15:36 / 18.06.2023
319

Озарбойжоннинг Қорабоғдаги ғалабаси: Россия буни қабул қиладими?

Фото 001. Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашмоқда.
Фото: Михаил Метцель / ТАСС

Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги ҳарбий можароларга нуқта қўйилиб, ҳаммаси узоқ кутилган сулҳ шартномасига қараб кетмоқда. Кавказорти республикаларидаги вазият «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» типик империяча сиёсатнинг қонуниятларга асосланган натижаси бўлиб турибди.

Ҳам Ғарб давлатларида, ҳам Шарқда бўлиб ўтган бир неча музокаралардан сўнг Озарбойжон ва Арманистон ниҳоят умумқамровли, чинакам тарихий сулҳ шартномаси имзолашга жуда яқин келишди. Сўнгги марта Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Москвада учрашишди ва Олий Евросиё иқтисодий кенгаши доирасида кичикроқ мулоқот ўтказишди. Гарчи Озарбойжон ЕОИИ аъзоси бўлмаса ҳам, Алиевни тадбирга чақиришди.

Россия ОАВ, жумладан, Кремлда ўтган бу уч томонлама музокараларни батафсил ёритган «Ведомости» газетаси россиялик томошабинлар ва муштарийларда гўёки пошшонинг ерларидаги князлар аввалги даврлардагидек оқпошшога бош уриб келганидек таассурот йўқолмаслиги учун вазиятни шундай тасвирлашга ўтишди. Ҳаммаси у зоти олийларининг хайрихоҳлигини қозониш, гўёки буюк бир инсонни ўз фойдасига оғдириш учундек.

Аслида, ишлар бу даъволарга бутунлай қарама-қарши кўринишда. «Ведомости» газетаси масалан, Путин ўша йиғилишда Москвага келгани учун Алиевга ташаккур билдиргани ҳақида ёзган. Бу тасодиф эмас, Алиевнинг ташрифи ўзидан ҳам кўра Путинга кўпроқ зарур эди, чунки Кремлнинг Кавказорти ишларига таъсири эндиликда агар нолга тенг бўлмаса ҳам, шунга яқин.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев. Фото: Михаил Метцель / ТАСС. kremlin.ru

Гап шундаки, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги имзоланиши муҳокама бўлаётган сулҳ шартномаси Ереваннинг Қорабоғга тарихий даъвосидан воз кечишни тақозо этиш билан бирга, Москванинг Кавказортида қақшаткич мағлубиятга учраганини ҳам билдиради.

Озарбойжон учун бу шартноманинг имзоланиши 2020 йил кузидаги Иккинчи Қорабоғ урушида унинг тўлиқ ғалабага эришгани ва улкан ташқи сиёсий муваффақиятни англатади.

Арманистон учун, биринчи навбатда унинг айни пайтдаги ҳукумати учун бу шартнома мураккаб синов бўлиши мумкин. Ҳозирча Пашинян ва унинг партияси шартнома имзолангач мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қола оладими-йўқми, буниси номаълум. Москва жон-жон деб арманларга ҳукуматга қарши намойишлар ўтказишни ташкиллаштириш ёки шундай намойишларни қўллашга уриниши мумкин, бироқ бу ўйинларнинг истиқболлари барибир шубҳали. Албатта, арманларнинг кўпчилиги Қорбоғни ўзлариники деб ҳисоблашади, лекин унинг учун қон тўкиш истагида ёнаётгани йўқ. Путин эса ҳозир Боку ва Анқаранинг мустаҳкам коалициясига қарши уруш қила оладиган ҳолатда эмас, деб ёзади журналист Александр Желенин.

Нега Кремл учун Озарбойжоннинг ғалабаси минтақада қақшаткич геосиёсий мағлубиятни англатади?

Эслатиб ўтамиз, Арманистон Россия етовидаги КХШТ блоки аъзоси ва у урушда ютқазди, КХШТ эса (моҳиятан Россия) унга ёрдам қўлини чўзмади. Бу ерда ўз-ўзидан савол пайдо бўлади — унда бу иттифоқ ўзи нега керак? Бежиз Пашинян Москвадаги учрашув олдидан мамлакати КХШТни тарк этишга тайёрлиги ҳақида баралла гапирмади. Унинг сўзларига кўра, ушбу блокка аъзолик Арманистонга бошқа давлатлардан қурол-яроғ харид қилишга халақит беради. Эҳтимол, қисман шундайдир ҳам, лекин бу асосий сабаб эмас. Чунки Арманистон айнан Озарбойжон билан урушда жуда катта умид қилиб турганида ушбу блок мутлақо фойдасиз бўлгани аён бўлди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян. Фото: Михаил Метцел / ТАСС

Агар вазиятга юқоридан назар ташланадиган бўлса, Кавказортида бугун «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил», деган соф империяча сиёсатнинг қонуниятларга асосланган натижасига гувоҳ бўлиб турибмиз. Путин 20 йил мобайнида гоҳ Бокуга таҳдид қилиб, гоҳ Ереванни Россия гази учун нархларни ошириши билан шантаж қилиб, арман-озарбойжон можаросининг ҳар икки тарафига қурол-яроғ сотиб келди, пировард оқибатда Россияни Кавказортида боши берк кўчага киритиб қўйди.

