07:35 / 13.04.2023
376

Украинада апрел бошидан буён нималар бўлди?

Бахмутга боғловчи йўллар Украина назоратида қолмоқда. Фото: EPA

Ўтган ҳафтада Россия томонидан Бахмутнинг «юридик жиҳатдан эгаллангани» ҳақидаги баёнот янгради, Украина ҳукумати эса Донецк областидаги ушбу шаҳардан чекиниши мумкинлигини истисно этмади. Айни вақтда, хабарларга кўра, Украина қуролли кучлари қуршовга тушиб қолмаслик учун Авдийивка ва Марйинка шаҳарлари атрофида қарши зарбалар берган.

Ўтган ҳафта бошида «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Бахмут шаҳар кенгаши харобалари устида Россия байроғи ўрнатилгани акс этган видеони эълон қилганди. Ўшанда у Бахмут «юридик жиҳатдан эгаллангани»ни айтганди.

Шунга қарамай, бир неча кун ўтиб Пригожин аниқлик киритиб, украин қўшини Бахмутдан кетмагани ва яхши ташкил этилган мудофаани ушлаб турганини айтди.

Украиналик ва хорижий экспертлар айтишича, Россия кучлари Бахмутда ўз тактикасини бир неча бор ўзгартирган. Шаҳар ҳамон уларнинг ҳужум ҳаракатлари маркази бўлиб қолмоқда, аммо улар энди шаҳарни ўраб олишга уринишни бас қилиб, эътиборни аҳоли яшаш кварталларини жанг билан олишга қаратмоқда.

Россия армияси ва «Вагнер» ХҲК жангчилари Бахмут йўналишининг шимоли ва жануби-ғарбида ҳужумларни бир неча бор сустлаштирган, аммо шимоли-ғарбдан шаҳар марказига ёриб киришга катта эътибор қаратмоқда. Бу томонда улар Украина қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги муҳим логистик маркази ҳисобланган Часив Яр шаҳарчасига етиб боришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирда Часив Ярга қўшни бўлган, 0506-магистрал бўйида жойлашган Богдановка қишлоғи учун жанг олиб борилмоқда. Россиянинг Z-блогерлари айтишича, бу ердаги муваффақиятли ҳаракатлар «Украина коммуникацияларини паналаб турган бутун қанотни қулатади». Украина ҚК бош штабининг сўнгги баёнотларига кўра, Украина армияси ҳозирча Богдановка атрофидаги барча ҳужумларни қайтармоқда.

Бошқа томондан, жанубда, T0504-трассаси яқинида россияликлар Белая Гора ва Ивановское қишлоқларига киришга уринмоқда.

BBC Украина хизмати маълумотларига кўра, ҳозирча икки қишлоқ ҳам Украина назорати остида қолмоқда. Бу шуни англатадики, РФ армияси ярим қуршов ҳолатида қолган Бахмутга олиб борувчи йўлакни - шаҳарни Константиновка билан боғловчи трассани, шунингдек Часив Ярга олиб чиқувчи 0506-трассасини кесиб қўя олмаган.

Аммо Россия кучлари Бахмут маркази томон илгарилашга эришган. «Вагнер» таъсиридаги телеграм-каналлар шаҳарнинг марказий қисмида олинган кўп сонли фотосуратларни эълон қилмоқда.

Ҳарбийлашган WarGonzo телеграм-канали муаллифи Семен Пегов ва «Вагнер» ХҲК жангчиси Бахмут марказида
Фото: WAR GONZO

Бу ҳақда Британия ҳарбий разведкасининг ҳисоботида ҳам айтилган. «Россия муваффақиятларини ривожлантирди ва энди, афтидан, шаҳар маркази томон янада силжиган ва Бахмутка дарёсининг ғарбий соҳилини эгаллаган. Украинанинг шаҳардан ғарбдаги таъминот учун муҳим бўлган 0506-йўли катта эҳтимол билан жиддий хавф остида қолган», дейилган разведка хабарида.

Махсус хизматлар маълумотига кўра, Россия бу ҳудудда артиллериядан фойдаланишни кучайтирган, мунтазам армия эса «Вагнер» отрядлари билан ҳамжиҳатликда ҳаракатлана бошлаган.

