22:30 / 28.05.2023
838

Беларусда ядро қуроли жойлаштирилиши нимани англатади?

Беларусда ядро қуроли жойлаштирилиши нимани англатади?

Россия Беларусда ўзининг тактик ядро қуролини жойлаштирадиган бўлди. Бу ҳақда анчадан бери спекуляциялар, баёнотлар бўлиб келаётган эди. Лекин қарор энди қабул қилинди ва билдирилди.

Беларус президенти Лукашенко, кейинги 2-3 йил давомида, Путиндан Беларусда ядро қуролини жойлаштиришни сўраб келар эди. Яъни бу расман Лукашенконинг сўрови эди. 2020 йилги Беларусдаги оммавий намойишлар ва Украина уруши фонида, Россия-Беларус муносабатлари жиддий ўзгарди. Унга қадар Лукашенко Россия билан яқин эди, лекин ташқи сиёсатда маълум мувозанат сақлаб келарди. Украина уруши бошлангач, бу мувозанат йўқолди.

Хўш, Россиянинг тактик ядро қуроли Беларус ҳудудида жойлаштирилиши, бу икки давлатга нима беради? Уларнинг манфаатлари нима?

Лукашенко учун, бу – глобал майдонда “дахлсизлик” мақомини беради. Агар эътибор берилса, қайси давлатда ядро қуроли бўлар экан, ушбу давлат билан анча эҳтиёткорона мулоқотда бўлишади. Чунки ядро қуролининг ишлатилиши жуда ҳалокатли баҳоланади.

Мисол учун, Шимолий Кореяда ядро қуроли борлиги, бу давлатга нисбатан ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлишни тақозо қилади. Шимолий Корея ядро қуролининг ҳомийси – собиқ СССР ва бугунги Хитой Халқ Республикаси экани маълум. Агар КХДРда ядро қуроли бўлмаганида эди, бу давлатдаги ўта репрессив ва таъбир қилиб бўлмайдиган сиёсий тизим, куч ишлатиш орқали йиқитилган бўлиш эҳтимоли юқори эди.

Бошқа мисол – Муаммар Қаззофий Ливияси. Агар Қаззофийда ядро қуроли бўлганида эди, ташқи давлатлар уни йиқитиш учун ҳарбий операцияни амалга оширишдан тийилган бўлар эди.

Демак, Россиянинг тактик ядро ракеталарини ўз ҳудудига жойлаштириб, Лукашенко ўзи учун хавфсизлик ва дахлсизлик соябонини яратишга эришмоқда.

Путин-чи, бу унга нима беради? Бу орқали Путин коллектив ғарбга ўзининг шарт ва талабларини етказди. Путин, ғарбда бамисоли “агар мен билан тезроқ келишувга эришмасангиз, дунёдаги маргинал давлатларга ядро қуролини беришда давом этишим мумкин, нима қила оласиз?!” демоқда.

Бу ҳолатга, Хитой Халқ Республикасининг муносабати қандай? Расман, ҳозирча муносабат йўқ. Лекин бу масалада Пекиннинг иккита манфаати тўқнашмоқда.

Биринчиси – коллектив ғарбга босим сифатида, бу иш Пекинга ёқиши мумкин. Лекин иккинчи масала – АҚШнинг Хитойга яқин бўлган иттифоқчилари, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларда тактик ёки стратегик ядро қуроли жойлаштирилишини, Хитой мутлақ истамайди. Шунинг учун, Беларусга Россия ядро қуроли жойлаштирилишини расман қабул қилиши осон бўлмайди.

Беларусда ядро қуролининг жойлаштирилиши, Европада ва постсовет ҳудудидаги ҳарбий, хавфсизлик ва геосиёсий вазиятни жуда таранглаштиради. Бу иш Евросиёдаги стратегик барқарорликка янги чақириқ бўлди. Европа ва айниқса Украина, қўшимча асабийлашиб бошлади. АҚШ ҳам. Постсовет ҳудудига бу ҳолат албатта таъсир қилади.

Мисол учун, ўтган ҳафтада Москвадаги ЕОИИ саммитида чиқиш қилган Қозоғистон президенти Тўқаев Евросиё иттифоқи ичида яна битта иттифоқ – Россия-Беларус бирлиги борлигини “муаммо” деб атади. Тўқаев бамисоли “Евросиё Иттифоқи икки командага бўлиниб қолмоқда: Россия ва Беларус бир томон, қолганлар бир томон. Қарор қабул қилишда ҳам, Москва ва Минск келишиб олиб, ўз манфаатларини қолганларга ўтказишмоқда” деган бир позицияни назарда тутгандек бўлди.

Ўзбекистоннинг 2018 йилда қабул қилинган Мудофаа доктринасида, ядро қуроли алоҳида муаммо ва таҳдид сифатида тилга олинади. Ўзбекистон, Марказий Осиё ҳудуди ядродан холи бўлган ҳудуд бўлиши кераклигини урғулайди. Россия ядро қуроли Беларус ҳудудига жойлаштирилиши, постсовет ҳудуди, жумладан, Қозоғистонда ҳам маълум безовталикка асос беради. Демак, Россиянинг ядро қуролини Беларусда жойлаштириши Ўзбекистоннинг ва Марказий Осиё минтақасининг ҳам манфаатларига тўғри келмайди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Беларусда ядро қуроли жойлаштирилиши нимани англатади?
ePN