23:00 / 10.06.2023
286

Туркияда ҳукумат янгиланди. Эрдўған амалга оширган асосий ўзгаришлар ҳақида

Туркияда ҳукумат янгиланди. Эрдўған амалга оширган асосий ўзгаришлар ҳақида

Туркия президентлигига учинчи марта сайланган Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз жамоасида кутилмаган ўзгаришларни амалга оширди. Хусусан, ташқи ишлар, мудофаа ва молия вазирлари алмашди.

2014 йилдан бери ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган Мавлуд Човушўғли Анталияда депутат сифатида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Миллий разведка ташкилотини бошқариб келган Ҳоқон Фидан унинг ўрнига ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Туркиянинг Сурия ва Ироқда ўтказилган бир қатор ҳарбий операциялари муаллифи Яшар Гулер Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилишни бошлади.

Kun.uz мухбири Туркиядаги кадр ўзгаришлари ҳақида шарқшунос таҳлилчи Ясин Ҳазратқулов билан суҳбатлашди.

— Эрдўған кейинги президентлик сайловларида ўз номзодини қўймаслигини эълон қилган эди. Сайловдан кейинги шакллантирилган ҳукумат эса деярли тўлиқ алмаштирилди. Бу билан Эрдўған 5 йилдан кейин ҳам ўз таъсир доирасини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти, дейишимиз мумкинми?

— Мутахассисларнинг фикрича, мазкур сайлов Эрдўғаннинг 20 йиллик фаолиятидаги энг қийин сайлов бўлди, йиғилган овозлар ҳам бошқа сайловларга қараганда пастроқ бўлди, шунингдек, ёшларнинг мухолифат томонини қўллаб-қувватлаши бу сайловда кўп нарсалар ўзгарганини англатади. Яқинда президент ўз жамоаси таркибини эълон қилди ва биз унда таркибнинг деярли тўлиқ янгиланганига гувоҳ бўлдик. Бунга Туркиядаги иқтисодий-ижтимоий муаммоларни сабаб сифатида кўрсатиш мумкин, жумладан, йил бошидаги зилзиланинг оқибатлари ёки турк лирасининг қадрсизланиши ва бошқалар.

Умуман олганда, ҳукумат таркибининг қисман ўзгариши кутилган ҳолат эди, бироқ унинг бутунлай ўзгариши чиндан ҳам кутилмаган ҳолат бўлди. Эрдўған ҳокимиятда шу орқали ўз таъсирини сақлаб қолишни кўзлаган бўлиши мумкин, бироқ буни вақт кўрсатади.

— Ташқи ишлари вазири этиб, собиқ разведка бошлиғи Ҳоқон Фидан тайинланди. Сизнингча, Туркия бу орқали ташқи сиёсатида қандай режаларни ишлаб чиқиши мумкин?

— Мавлуд Човушўғлининг Ташқи ишлар вазирлигидан кетиши ва депутат лавозимига сайланиши барча учун кутилмаган ҳолат бўлди. Чунки у анча прагматик ташқи сиёсат олиб борарди. Човушўғли – Туркия ташқи сиёсатини тубдан ўзгартирган шахс, шунингдек, у бу лавозимда энг узоқ муддат ишлаган амалдор ҳисобланади.

Ҳоқон Фидан – жуда сирли сиёсатчи, биз уни 4-5 йил илгари танишни бошладик. У Миллий разведка ташкилоти раҳбари эди, бу ташкилот 2010 йилда ташкил қилинган, бироқ Фидан Эрдўған ҳокимиятида 2003 йилдан бери бор, яъни ўша вақтлардан бери ҳам у катта лавозимларда ишлаб келган. Шунингдек, у Туркиянинг ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги раҳбари бўлган ва бу лавозимдаги энг яхши раис сифатида тарихда қолган. Баъзи манбаларда Туркиянинг Африкадаги ташқи сиёсати чизгилари айнан Фидан даврида чизилган, деган фикрлар мавжуд.

