19:08 / 14.05.2023
454

Туркиядаги сайловлар: Эрдоғаннинг сўнгги “юриши”

Туркиядаги сайловлар: Эрдоғаннинг сўнгги “юриши”

Бугун Туркия учун ўта ҳаяжонли кун. Навбатдаги Президентлик ва парламент сайловлари, туркияликларнинг эътироф этишича, ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Дарҳақиқат, туркларнинг бугунги танлови фақатгина Туркия учун эмас, балки Яқин ва Ўрта Шарқ, катта эҳтимол, дунёдаги геосиёсий жараёнлар учун ҳам катта аҳамиятга эга, десак, муболаға бўлмайди. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам бу борада фикр-мулоҳазалар, тортишувлар авжига чиқяпти.

Биз ҳам ушбу муҳим жараёнга гувоҳ бўлиш ва кўрганларимни Сизлар билан ўртоқлашиш учун ўзим яшаб турган Истанбул шаҳрининг Фотиҳ тумани Риёзиёчи Солиҳ Закий номли бошланғич мактабда ташкил этилган сайлов участкасига бордим.

Эътиборимни тортган илк жиҳат одамларнинг эрта тонгдан фаоллик билан сайловда иштирок этиш учун шошилиши бўлди. Одатда турклар якшанба куни тушлик вақтигача кўчага чиқмайди. Мактабдаги ҳар бир хонада узундан узоқ навбатлар ҳосил бўлган. Ёш болали аёллар ва ногиронлар навбатсиз қўйиб юборилмоқда. Гарчи сайловолди жараёнда одамлар бир бири билан қаттиқ тортишишларига кўп гувоҳ бўлсак-да, кеча соат 18.00 да бошланган “сукунат вақти” туфайлими ёки бошқа сабаби борми, ҳар қалай сайлов жараёнлари ажиб бир сокинлик ила давом этмоқда.

Овоз бериш жойига видеорегистратор ёки мобил телефон, фотоаппарат ёки кинокамера каби алоқа воситалари билан кириш тақиқланган. Сайловчиларга ҳалал бермаслик ва ё таъсир ўтказмаслик жиҳатидан ҳатто матбуот вакиллари фаолиятига ҳам маълум чекловлар қўйилган.

Расмий хабарларга кўра, Туркия бўйлаб 973 туманда 1094 та округ сайлов округида 191 минг 884 қути ташкил этилди. Сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга 60 миллион 697 минг 843 нафар киши рўйхатга олинган.

Сайловда иштирок этиш учун ногиронлар, касаллик ёки кексалик туфайли юришга қийналадиган кишилар келаётганини кўриб ҳаяжонга тушади одам. Фуқаролик бурчи деган жумла бир қарашда сийқага, “қизил гап”га ўхшайди, аммо қардошларимиз учун сайлов ҳаёт мамот масаласи эканига шубҳа йўқ. Маҳаллий матбуотда хабар қилишинича, Ризо ва Трабзон вилоятларида икки киши сайловга иштирок учун келиб, юрак ҳуружидан вафот этган. Дарҳақиқат, Туркияда сайловлар ўта ҳиссиётларга бой равишда кечар экан.

Сайловни тинч ўтказиб олиш мақсадида бир қатор тақиқлар жорий қилинган

Бугун соат 06:00 дан 24:00 гача спиртли ичимликларни сотиш тақиқланади. Ҳатто спиртли ичимликлари мавжуд кафе ва ресторанлар ҳам шу чеклов асосида иш кўришга мажбур.  Бундан ташқари, қаҳвахоналар ва интернет-кафелар каби барча оммавий кўнгилочар масканлар ёпиқ бўлади. Полиция ходимларидан ташқари ҳеч ким қурол олиб юриши мумкин эмас. Агар кимдир шундай қоидаларни бузса, уч ойдан олти ойгача озодликдан маҳрум этилади.

Сайлов участкалари ёпилгунга қадар тарғибот-ташвиқотга эга янгиликлар ва кўрсатувлар бўлмайди. Бугун Адияман вилоятида эгнига амалдаги президентнинг расми туширилган аёл сайлов участкасига қўйилмаган.

Эрдоғаннинг сўнгги “юриши”

Дарвоқе, кеча кечки пайт Ражаб Тоййиб Эрдоған Истанбулдаги Аё София масжидига келди. Шом ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этган давлат раҳбари Бақара сурасининг илк беш оятини тиловат қилди. У билан учрашиш учун келганлар масжидга сиғмай қолди.

