date
views 572

Қорабоғнинг Озарбойжонга қайтиши нималарни англатади?

Қорабоғнинг Озарбойжонга қайтиши нималарни англатади?

Қорабоғ устидан назоратнинг тўлиқ Озарбойжонга қайтиши учта геосиёсий ўлчамга эга. Биринчиси – туркий дунё геосиёсати нуқтайи назаридан. Иккинчиси – пост-совет ҳудудидаги геосиёсий вазият нуқтайи назаридан. Учинчиси – Ўзбекистоннинг стратегик манфаатлари нуқтайи назаридан.

19-асрнинг иккинчи ярми ва 20-аср туркий халқлар ва давлатлар учун фожиалар даври бўлди. Бу даврда ягона ўз мустақиллигини сақлаб қола олган туркий давлат Туркия бўлди. Лекин Туркия ҳам 20-асрда катта зарбаларга учради, катта ҳудудларини йўқотди. Айниқса, биринчи жаҳон уруши Туркияга жуда катта зарба берди ва бу давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатини тубдан ўзгартирди.

Фақат 20-асрнинг охирига келиб, Марказий Осиёдаги тўртта туркий тилли давлат ҳамда Кавказда Озарбайжон ўз мустақилликларини қўлга киритишди. Лекин, ҳалига қадар кўплаб туркий тилли халқлар ва ҳудудлар ўз эрки ва мустақиллигини қўлларига олишга муваффақ бўлишгани йўқ.

Арманистон ва этник арманлар, жумладан, дашноқлар Чор Россиясининг, советлар ва РФнинг туркий давлатлар ва халқларга босим инструменти бўлиб келган. Чор Россиясида Ленин ва Троцкий бошчилигида 1917 йилда инқилоб бўлади. Лекин 1918 йилнинг январига қадар Туркистон советлар ҳокимиятини тан олмайди. Натижада, 1918 йил бошида Москвадан Туркистонга, жумладан, Тошкент ва Фарғона водийсига 11 эшелон ҳарбийлар жўнатилади. Бу ҳарбийларнинг аксарияти – дашноқлар эди. Ҳарбийларнинг бош қўмондони – Қўқон советлар раҳбари Сааков бўлади. Тарихий манбаларга кўра, 1918-1919 йиллар давомида Фарғона водийсида, Тошкентда ва минтақанинг бошқа шаҳарларида советлар ҳокимиятини ўрнатишда дашноқларнинг қўли билан амалга оширилган қирғинлар муҳим ўрин тутган.

Собиқ СССР даврида ҳам, Арманистон ва арманлар Москванинг Озарбойжонга ва туркий халқларга энг самарали қуроли, инструменти бўлиб келган. Советлар, иттифоқдош республикаларнинг чегараларини чизишда, кўплаб муаммоларни қолдириб кетишган ва бу муаммолар орқали ушбу давлатларни бошқаришни ўйлашган.

Собиқ СССР қулаганидан кейин ҳам, РФ Арманистонни муттасил қўллаб келди. 2018 йилга қадар. Айнан шу йили, юмшоқ инқилоб орқали Арманистон ҳокимиятига Пашинян келади. Унинг Путин билан муносабатлари олдинги арман раҳбарларга қараганда анча совуқ бўлди.

Аслида ўша вақтдаёқ Путин кучли зиддият қаршисида турган эди. Бир томондан, Туркия, Марказий Осиёдаги туркий давлатлар ҳамда Озарбайжон. Иккинчи томондан, кичик Арманистон. 2018 йилда Арманистон ҳокимиятига ғарбга ориентир олган Пашиняннинг келиши, Москва учун геосиёсий зиддиятни тўғрилаш имконияти сифатида кўрилди.

Ўтган даврда Қорабоғ учун уч марта уруш бўлди: 1992-94 йилларда Қорабоғ Арманистон томонидан ҳарбий йўл билан босиб олинди; 2020 йилдаги 44 кунлик урушда Озарбойжон Қорабоғ устидан қисман назоратни қайтариб олди ва мана, яқинда бўлган бир кунлик урушда, Боку Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни ўз қўлига олди.

Бугун Арманистон Россия билан муносабатларини қайта кўриб чиқмоқда. Ҳадемай Ереван КХШТдан чиқишга ҳаракатларни бошлаб юборса, ажаб эмас. Бу нуқтайи назардан, Кавказда Россиянинг энг яқин иттифоқчиси ва форпости бўлган Арманистон Москвадан узоқлашиб бошлади.

Қорабоғнинг Озарбойжонга қайтиши туркий дунё давлатлари учун янги даврга ишора қилади. Глобал дунёда, бир тилли ва дилли давлатларнинг кўп бўлиши, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик қилиши – катта рол ўйнайди.

Ўзбекистон учун эса, Қорабоғнинг Озарбойжонга тўлиқ қайтиши, икки омилга кўра, тарихий аҳамиятга эга. Биринчиси – ҳудудий яхлитлик. Ўзбекистон учун, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги – муҳим тамойил. Қорабоғнинг Озарбайжонга де-факто қайтиши минтақа атрофидаги қудратли давлатларнинг ҳудудлар билан ўйин қилишига сигнал бўлади.

Иккинчидан, Қорабоғнинг қайтиши, рамзий аҳамиятидан ташқари, геоиқтисодий кучли потенциал яратади. Озарбайжон Қорабоғ ва Зангезур коридори орқали Туркияга боғланар экан, Марказий Осиё учун Каспий ва Озарбойжон орқали Туркияга, ундан Европага чиқиш эшиклари очилади. Ҳар қандай қўшимча темир ва мултимодал йўллар Ўзбекистоннинг Россияга боғлиқлигини пасайтиради.

Қорабоғнинг Озарбойжонга қайтиши, туркий дунёнинг аҳамиятига, муқобилсиз ресурсларига ва келажакдаги қудратига ишора қилади. Ҳар хил миллатлар ва цивилизациялар глобализмга ҳар хил ресурслар билан кириб келмоқда. Туркий халқлар ва давлатлар – катта аҳоли, сарҳадлар ва имкониятлар билан кириб келмоқда. Қолгани – ҳамкорликка боғлиқ.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қорабоғнинг Озарбойжонга қайтиши нималарни англатади?