
Ўзи нима бўлди?
Норозиликлар июл ойида ота-оналар шикоятлари билан шуғулланиб келган 23 ёшли бошланғич синф ўқитувчисининг ўз жонига қасд қилиши ортидан бошланган, дея ёзади BBC. Шундан сўнг қонун қабул қилингунгача бутун мамлакат бўйлаб кореялик ўқитувчилар ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан намойиш ўтказиб келди.
Педагоглар ўқувчиларнинг ота-оналари уларни тез-тез ҳақорат қилаётгани, таъқибга олаётгани учун ҳимояга муҳтожлигини билдирган. Қайд этилишича, баъзида ҳатто ишдан бўшатиш учун болаларга нисбатан зўравонлик қилинаётгани ҳақида ёлғон хабарлар ҳам бериб турилган.
Яна баъзи маълумотларга кўра, ўқитувчилар мактабда тажовузкор ўқувчини тийиб тургани ёки койигани учун ҳам уларнинг устидан қасддан шундай хабарлар берилгани айтилмоқда. Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, ғаразли ниятларда қилинаётган бу каби шикоятлар таълим бериш ва ўқувчиларни тарбиялашга салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.
Бундай вазиятларда ота-оналар 2014 йилда қабул қилинган «Болалар фаровонлиги ҳақида»ги қонундан фойдаланмоқда. Қонунга кўра, болаларга зўравонлик қилганликда айбланган ўқитувчилар автоматик равишда ишдан четлатилиши қайд этилган.
Янги қонун қабул қилинди
Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Корея ҳукумати янги, «Ўқитувчилар ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Унга кўра, педагогларга болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида айблов қўйилганда дарҳол ишдан четлатилмайди, қўшимча тергов тайинланади, далиллар ўрганилади.
Шунингдек, иш судгача борганда ўқитувчиларга молиявий ёрдам кўрсатилади ва бош ўқитувчилар (мактаб директорлари)га ўз ходимларини ҳимоя қилиш учун кўпроқ масъулият юкланади.
Корея Ўқитувчилар касаба уюшмалари федерацияси янги қонун қабул қилинганини олқишлади. Қолаверса, федерация ҳафталар давомида узлуксиз кўчага чиқиб, ҳуқуқлари таъминланиши, шарт-шароитлар яхшиланишини талаб қилган ўқитувчиларга чуқур миннатдорлик билдирди ва бу ютуқда уларнинг ҳам ҳиссаси борлигини айтди.
Таъкидланишича, сўнгги ҳафталарда ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органлари ўқитувчиларни ҳимоя қилиш ва уларнинг масъулиятини осонлаштириш учун қатор чораларни кўрган, аммо улар ҳеч қандай қонуний кучга эга бўлмаганди. Яъни сентябр бошида ҳукумат ўқитувчиларга тартибни бузган ўқувчиларни синфдан чиқариб юбориш ва керак бўлса, уларни дарсдан чеклашга ҳам рухсат берган.
Бундан ташқари, Сеул таълим бошқармаси педагогларни ота-оналар шикоятларидан ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган режаларини маълум қилди. Унга кўра, ўқитувчиларга қилинган барча қўнғироқлар ёзиб олинади ва ота-оналарнинг шикоятлари учун махсус чатбот ишга туширилади.
Қонун ўқитувчиларни ҳимоя қила оладими?
Баъзи ўқитувчилар янги қонун, ҳужжатлар уларни ҳимоя қилишга етарли бўлмаслигини, кўрилаётган чора-тадбирлар эса узоққа бормаслигини айтмоқда. Корея ўқитувчилар касаба уюшмалари федерацияси раиси Ким Ён Сео янги қонун қабул қилиниши ўқитувчи ва ўқувчиларни ҳимоя қилиш йўлида қилинган катта қадам эканини, аммо жараёнда такомиллаштирилиши керак бўлган жиҳатлар борлигини таъкидлаган.
У сиёсатчиларни «Болалар фаровонлиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишга чақириб, ўқувчиларни тарбиялаш болаларга нисбатан зўравонлик деб белгиланиши мумкин эмаслигини қўшимча қилди.
Яна бир гуруҳ ўқитувчилар эса болаларга нисбатан зўравонликда ёлғон айблов қўйган ота-оналар жазоланишини истамоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!