Эрдоған жамоатга хитоб қилиб: "Сизларнинг мана шундай бирлигингиз бардавом бўлсин. Бутун ислом олами Туркияда содир бўлаётган воқеаларни кузатиб бормоқда. Душманларимиз эса бунинг аксини хоҳлайди. Роббимиз уларга имкон бермасин! Ҳаммамиз биргаликда  Қуръонга ёпишайлик, Аллоҳнинг йўлини маҳкам тутайлик, иншааллоҳ, Парвардигоримиз бунинг натижасини бизларга лутф этажакдир...” деди.

Сайлов олдидан барча вилоят ва шаҳарларда митинглар ташкил этган Эрдоғаннинг бу сўнгги “юриши”да рамзий маънолар бор, албатта. Биринчидан, Аё София масжиди ЖХП иқтидорда эканида музейга айлантирилган ва айнан Эрдоғаннинг бошқаруви вақтида (2020 йили) яна масжидга айлантирилган эди. Иккинчидан, мазкур ибодатгоҳ Истанбул фотиҳи Султон Муҳаммад фармони билан масжидга айлантирилган ва фатҳнинг асосий рамзи ҳисобланади. Учинчидан ва бизнингча энг асосийси у туркиялик мусулмонларни ҳаяжонга солиб, сайловда янада фаоллик билан иштирок этишларига сабабчи бўлишни истаган бўлса, не ажаб...

Бугун соат 11.40 да Эрдоған рафиқаси Амина хоним билан Ускудор туманидаги Соффат Чабий номли ўрта мактабда ташкил этилган сайлов учаскасига овоз бериш учун борди. Эътиборлиси, президент оиласи билан бирга ҳамма қатори навбатга турди. Ўзидан олдингилар гарчи ўтказиб юборишни айтсалар ҳам Эрдоған унамади. Эру хотин масъул назоратчиларга эл қатори паспортларини узатиб, сайлов кабинасига овоз бериш учун йўналди.

Зилзила ҳудудларида сайлов

Олий сайлов комиссияси шу йил 6 феврал куни зилзила содир бўлган 11 вилоятда ҳам керакли шарт шароитларни ҳозирлади. Авваллари сайлов ўтказилган мактаблар вайрон бўлган ёки шикастлангани туфайли аксар участкалар ҳовлиларда ёки контейнерларда ташкил этилди.

Бу галги сайловда касаллиги ёки ногиронлиги сабабли тўшакка михланиб қолган сайловчилар учун ҳам кўчма сайлов қутилари яратилган. Бундан ташқари жорий сайловда илк бор кўзи ожиз фуқаролар учун махсус бланкалар ҳам тайёрланди.

Олий сайлов комиссияси бугун соат 21.00 га қадар сайлов натижаларини эълон қилиши кутилмоқда.

Шов-шувлар серияси

Сайлов арафасида Мамлакат партиясидан президентликка номзод Муҳаррам Инжанинг чекиниши жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. У ўтган сайловларда мухолифатдаги партия ЖХПдан президентликка номзод сифатида кўрсатилган ва икки тур натижаларига кўра Эрдоғанга ютқазганди. Асли касби физика муаллими бўлган Инжа кейинчалик ЖХПдан чиқиб кетиб, Мамлакат партиясига асос солганди.

Ўзининг изоҳ беришича, уюштирилган босимлар, туҳматлар, шантажларга чидаш учун Инжанинг кучи қолмаган. Айтишларига қараганда, интернетда Муҳаррам Инжанинг юзи монтаж қилинган турли ҳаёсиз видеолар тарқатилган. Бундан ташқари унинг (Эрдоған бошлиқ) ҳукуматдан катта миқдордаги пора олгани ҳақида иддаолар қилинмоқда.

Шундай гап-сўзларга нуқта қўйиш учун ва катта эҳтимол сайловда ютқазишини билганидан икки кун қолганда у чекинишни маъқул кўрди.

Эртага (Эрдоғанга) ютқазиб қўйишса, (ЖХП бошлиқ мухолифат) мени овозларни айирганликда маломатлаб, бор айбни менга ағдармасликлари учун мен ўз номзодимни қайтариб олишга қарор қилдим”, деди Муҳаррам Инжа.

Камол Қиличдорўғли Инжага уюштирилган шантаж ва босимлар ортида Россия турганини иддао этди. Бироқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса бундай иддао асоссиз эканини айтиб баёнот берди.

