13:13 / 06.04.2023
674

Япония қалқонни найзага алмаштирмоқда(ми?)

Япония қалқонни найзага алмаштирмоқда(ми?)

Япония парламенти мудофаа учун рекорд даражадаги бюджетни қабул қилди: 6,8 триллион иена ёки тахминан 51,8 миллиард доллар. Беш йилдан сўнг мамлакат мудофаа бюджети AҚШ ва Хитойдан кейин дунёда учинчи ўринга чиқади.

Ўн йил олдин Япониянинг миллий хавфсизлик стратегиясида Россия минтақада барқарорликни таъминлаш учун ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш зарур бўлган шерик сифатида белгиланган эди. Энди бу ҳужжатнинг янги таҳририда у "безовта қилувчи" омил сифатида қаралади.

Бироқ, ҳамма нарсани Украинадаги уруш билан боғлаш адолатдан бўлмайди. Лекин Токио Москванинг бу ҳаракатларини биринчи кунлардан бошлаб “халқаро тартибни бузиш”, деб ҳисоблаб, Японияда давом этаётган қайта қуролланиш жараёнини тезлаштириб юборди. 

Узоқ вақт давомида Осиё-Тинч океани минтақасида хавфсизлик кун тартибини шакллантиришда муҳим рол ўйнайдиган AҚШ-Япония иттифоқида Токио қалқон, AҚШ эса найза ролини ўйнайди, деб ҳисоблашарди. Aммо мамлакатнинг иқтисодий қудрати муқаррар равишда унинг ҳарбий-сиёсий салоҳиятини юксалтиришни тақозо қилади. Шунинг учун ҳозирда ҳукмрон япон элитаси Японияни нафақат иқтисодиёти, балки ҳарбий қудрати билан ҳам буюк давлатлар сафига қайтиши керак, деб ҳисоблайди. 

Синдзо Aбенинг 2012 йилдан 2020 йилгача бўлган президентлигининг иккинчи муддати бу жараённинг кескин тезлашишига олиб келди. Гарчи у Япония Конституциясини ҳарбийлаштириш ва халқаро майдонда Япониянинг ўзини-ўзи мудофаа кучларининг имкониятларини кенгайтириш йўналишида қайта кўриб чиқа олмаган бўлса-да, бу йўлда жуда кўп ишлар қилинди. Aмалдаги миллий мудофаа стратегияси Япониянинг ҳарбий бюджетини ҳозирги ЯИМнинг 1,24 фоизидан НAТО стандартларигача, яъни 2 фоизга оширишни назарда тутади.

Бундан ташқари, унда келтирилишича, Токио ўз чегараларига таҳдид туғилган тақдирда душман ҳудудига қарши ҳужумлар уюштириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. 2021 йилда эса ҳарбий соҳада Aбе курсининг содиқ издоши, амалдаги бош вазир Фумио Кисида Япония келажакда рақибларининг ҳарбий базаларига қарши зарба бериш стратегиясига мурожаат қилиши мумкинлигини айтган эди. Япония сиёсий риторикаси Иккинчи Жаҳон урушидаги мағлубиятдан кейин унга қўйилган мақомни бутунлай рад этиб, кўргазмали тинчликсеварликдан 180 даражага бурилди.

"Япония денгиз ўзини-ўзи мудофаа кучлари" деб аталган Япония флоти бугунги кунда дунёда тўртинчи ўринни эгаллаб, яқин келажакда Россия денгиз флотини учинчи ўриндан сиқиб чиқариш имкониятига эга. Бундан ташқари, агар Тинч океанидаги кучларни ҳисобласак, Токио кўп йиллар давомида денгизда Россиядан сезиларли устунликка эга.

Бугун Токиода “Россияда режим ўзини қандай тутаётганига қаранг. Хитойдаги режим ҳам шундай йўл тутмаслигига ва Шарқий Хитой денгизидаги мунозарали Сенкаку архипелагига ҳужум қилмаслигига кафолат йўқ. Шунинг учун, имкон қадар тезроқ қалқонимизни найзага ўзгартириш керак”, деган фикр оралаб юрибди.

Найза эса ғаройиб нарса. Найза кимда бор бўлса, доимо уни синаб кўриш васвасасига тушади. Бу мамлакат ҳарбий-саноат мажмуасининг эгалари бўлган кучлар - Япониянинг ҳақиқий хўжайинлари -Япония ҳукмрон элитасида фаол равишда жонланаётган самурайлар руҳиятига жуда мос келади.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг