Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатда репатриация институтини жорий этиш ва “репатриант” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилди. Бу департамент томонидан тайёрланган Россия Федерацияси Президенти қарори лойиҳасида айтилган.
Ҳужжатда айтилишича, репатриация институти хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг Россияга ихтиёрий равишда кўчирилишига кўмаклашиш давлат дастури доирасида яратилади.
Фармон лойиҳаси муаллифлари қуйидаги тоифаларга мансуб Россия Федерациясига кўчиб ўтишни хоҳловчи фуқароларни репатриантлар деб ҳисоблашни таклиф қилишди:
2022 йил 24 феврал ҳолатига кўра чет элда доимий яшовчи (рус қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг бошланиши) Россия Федерациясининг собиқ фуқаролари;
РСФСР ҳудудида туғилган ёки доимий яшовчи ва илгари собиқ СССР фуқаролигига эга бўлган шахслар;
РСФСР ҳудудида ёки Россия империяси ёки СССРга тегишли бўлган ҳудудда, Россия Федерациясининг давлат чегараси доирасида туғилган ёки доимий яшовчи ва тегишли фуқароликка эга қариндошлари бўлган шахслар.
Репатриантларни аввало вақтинчалик прописка олмасдан туриб доимий прописка билан таъминлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, улар рус тилини билишларини тасдиқлаш заруратидан озод қилинади.
Фармон лойиҳасининг изоҳида айтилишича, "ушбу тоифадаги шахсларга рус тилини билишини тасдиқлаш талабини кенгайтириш уларнинг Россия Федерациясига нисбатан ишончсизликка олиб келади, шунингдек, Россия Федерациясининг ҳозирда сони сезиларли даражада камайган хорижий муассасалари ходимларига қўшимча иш орттиради".
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг, юз минглаб фуқаролар Россия Федерациясини тарк этишди. Россияни тарк этганларнинг аксарияти ўтган кузда Владимир Путин мамлакатда “қисман” сафарбарлик эълон қилганидан кейин Россияни тарк этган. Украинада сафарбар бўлиб, фронтга кетишдан чўчиган россияликлар Марказий Осиё мамлакатларига кўчишган.
Росстат маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияни 24 миллиондан ортиқ киши тарк этган. Бу 2021 йилга нисбатан қарийб уч миллионга кўпдир.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!