Президент Эрдоғаннинг фикрича, мазкур қилмишлар остида ФЕТОчилар (Фатҳуллоҳ Гулен террор гуруҳи)нинг “имзоси” бор. Эътиборлиси, гарчи ашаддий рақиб бўлсалар-да, Эрдоған Инжага қўнғироқ қилиб, ундан ҳол-аҳвол сўради ва унга эзгу тилакларини билдирди.

Яна бир шов-шув эса Коня вилоятида содир бўлди. Куни кеча ЖХПнинг Дарбант тумани раисига тегишли машинадан 41 та сохта бюллетен топилган. Уларнинг барчасида мухолифат номзоди Камол Қиличдарўғли белгиланди. Тахминларга кўра, сайловларда мағлубиятга учралган тақдирда ушбу сохта бюллетенларни ахлат қутисига ташлаб юбориб, кейин эса уни “топволиб”, “Мана Қиличдорўғлига берилган “овоз”лар ахлатга ташлаб юборилди”, деб сайлов натижаларига ишончсизлик туғдириш бўлган. Ҳозирда унга ва тайёр бюллетенларни чоп этган босмахона жавобгарликка тортилди.

Дунёдан акс-садолар

Туркиядаги сайловларнинг Яқин ва Ўрта Шарқ, шунингдек, мусулмон ва турк олами учун аҳамияти катта эканини таъкидладик. Бунинг сабаблари кўпчиликка маълум. Энг катта сабабларидан бири, бу – Туркиянинг амалдаги раҳбари аввалги издошлари каби Ғарб ва американинг нағмаларига учмай, мамлакатни ўз принциплари асосида бошқариши, ҳарбий саноатни ўта кучайтириб юборгани, туркий халқларни бирлаштиргани ва мухолифатнинг эса буларнинг барчасига қарши чиқаётганидир. Шунинг учун Ғарб ва АҚШ ҳукуматлари Камол Қиличдорўғли номзодини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватламоқда. Қуйида келтирилган иқтибосларни ўқиб, бунга яна бир карра амин бўлишингиз мумкин.

Исроилнинг Jerusalem Post газетаси шундай ёзмоқда:

Эрдоған бошчилигида Анқара мустақил ташқи сиёсат юритиши керак, деб ҳисоблайди ва буни ҳокимият тепасида туриб амалга оширишни уддалади. Парчаланган мухолифат тузилмаси номзоди бўлган Қиличдарўғли Туркия учун янада мўътадил ва янги йўл тутиши мумкин. Ғарб давлатлари сайлов натижаларини катта сабрсизлик билан кутмоқда”.

Британиялик журналист ва таҳлилчи, Middle East Eye журнали бош муҳаррири Девид Хирстнинг фикрига кўра, "Ғарб оммавий ахборот воситалари ҳайратда қолади, чунки Қиличдорўғлининг демократияси остида жуда нодемократик ва ирқчилик илдизлари яширилган".

Туркия билан юз йиллардан бери уруш ҳолатида бўлган греклар эса қўшниларининг ҳарбий жиҳатдан кучайиб кетганидан хавотирда кун кечирмоқда. Ҳатто улар Эрдоғанни ўлдиришга қотил ёлллашга ҳам тайёр...

"Агар Эрдоған ҳокимиятда қолса, уни сайловдан кейин дарҳол отиб ташлаш керак", деди грециялик журналистлардан бири.

100 йил аввал – халифалик қулаганидан бери Ғарб биринчи марта Туркиядаги сайловларга Ғарб ва Ислом ўртасидаги уруш сифатида қарамоқда”, - дейди Ал-Жазира сиёсий шарҳловчиси Аҳмад Мансур.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сигментида ҳам муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Кимдир Эрдоғаннинг сайланиши мусулмонлар учун хайрли эканини айтиб дуо қилса, бошқа биров уни (Эрдоғанни) диктаторликда айблайди. Менимча, ҳеч бир давлатдаги сайловлар юртдошларимизни бунчалик тортишувларга суқмаган эди, ҳатто Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар ҳам. Ана шундан ҳам билиб олсак бўлади Туркиядаги сайловнинг аҳамиятини.

Биз эса одатдагидек сўнгги сўзни қардошларимизнинг ўзига қолдирамиз, зеро улар кимни сайлашни ўзлари яхши билишади.

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркиядаги мухбири


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг