date
views 468

«Европа осмон қалқони»: НАТОнинг янги ҳаво мудофаа тизими қандай бўлади?

«Европа осмон қалқони»: НАТОнинг янги ҳаво мудофаа тизими қандай бўлади?

Фото: Diehl Defence/abaca/picture alliance

Германия мудофаа вазири Борис Писториус 25 сентябр, душанба куни Болтиқбўйи мамлакатларига уч кунлик сафарга жўнаб кетди, бу сафар давомида у Латвия ва Эстонияга ташриф буюради ҳамда Германия ҳарбийларининг минтақадаги мавжудлигини муҳокама қилади. Бошқа нарсалар қаторида, гап ягона ҳаво мудофааси тизимини яратишга қаратилган Берлиннинг «Европа осмон қалқони» ташаббуси ҳақида боради.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари урушни Европа қитъасига қайтарди ҳамда НАТО ва Европанинг мудофаа қобилиятига янгича қарашга мажбур қилди. Айни дамда иттифоққа аъзо давлатлар ўз қурол-яроғларини мустаҳкамламоқда, янги мудофаа стратегиялари ишлаб чиқилмоқда. Улар орасига Украинада уруш авж олган тақдирда Россиянинг эҳтимолий ракета ҳужумларидан ҳимояланиш ва НАТОнинг Москва билан эҳтимолий қарама-қаршилиги киради.

ESSI’да 19 давлат иштирок этади

Европа учун мавжуд ҳимоя «соябонида» маълум бир бўшлиқлар мавжуд. Ўтган йилнинг октябр ойида Германия ташаббуси билан яратилган «Европа осмон қалқони» (European Sky Shield Initiative, ESSI) ташаббуси уларни йўқ қилишга қаратилган. Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар вакилларининг йиғилиши доирасида 15 давлат Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш нияти тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Германиядан ташқари, улар - Белгия, Болгария, Буюк Британия, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Руминия, Финландия, Эстония, шунингдек, Словакия, Словения, Чехия ва Венгрия. Кейинчалик лойиҳага Дания, Швеция, Австрия ва Швейцария қўшилди.

Германия канцлери Олаф Шолц лойиҳани тақдим этар экан, «бутун Европа учун хавфсизлик ютуқлари» ҳақида гапирди ва Европа ҳаво мудофааси ҳар бир мамлакат ўзининг қиммат ва мураккаб ҳаво мудофаа тизимини яратганидан кўра арзонроқ ва кенгроқ имкониятга эга бўлишини таъкидлади. Бироқ, Франция, Италия ва Полша ҳали ESSI’га қўшилмади. Париж, ўз навбатида, лойиҳа учун Исроил ва АҚШдан технология ва қурол сотиб олиш режалаштирилаётганини танқид қилди.

ESSI’нинг мақсади ҳар қандай ҳаво таҳдидларидан ҳимояланиш учун энг мувофиқлаштирилган қисқа, ўрта ва узоқ масофали ҳаво мудофаа тизимини яратишдир. Германия Мудофаа вазирлиги ўз веб-сайтида қисқа масофани ердаги 15 км ва 6 км баландликкача бўлган масофа сифатида белгилади. Ўртача масофа - мос равишда 15 кмдан 50 кмгача ва 25 кмгача. Узоқ масофа - 50 кмдан ортиқ ва баландлиги 35 кмгача.

Дрон ҳужумларидан ҳимояланиш учун IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимлари

«Ҳар уч турдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларида - масофасига қараб - ESSI ёрдамида йўқ қилиниши ёки мавжуд имкониятларни кенгайтириши ёхуд кучайтириши керак бўлган камчиликлар мавжуд», - дея таъкидлайди Германия Мудофаа вазирлиги. Бунинг учун мавжуд воситаларни IRIS-T SLM каби замонавийроқ қуроллар билан алмаштириш керак.

IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизими
Фото: Air Force Ukraine

IRIS-T SLM ўрта масофага мўлжалланган ҳаво мудофаа тизими ракеталарни, қанотли ракеталарни, дронларни, самолётлар ва вертолётларни 40 кмгача масофада ҳамда 20 км баландликда уриб тушира олади. Битта қурилма нархи - тахминан 145 миллион евро. Жорий йилнинг июн ойида Бундестаг бюджет қўмитаси олтита шундай қурилмани сотиб олишга рухсат берди. Бундесвер мутахассислари бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан Украина ҳарбийларини ўқитиш жараёнида танишган. Айни пайтда, Германия Украинага иккита IRIS-T SLM қурилмасини топширди.

Узоқ масофали таҳдидларга қарши ҳаво мудофаасини таъминлаш учун Бундесвер Patriot тизими билан қуролланган бўлиб, у ҳали ҳам самарали деб ҳисобланади, аммо модернизация қилиниши керак. Американинг Patriot зенит-ракета тизими самолётлар, қанотли ракеталар ва ўрта масофали баллистик ракеталарни йўқ қилиш учун ишлатилади. Ундан 1984 йилдан бери кўплаб мамлакатларда, шу жумладан Германияда фойдаланилмоқда. Ҳозирда Бундесверда 12 та учириш қурилмаси мавжуд бўлиб, бу мамлакат ҳудудини тўлиқ қамраб олиш учун етарли эмас.

Қанотли ракеталарга қарши мавжуд ҳимоя ҳам созлаш ва такомиллаштиришни талаб қилади. Улар паст баландликда учади ва шунинг учун кўпинча охирги дақиқада аниқланиши мумкин, бундай ракеталар асосан Patriot ёки IRIS-T SLM каби замонавий ҳаво мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилади. Шу сабабли, Бундесверга кўра, бу ҳолда «ҳудудни ҳар томонлама ҳимоя қилиш жуда катта харажатларни талаб қилади ва фақат кўп сонли тизимлардан фойдаланиш керак», бу эса кўплаб давлатларнинг иштироки зарурлигини кўрсатади.

Ер атмосферасидан ташқаридаги ракеталарга қарши

Яна бир камчилик бу - Ер атмосферасидан ташқарида ҳам нишонларга қаратилиши мумкин бўлган узоқ масофали баллистик ракеталардан ҳимоянинг етарли эмаслиги. «Буни тезда йўқ қилиш керак, Россияда бундай қуроллар мавжуд. Германия ўзини 1000 кмдан ортиқ масофага учадиган ракеталар таҳдидидан аввал режалаштирилганидан тезроқ ҳимоя қила олиши лозим», - дея таъкидлайди Германия Мудофаа вазирлиги.

Arrow 3
Фото: Global Look Prees/Nir Alon

2025 йил охиригача Германияда фойдаланишга топширилиши керак бўлган Arrow 3 Америка-Исроил ҳаво мудофаа тизими айнан шу турдаги ҳимояни таъминлаш учун мўлжалланган. Бундестагнинг бюджет ва мудофаа қўмитаси июн ойида уни сотиб олишни маъқуллаган. Исроил манбаларига кўра, шартнома қиймати деярли тўрт миллиард еврога тенг.

Arrow 3 ҳужумкор ракеталарни 100 кмдан ортиқ баландликда, яқин коинотдаги атмосферадан ташқарида йўқ қила олади ва 2400 кмгача ҳаракатланиш масофасига эга. Patriot каби, Arrow 3 мажмуаси ҳам мобил ишга тушириш қурилмаси, мобил бошқарув маркази, мобил радиолокация станцияси ва бошқариладиган ракеталардан иборат.

Деярли барча ҳудудларни қамраб оладиган кўринмас гумбаз

ESSI’га аъзо давлатлар минимал харажат билан максимал ҳудудни қоплаш имконини берадиган зарур қурол тизимларини биргаликда сотиб олмоқчи. Шу билан бирга, турли мамлакатларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш талаб этилади. НАТОга аъзо Европа давлатлари томонидан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини биргаликда сотиб олиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш харид қилиш ва фойдаланиш харажатларини тежашга олиб келиши кутиляпти.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Европа осмон қалқони»: НАТОнинг янги ҳаво мудофаа тизими қандай бўлади?