date
views 282

ЖАРда BRICS саммити очилди: глобал жануб давлатлари нимани муҳокама қилишади?

Фото: Marco Longari / AFP / Scanpix / LETA
Жанубий Африка Республикасининг Йоҳаннесбург шаҳрида BRICS саммити очилди. Бу ташкилот жаҳондаги ривожланаётган энг йирик беш иқтисодиётга эга давлатлар — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАРни бирлаштиради. Хўш, 15-бор ташкиллаштирилаётган саммитдан нималар кутилмоқда?

Қайд этиш жоизки, BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарлари ичидан фақат Россия президенти Владимир Путин саммитда бевосита иштирок этмайди, чунки Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди ордерига кўра уни бу давлатда ҳибсга олишлари мумкин.

Хўш, BRICS иштирокчилари нималарни муҳокама қилишади, экспертлар бу саммитдан нималар кутишмоқда?

Путинсиз BRICS ҳақида

Давлатлар ҳамдўстлигига 2006 йилда Санкт-Петербургда ўтган иқтисодий форумдан сўнг асос солинган. Аввалига иттифоқ иштирокчилари 4 та эди — Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой. 2009 йилда уларга Африканинг энг интенсив иқтисодиётидан бири сифатида ЖАР ҳам қўшилди. Ташкилот аъзолари ўз иқтисодиётларининг Ғарбга боғлиқлигини камайтиришга интилиб келишади. BRICS давлатлари ҳукуматлари ҳар йили расмий саммитларда учрашишади, бундан ташқари ТИВ, Молия вазирлиги ва бошқа давлат институтлари даражасида ҳам учрашувлар ўтказиб турилади. BRICS’нинг сўнгги саммити 2022 йил июнида Хитойда бўлиб ўтганди.

ЖАРда Россия делегациясига РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилади. Путин саммитга бормаслиги июл ойи охирларида узил-кесил маълум бўлган эди. ⁠ЖАР Рим статутини ратификация қилган, шунинг учун у ЖАРга борса Жанубий Африка Республикаси Халқаро жиноят суди ордерига кўра уни ҳибсга олиб, топшириши шарт эди. Ҳаага халқаро суди шу йилнинг 17 март куни Путинни Украинанинг ноқонуний оккупация қилинган ҳудудларидан вояга етмаган болаларни Россияга депортация қилганликда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Россия президенти BRICS саммитида видеоалоқа орқали иштирок этади.

Бош мавзу — BRICS’нинг кенгайиши

24 августгача давом этадиган саммитда иштирок этиш учун Лотин Америкаси, Осиё ва Африканинг 60 дан зиёд давлатлари етакчиларига таклифнома жўнатилган. BRICS’нинг кенгайтирилиши асосий мавзулардан бири бўлади. 40 дан зиёд давлатлар ташкилотга аъзо бўлиш учун хоҳиш билдиришган, уларнинг 23 таси расмий ариза топширишган. Бу давлатлар орасида Аргентина, Миср, Эрон, Жазоир, Ҳабашистон (Эфиопия), Индонезия, БАА, Саудия Арабистони ва Сенегал каби давлатлар бор.

BRICS’га аъзо бўлиш учун асосий номзодлар Индонезия, Саудия Арабистони ва Аргентина ҳисобланади. Россия Эроннинг аризасини қўллаб-қувватламоқчи, Бразилия эса — Аргентина ва Венесуэланикини. Кутилишича, BRICS вакиллари саммитда янги аъзоларни қабул қилиш мезонларини ҳам тасдиқлашади.

Financial Times нашрининг қайд этишича, Хитой BRICS ’ни G7’га асосий рақобатчи, ривожланаётган дунёнинг Ғарбга қарши чиқиши мумкин бўлган сиёсий блоки сифатида кўрмоқда. «Агар биз BRICS’ни унинг аъзоларининг ЯИМи G7 давлатларига тенг даражада кенгайтирсак, бизнинг биргаликдаги овозимизни бутун дунёда яхшироқ эшитишади», — деган нашрга ўз номини ошкор этмаган хитойлик олий мартабали мулозим.

Ўз навбатида Ҳиндистон BRICS’нинг кенгайиши масаласида етарлича босиқлик билан муносабатда бўлмоқда. Ҳиндлар бу ташкилотни ривожланаётган иқтисодий клуб сифатидагина кўришни истамоқда, деб ёзади FT. Шу муносабат билан экспертларга ХХР раиси Си Жинпинг ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди нималар дейиши жуда қизиқ. Ғарб томонидан иҳоталанган Россия эса нейтрал глобал жануб давлатлари билан дўстлашиб, санкция оқибатларини юмшатиш учун BRICS G7’нинг реал муқобили бўлишидан манфаатдор.

«Ғарб Россияни иҳоталашга уринаётган ҳозирги геосиёсий вазиятда Россия учун BRICS давлатлари ва бошқа минтақалар билан ўз алоқаларини кенгайтириш ўта муҳим. Ҳозирги шароитларда BRICS Россия учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга», — деган Глобал мулоқот институти ижрочи директори Филани Мтембу.

ЖАР ҳукумати аввалдан муроса позициясини эгаллаган. Мамлакат ташқи ишлар вазири BRICS’нинг кенгайтирилиши Ғарбга қарши ҳаракат деб ҳисоблаш «моҳиятан нотўғри» бўлишини таъкидлаган. Худди шу тарздаги фикрни ЖАР президенти Сирил Рамафоса ҳам айтган. Унга кўра, BRICS ўз сафига янги давлатларни қабул қилганидан кейин ҳам аксилғарб характерга эга бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, давлатлар рақобат қилувчи лагерларга бўлинишади, бироқ кенгайган BRICS «дунёнинг мувозанатлашган тартибига умумий интилиш»ни қўллаб-қувватловчи, турли сиёсий тизимга эга бўлган давлатлар гуруҳини тасмил этади.

«Бизга яхшиликни раво кўрмайдиган айримлар уларнинг сиёсий ва мафкуравий танловини очиқ қўллаб-қувватлашимизни талаб қилаётганига қарамасдан, биз жаҳоннинг барқудрат давлатлари ўртасидаги баҳслашувга аралашмаймиз», — дея ваъда берган Рамафоса.

Бироқ, FT’нинг қайд этишича, «Ғарб пойтахтларида Эрон, Беларус ва Венесуэланинг эҳтимолий аъзолигини Россия ва Хитойнинг позицияси мустаҳкамланишидан бошқа нарса деб қабул қилишлари даргумон».

Доллардан воз кечиш ва ягона валюта масаласи

Экспертлар саммитда BRICS’нинг ягона валютаси муҳокама қилинишини ҳам кутишмоқда. Бу валюта доллар ўрнини босиб, ундан ўзаро ҳисоб-китобларда фойдаланилади — BRICS’да ҳаттоки бу мақсад йўлида Шангҳайда очилган ўз банки ҳам бор. Бироқ бу жуда мураккаб масала, BRICS мамлакатлари валюталари (юан ҳисобга олинмаганда) жуда ўзгарувчан, рублнинг сўнгги ҳафталардаги аҳволи бунга мисол. Ҳозирча ягона валюта асосида савдо ҳисоб-китоблари қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин. Иқтисодчилар қайд этишича, бирлашма аъзоларида умумий иқтисодий макон ҳам йўқ, улар ўз маҳсулотларини турли бозорларга экспорт қилишади.

Bloomberg нашри ёзишича, саммитнинг иқтисодий натижалари чекланган бўлади, ягона валюта борасида ҳеч қандай арзирли қарор қабул қилинмайди. Таҳлилчилар прогнозларига кўра, долларлашувдан воз кечиш масаласи BRICS аъзоларининг ўзаро савдосида маҳаллий валюталар улушини ошириш тавсияси билангина чекланади.

Бироқ экспертлар BRICS’да салоҳият ҳам кўришмоқда.

«15 йил ичида блок ўзининг ўсиб бораётган иқтисодий вазнини сиёсий вазнга айлантира олмади, — деб ёзади Bloomberg. — Бироқ Хитой ва АҚШ ўртасида иқтисодий рақобат тобора ўсиб бораётган ва бўлинган бугунги дунёда, Россиянинг Украинага босқини шароитида блок глобал Жанубнинг овозига айланиши ҳамда истиқболда АҚШ ва унинг иттифоқчилари билан рақобатга киришиши учун имконият бор».

Халқаро валюта жамғармасининг сўнгги маълумотларига кўра, бугун BRICS ва G7 алянсларининг ҳар бири жаҳон ЯИМига 30 фоизга яқин улуш қўшишади. BRICS ўтган йиллар ичида «Катта еттилик»ни қувиб етди. Сўнгги ўттиз йил ичида BRICS’нинг жаҳон ЯИМидаги улуши икки баробар ўсган бўлса, G7 давлатлариники, аксинча, камайган — 90-йилларда «катта еттилик»нинг улуши 45 фоизни ташкил этарди. BRICS’да иқтисодий ҳолат Хитой шарофати билан яхшиланиб бормоқда. Блокнинг умумий ЯИМининг учдан икки қисми Хитойга тўғри келади.

BRICS ўз мамлакатлари аҳолиси сони бўйича G7’ни катта фарқ билан ортда қолдиради. БМТ маълумотларига кўра, G7 давлатларида жаҳон аҳолисининг 10 фоизи яшаса, BRICS’да бу кўрсаткич 43 фоиз (3,21 млрд киши).

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖАРда BRICS саммити очилди: глобал жануб давлатлари нимани муҳокама қилишади?