
Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман идораси жиноий қонунчиликка келин ўғирлашнинг олдини олишга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқди.
Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликдан “жабрланувчи ихтиёрий равишда озод этилган тақдирда қонунбузарни жиноий жавобгарликдан озод қилиш” ҳақидаги эслатмани чиқариб ташлаш таклиф этилди.
Баёнотда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари тажрибаси келтирилиб, жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистоннинг жиноий қонунчилигида аёлларни мажбурий никоҳга олиш мақсадида ўғирлаш тўғрисида алоҳида модда борлиги кўрсатилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Қозоғистонда, айниқса, жанубий вилоятларда қизларни турмуш қуриш мақсадида ўғирлаш амалиёти ҳамон кенг тарқалган.
Баъзи ҳолларда бундай ҳаракатлар жинсий дахлсизлик, камситиш, ноқонуний ушлаб туриш ва ҳатто ўз жонига қасд қилишга олиб келади.
Одам ўғирлаш билан боғлиқ жиноятлар таҳлили шуни кўрсатдики, Қозоғистонда 2019 йилдан ҳозирги кунга қадар ушбу тоифадаги 214 та жиноят қайд этилган. Шу билан бирга, қизларнинг турмуш қуриш мақсадида ўғирланиши бўйича ишончли статистик маълумотлар йўқ, чунки Жиноят кодексида бундай жиноятнинг алоҳида таркиби мавжуд эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!