Ҳозир унинг қўлида қолган ягона нарса — ўзидан ҳар икки томоннинг манфаатларини кўзлаётган тинчликпарвар ясаб, ёмон ўйинда яхши қуролни сақлаб қолишга интилиш. Аммо бу рол жуда ночор, чунки 2020 йилнинг кузидаги урушда Озарбойжон ғалаба қозонгач, Путинда ушбу минтақага таъсир ўтказа олишга изн берадиган ричагнинг ўзи қолмади. Гюмридаги Россия ҳарбий базаси ҳам, Арманистоннинг КХШТга аъзолиги ҳам Ереванга ўша урушда ёрдам бера олгани йўқ. Боз устига, буларнинг барчаси Украинага кенг миқёсли босқин юз бермаган пайтда содир бўлган эди. Ҳозирни-ку, асти гапиришга ҳожат йўқ.

Албатта, Путинда ўзини оқлаш учун доим важ топилади. Яъни «2020 йилдаги урушга аралашмасдан, Арманистонга ёрдам қўлини чўза олмаганимизга сабаб КХШТ (яъни, Россия) нинг мажбуриятлари фақат унинг халқаро тан олинган чегараларини ҳимоя қилиш учун амал қилади, Тоғли Қорабоғ эса БМТ томонидан Озарбойжоннинг ҳудуди деб тан олинган», дейиши мумкин. Бироқ, бу важ мутлақо сохта. Путинни қачон халқаро тан олинган чегаралар тўхтата олган? Гуржистон билан 2008 йилдаги уруш ҳам, Украина бидан 2014 ва 2022 йилдаги урушларда ҳам ана шу халқаро ҳуқуқ уруш бошлаш учун унга тўсиқ бўла олмаган.

Аслида, 2020 йил сентябр-ноябр ойларида Қорабоғ учун Иккинчи арман-озарбойжон урушида Путиннинг «вазминлиги» оддий нарса билан тушунтирилади.

Ушбу воқеагача ярим йил аввал — ўша 2020 йилнинг феврал-март ойларида Суриянинг Идлиб шаҳри учун жангларда Россия қўшинларини тор-мор этган кучли турк армияси Озарбойжон ортида турган эди.

Туркия томони маълумотларига кўра, ўшанда Сурияда 3 мингга яқин рус ҳарбийлари, 150 та танклар ва бошқа зирҳли техникалар йўқ қилинган.

Эрдўған ўшанда 2014 йилда Борис Немцов украинларга берган тавсия — «боплаб башарасига тушириш»ни эплай олган ва бу иш берган эди. Олти ой ўтгач, Туркиядан яна бир зарба қабул қилинган, бу сафар Кавказ ортида. Боз устига, Эрдўған ўшанда Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларга учинчи мамлакатнинг қўшилиши Анқаранинг ўз қуролли кучларини тўлиқ ҳажмда ҳаракатга келтиришига сабаб бўлишидан огоҳлантириб, гапларининг исботи сифатида F-16 қирувчи самолётлари эскадрилясини Озарбойжондаги ҳарбий аэродромга жойлаштирган эди.

Идлибдаги мағлубиятдан сўнг Путинни узоқ кўндиришга ҳожат қолмади: куч — у чиндан ҳам ҳурмат қиладиган ягона нарса.

Владимир Путин Озарбойжон ва Арманистон раҳбарлари билан учрашувди. 2023 йил 25 май.
Фото: Иля Питалёв / «Россия сегодня» ХАА

Мана шу сабабларга кўра Россиянинг Кавказортидаги таъсирини сақлаб қолишга интилар экан, Путин Қорабоғ уруши ғолиби Алиев билангина эмас, мағлубиятга учраган Пашинян билан ҳам тилёғламалик қилишга маҳкум.

Бошқа нима қилсин? Арман-озарбойжон можаросини ўзига хос бўлган йўл — интригалар ва ҳарбий йўллар билан ечишга интилиш Россиянинг Украинадаги йўқотишлари фонида мутлақо имконсиз. Фақатгина «тинчликпарвар» роли қолмоқда. Боз устига, бошқа роллар аллақачон тақсимлаб олиб бўлинган, ҳамма нарса усиз ҳал қилиб бўлинган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Озарбойжоннинг Қорабоғдаги ғалабаси: Россия буни қабул қиладими?
ePN