![](https://storage.kun.uz/source/9/mvevhpBM58nZkybGjfQPlq0cHpXIvGc4.jpg)
Чет эл ишчи кучидан фойдаланганлик учун салмоқли солиқни жорий қилиш, Россия меҳнат ресурсларидан фойдаланувчи тадбиркорларни эса рағбатлантириш таклиф этилди.
Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин «Interfax»га берган интервьюсида хорижликлар ўртасидаги жиноятчилик, ноқонуний миграция хавфи ва миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳақида гапирди.
«Ижтимоий кескинликни пасайтириш мақсадида меҳнат мигрантларини Россия фуқаролари билан алмаштириш, ватандошларни муносиб даражада ижтимоий ва меҳнат кафолатлари билан таъминлаш бўйича йўл харитасини шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Россия фуқаролари орасидан ишчи кучидан фойдаланишнинг ротацион усулини жорий этиш, уларни иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган ҳудудлардан кўп сонли ишчиларни жалб қилиш зарур бўлган ҳудудларга кўчириш механизмини ишлаб чиқиш лозим», деди у.
Бундан ташқари, Бастрикин иш берувчилар зиммасига меҳнат мигрантларини уй-жой билан таъминлаш, Россиядаги иш жойига бориш ва меҳнат шартномаси тугаганидан кейин мамлакатдан чиқиб кетиш учун транспорт харажатларини қоплаш мажбуриятини юклашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
«Чет эл ишчи кучидан фойдаланганлик учун салмоқли солиқни жорий қилиш лозим, Россия меҳнат ресурсларидан фойдаланувчи тадбиркорларни эса иқтисодий рағбатлантириш механизмини ҳам ишлаб чиқиш керак», деди у.
Унинг сўзларига кўра, замонавий миграция жараёнлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида асосий муаммолардан бирига айланган ва ижтимоий кескинликнинг кучайишига, шунингдек, этник ва диний асосдаги низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, у мигрантлар иштирокидаги жиноятлар ошиб бораётганини қайд этиб, уларнинг тажовузкорлигининг кучайиши сабабларини рус менталитетига мослашмаганлик деб атади.
«Бу, шунингдек, иш берувчилар томонидан уларнинг яшаши учун ижтимоий-маиший шароитларни нотўғри ташкил этиш билан боғлиқ. Шу муносабат билан, мигрантларнинг янада самарали мослашиши учун Россия субъектларининг давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ҳокимият органлари зиммасига маҳаллий этник-маданий бирлашмалар (диаспоралар) билан ўзаро алоқа ва ҳамкорликни ривожлантириш масъулиятини юклаш муҳим», деди Бастрикин.
Унинг таъкидлашича, жиноятларнинг аксарияти ўрта ёшли мигрантлар томонидан содир этилади. Қоидага кўра, улар касбий маълумотга, доимий даромад манбаига эга эмас, рус тилини яхши билишмайди.
«Маълумот даражаси ва содир этилган жиноят тури ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд. Яхши маълумотга эга бўлмаган чет эл фуқаролари аксарият ҳолларда шахснинг ҳаёти ва соғлиғига, мулкига, жинсий эркинлигига тажовуз қилади. Улар камдан-кам ҳолларда иқтисодий фаолият соҳасида ноқонуний хатти-ҳаракатлар қиладилар. Бу маълум билимларни талаб қилади», деди Бастрикин.
Тергов қўмитаси раҳбарининг таъкидлашича, миграция қонунчилигини бузиш соҳасида жиноятларнинг аксариятида коррупция йўналиши мавжуд.
«Ноқонуний миграция ноқонуний тадбиркорлик билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар даромад манбаи сифатида уларнинг оқимидан бевосита манфаатдордир. Агар бу муаммони бир бутун сифатида оладиган бўлсак, миллий асосда бирлашган ноқонуний мигрантларнинг жиноий тузилмалари назоратсиз товарлар ва хизматлар бозори, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ноқонуний савдони амалга ошириш, жумладан, қалбаки спиртли ичимликлар, қалбаки ҳужжатлар, сертификатлар ва муҳрлар тайёрлаш ва сотиш, гиёҳвандлик воситаларини ташиш ва сотиш каби жиноятларни содир этишади», деди Бастрикин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)