Украина қўмондонлиги Бахмут ҳудудидаги вазият оғирлигини тан олмоқда. Аммо Украина қуролли кучларининг ушбу йўналишдаги қўмондони генерал Олександр Сирский «душман заифлашган» деб ҳисобламоқда.

«Душман заифлашмоқда ва ўз муваффақиятсизлигини Бахмут эгаллангани ҳақидаги янгидан янги сохта гаплар билан хаспўшлашга уринмоқда», деди Сирский.

Полшага ташрифи вақтидаги матбуот анжуманида Бахмутдаги вазият юзасидан Украина президенти Володимир Зеленский ҳам изоҳ берди. У бу ердаги вазиятни «жуда ва жуда мураккаб» деб атади.

«Аммо биз Бахмутдамиз ва душман Бахмутни назорат қилмаяпти, бу бугунги кундаги вазият, - деган Зеленский. - Оператив вазият билан генерал Сирский шуғулланмоқда. Албатта, унинг учун ҳам, мен учун ҳам асосийси - шахсий таркибни йўқотмаслик. Албатта, агар бундан ҳам қизғин воқеалар юз берса ва қуршов туфайли шахсий таркибни йўқотиш хавфи юзага келса, генерал жойида тўғри қарорларни қабул қилади».

«Северск бўртиғи» ва Лиман йўналиши

Россия ҳарбийларининг Бахмут атрофида тактикани ўзгартириши бутунлай бошқа ҳудудда ҳужумларни кучайтириш мақсади билан боғлиқ бўлиши мумкин. Гап «Северск бўртиғи» ҳақида кетмоқда.

Креминнадан жанубда фронт чизиғи шарққа қараб қайрилади - Украина Шимолий Дон дарёси бўйлаб Россия армияси мудофааси ичкарисига кириб борадиган бўртиқ ҳудудни назоратида сақлаб қолмоқда, унинг марказида Билоҳоривка шаҳарчаси жойлашган.

Россияликлар босқин бошидан буён бир неча марта Билоҳоривка ва ундан ғарбда жойлашган Северскни эгаллашга уриниб кўради, аммо дарёни кечиб ўтишга бўлган барча уринишлар муваффақиятсизлик билан якунланади.

Энди бу «бўртиқ» россиялик ҳарбийлар учун чинакамига «томоққа тиқилган суяк» бўлмоқда. Гап шундаки, масалан, Билоҳоривкадан Россия оккупация қилган Лисичанск ва Креминна шаҳарларигача бўлган масофа атиги 10 километрни ташкил этади.

Айнан ушбу ҳудуд Украина қуролли кучлари учун Северодонецк-Лисичанск агломерациясини қайтариш ёки
Креминна-Сватове трассасини кесиб қўйишда плацдарм вазифасини ўташи мумкин.

Шунинг учун Россия қўмондонлиги ушбу «бўртиқ»ни олиб ташлашга ўзининг биринчи галдаги вазифаларидан бири сифатида қараётган бўлса ажаб эмас.

Бу вазифани амалга ошириш учун Россия деярли ҳар куни Северскдан жанубдаги Спорное қишлоғига ва шимоли-шарқдаги Билоҳоривкага ҳужум қилмоқда.

Украинадаги «Ахборот қаршилиги» гуруҳининг ҳарбий шарҳловчиси Константин Машовецнинг фикрича, россияликлар ҳозирда Северск масаласини Бахмутни эгаллашдан олдинроқ ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.

РФ қўшинлари Бахмутдан шимоли-шарқда яширинча қайта гуруҳланиши ҳам шундан дарак беради, бунинг маъноси шундаки, Северск йўналиши учун қўшимча куч ва техникалар жамланмоқда.

Шу билан бирга, таҳлилчининг таъкидлашича, Россия Бахмутни эгаллаш бўйича амалиётни тезлаштириш учун оператив захираларни жалб қилмаяпти.

Бунга параллел равишда Россия армияси «Северск бўртиғи»дан шимолдаги Лиман йўналишида юриш қилишга тайёргарликни ҳам фаоллаштирган. Машовецнинг сўзларига кўра, Россия гуруҳининг «энг жанговар бўлинмалари» ва катта миқдордаги зирҳли техникалари айнан шу ҳудудда тўпланган.