Бундан ташқари, айрим манбаларнинг ёзишича, курдларнинг тинчланиши ва Гулен ҳаракати билан боғлиқ вазиятнинг юмшашида Ҳоқон Фидан катта рол ўйнаган. 2012 йилда Ослода Ҳоқон Фидан ва Курдлар ишчи партияси ўртасида махфий музокаралар олиб борилган, бироқ маълум бир вақтдан кейин бу музокаралар билан боғлиқ аудиоёзувлар тарқалиб кетган ҳамда Фидан миллатни сотганлик ва курдларга ёрдам берганликда айбланиб, унга нисбатан иш очилган. Мазкур қалтис ваиятга Эрдўғаннинг ўзи аралашиб, буйруқни ўзи бергани ва бундан кўзланган мақсадларни маълум қилган. Ҳоқон Фидан ўз раҳбарлиги даврида асосан Исроил ва АҚШ эмас, балки Эрон разведкаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган, бу курдлар билан боғлиқ, албатта.

Собиқ мудофаа вазири Хулуси Акар нега лавозимга тайинланмади? Туркияда бўлиниш бор, яъни баъзи сиёсатчилар исломий томонлама ёндашувга эга, баъзилар эса консерватив миллатчилар. Айрим манбалар Эрдўғанни исломий томонлама сиёсат юритишини, Акарнинг эса консерватив миллатчи эканини айтишади. Яъни улар ўртасида кичик-кичик келишмовчиликлар бўлган, масалан, баъзи манбаларга кўра, Туркия томонидан Россия самолётининг огоҳлантиришсиз уриб туширилиши уларнинг муносабатларини бир муддат кескинлаштирган. Шу жиҳатлар ва мамлакатдаги муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, Эрдўған Акарнинг ҳокимиятга интилишининг олдини олган бўлиши мумкин, чунки Туркияда йирик муаммолар юзага келган вақтда, ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллашга уринади.

— Эътиборлиси, Эрдўғаннинг инаугурацияга ташриф буюрганлар ичида Никол Пашинян ҳам бор эди. Арманистон бош вазири нима сабабдан бундай йўл тутган деб ўйлайсиз?

— Туркияда президентлик сайловлари якунланганидан кейин Яқин Шарқ ва чегарадош мамлакатлар вакиллари Эрдўғаннинг инаугурация маросимига расмий таклифномаларни олган. Бундай таклифнома Никол Пашинянга ҳам жўнатилган, албатта. Бунга сабаблардан бири бу Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларда асосий ролни айнан Туркия ўйнайди. Бунинг Россияга боғлиқ томони шундаки, 24 март куни Арманистон Рим протоколининг халқаро жиноятчилар бўйича моддасини ратификация қилди. Маълумки, Владимир Путин Ҳаага суди томонидан қидирувга берилган. Арманистон агар Россия президенти ўз ҳудудига кирса, уни Ҳаага судига топширишга мажбур, бироқ улар Озарбайжондан келган террорчиларни топширишларини айтиб, вазиятни юмшатмоқчи бўляпти. Пашиняннинг Туркияга ташрифига мазкур жиҳатлар ҳам сабаб бўлган.

— Инаугурацияда Эрдўған ташриф учун Озарбойжон президенти билан бирга, давлатимиз раҳбарига ҳам алоҳида миннатдорлик билдирди. Сизнингча, бу Туркий дунё интеграцияси учун катта бир сигнал бўла оладими?

— Инаугурация маросимида мени хурсанд қилган бир иш бўлди, яъни давлатимиз раҳбари маросимда энг олди қаторда ўтирди ва бу ўз-ўзидан Туркия президентининг Шавкат Мирзиёевга бўлган ҳурматини англатади. Яна бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, Эрдўғаннинг 2019 йилдан бошланган ташқи сиёсат концепсияси яна давом этади, яъни улар 2019-20 йиллардан бошлаб турк дунёси билан алоқаларни кучайтириб бошлади.

Бир нарсани қўшимча қилиш мумкинки, мудофаа вазири Яшар Гулер бундан бир неча йиллар олдин Термизга келганида унинг ташрифи ҳали бошланиши экани ва бу ҳамкорлик янада ривожланишини айтиб ўтган эди. Шахсий фикримча, Фидан бошқаруви даврида туркий давлатлар ўртасида хавфсизлик масаласида ҳам ҳамкорлик бошланиши мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда ҳукумат янгиланди. Эрдўған амалга оширган асосий ўзгаришлар ҳақида
ePN