нафар инсон ҳалок бўлганини маълум қилган.
“Associated Press”нинг ёзишича, мамлакат Президенти Фердинанд Маркос вазиятнинг оғирлиги туфайли бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилган.
Табиий офат кучли жала, довул ва кўп метрли тўлқинлар билан келиб, қирғоқбўйи аҳолисини катта хавф остида қолдирган. Қарийб 400 минг киши хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган. Денгиздаги тўлқинлар баландлиги 4 метргача етгани қайд этилмоқда. Ҳозир тайфун Вьетнам йўналиши бўйлаб ҳаракатланмоқда.
Маълумот учун, Филиппин ҳар йили ўртача 20 га яқин турли кучдаги тайфунларни бошдан кечиради. 2025 йилда эса бу кўрсаткич сезиларли ошган — йил охиригача яна камида 3–5 та янги тайфун кузатилиши тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Калмаэги” тайфуни сабаб 66 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирги кунда қурбонлар сони ортиб бораётгани ва қутқарув ишлари давом этаётгани маълум қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!