«Энг яқин эҳтимолий мақсад Черний Жеребец дарёси ва Лиманга кириш […] ҳамда келгусида Шимолий Дон дарёсини шимолдан, Северск йўналиши бўйича кечиб ўтиш ҳисобланади», дейди эксперт.

Россия Северскдан жанубда жойлашган қишлоқларга ҳам босимни кучайтирган: Раздоловка, Веселое, Вийимка ва Спорное. Украина ҚК бош штаби ҳисоботида ўтган ҳафтада бу йўналишда ҳам жанглар фаоллашгани тасдиқланган.

Украина ҚКнинг Авдийивка ва Марйинка атрофидаги қарши зарбалари

Авдийивка зарбалар оқибатида амалда буткул вайрон бўлган

Апрел ойи бошида Донецк областининг яна икки шаҳри - Авдийивка ва Марйинка ҳарбий ҳаракатлар марказига айланди. Уларнинг иккиси ҳам област маркази Донецкка йўлдош шаҳарлар ҳисобланади ва иккиси ҳам Россия авиацияси ва артиллериясининг тинимсиз ва кучли зарбалари остида вайронага айланган.

Бу аҳоли яшаш манзиллари томонлар учун стратегик аҳамиятга эгадир. Украина учун бу келгусида област марказини озод этиш ҳамда Россиянинг Донецкдаги базалари ва омборларига зарба бериш учун плацдармни сақлаб туриш имконияти.

Россияликлар учун рақибни Донецкдан хавфсиз масофага суриб чиқариш ва Украина қуролли кучларининг логистик марказларига йўл очиш муҳим. Бу биринчи навбатда Курахово, Селидово ва Покровск шаҳарлари.

Россиянинг Авдийивка йўналишидаги ҳужумлари март ойи охирида сезиларли даражада кучайди. Шаҳарга бунгача рўпарадан қилинган ҳужумлар бесамар якунланди ва россиялик ҳарбийлар ушбу аҳоли яшаш пунктини қуршаб олишга ва бу ердаги Украина гарнизонининг таъминот йўлини кесиб қўйишга уринди.

Улар Авдийивка мудофаасининг шимолий қанотида маълум ютуқларга эришишди. Бу ерда Россия қўшини Красногоровка қишлоғигача етиб келди, бу шаҳарнинг шимолий чегараларидан 4-5 км масофадаги жойдир.

Шундан кейин ғарб томон янада силжиш орқали Авдийивкага олиб келувчи ягона йўл тўсиб қўйилиши мумкин эди.

Аммо, Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлил марказига кўра, украинлар бу ҳафтада қарши ҳужум уюштирган ва шаҳардан шимолда россияликлардан қатор позицияларни қайтариб олган.

Мудофаа стратегиялари маркази эксперти, истеъфодаги полковник Виктор Кевлюкнинг таъкидлашича, Украина ҚК Авдийивка атрофида бир вақтнинг ўзида бир эмас, бир неча муваффақиятли ҳужумларни амалга оширган. Унинг маълумотига кўра, бу ҳаракатлар билан россияликлар ортга улоқтириб ташланган ва рақиб мудофаа позицияларига қайтишга мажбур қилинган. «Авдийивка - жуда йирик юриш олдидан енгил чигалёзди машғулоти вазифасини ўтади», дейди у.

Шаҳар маъмурияти раҳбари Виталий Барабаш Украина ҚК «позициялари яхшилангани»ни тасдиқлаган, аммо буни қарши юриш деб бўлмаслигини қайд этган.

«Афсуски, Урушларни ўрганиш институтининг Украина ҚК Авдийивка атрофида қарши ҳужумга ўтгани тўғрисидаги маълумоти тасдиғини топмади. Бу балки кейинроқ рўй берар. Позицияларни яхшилашга қаратилган муайян ҳаракатлар амалга оширилган ва бизнинг қўшинларимиз бунинг уддасидан чиқишган, аммо бу ҳали қарши ҳужум эмас», деган у «Громадське радiо»га берган интервюсида.

Россиянинг бу йўналишдаги ҳаракатларидаги асосий ресурс - нафақат пиёдалар, балки авиация ҳам бўлди. Россия ҳар куни ҳаводан зарбалар йўллади. Бу эса украин кучлари бошпана сифатида фойдаланиши мумкин бўлган биноларни ер билан яксон этди.

Барабашнинг қайд этишича, россияликлар Авдийивкага бир кунда 20 мартагача авиазарбалар йўллаган.

Украина бош штабининг 7 апрел кунги маълумотига кўра, Россия кучлари Северное (Авдийивкадан 5 км жануби-ғарбда) ва Новокалиново (шаҳардан 8 км шимолда) қишлоқларига ҳужум қилишда давом этаётганди.

«Вазият критик эмас. Ҳа, қайноқ, ҳа, мунтазам равишда зарба беришмоқда, ягона йўл - зарбалар остида, аммо [россиялик ҳарбийлар] орзу қилаётган қуршов ҳақида ҳеч қандай гап йўқ», деган Авдийивака маъмурияти раҳбари.

Россия армияси шунга ўхшаш амалиётларни Марйинкада ҳам ўтказмоқда. Бу посёлка уруш давомида тўлиқ яксон этилган ва бир қисми Россия қўшини томонидан эгаллаб олинган. Аммо Украина ҚК ҳамон унинг ғарбий қисмини ўз назоратида сақлаб қолмоқда ва бу ерда кучли истеҳкомлар ва окоплар тизимини барпо этган.

Россиялик ҳарбийлар жанубдаги Победа қишлоғи (Марйинкадан 3 км масофада) орқали истеҳкомларни айланиб ўтиб, Кураховодаги трассага етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Бу аҳоли яшаш манзили ҳам муҳим аҳамиятга эга, у амалда Украина гуруҳининг Марйинка ва Вуҳледар йўналишларидаги логистик маркази ҳисобланади.

Россия бу ҳудудда ҳам авиацияни фаол равишда қўллай бошлаган. Хусусан, Украина ҚК 7 апрел куни бу ерда россияликларнинг Су-25 самолёти уриб туширилганини хабар қилган.

«Россиянинг ушбу фронт чизиғи бўйлаб (Марйинка атрофи) юриш ҳаракатлари кўп жиҳатдан муваффақиятсиз бўлиб қолмоқда ва бу ҳудудда тактик илгарилашдан бошқа натижани таъминламаяпти», дея қайд этилган ISW’нинг 6 апрел кунги ҳисоботида.

Россия мудофаа вазирлиги ҳафта давомида рус қўшинлари Марйинка атрофида украинларнинг бир қанча қарши ҳужумларини қайтаргани ҳақида маълум қилган. Аммо ҳарбий телеграм-каналлар бунинг аксини, Украина ҚК 4 апрел куни Победа қишлоғи атрофида бир қанча муваффақиятли қарши зарбалар амалга оширганини хабар қилган.

Марйинка посёлкасининг бир қисми Россия қўшини томонидан эгаллаб олинган
Фото: ANDREY ERMAK

Бошқа йўналишлар - Запорижжя ва Херсон йўналишларида - вазият жиддий ўзгаришларга учрамаган. Томонлар артиллерия ва ракета зарбалари алмашинувини давом эттириб, рақибларининг ўқ-дори омборлари ва коммуникация тизимларини яксон этмоқда.

Россияликларнинг нисбатан энг кучли зарбалари Украина назоратидаги Орехив, Гуляйполе (Запорижжя области) ва Берислав (Херсон области)га берилган. Украинлар эса ракеталар билан россияликларнинг Запорижжя областидаги Токмак ва Мелитопол шаҳарлари атрофидаги позицияларини ўққа тутган. Айнан мазкур ҳудудда украинлар йирик қарши ҳужумга ўтиши кутилмоқда.

Украина қуролли кучлари ҳозирча юриш бошлашга тайёргарлик кўришни давом эттирмоқда. Улар эҳтимолий муддатни ҳам, юриш амалиётлари йўналишларини ҳам ошкор этишмаяпти.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг