date
views 407

Экспертлар: ҲАМАС-Исроил тўқнашувининг геосиёсий мувозанатга таъсири ҳақида

Экспертлар: ҲАМАС-Исроил тўқнашувининг геосиёсий мувозанатга таъсири ҳақида

HAMAS-Isroil to‘qnashuvi nafaqat Yaqin Sharq, balki global miqyosda geosiyosiy muvozanatning o‘zgarishiga sabab bo‘lishi mumkin. Eron HAMASni qo‘lladi – Shimolda «Hizbulloh» faollashdi va jangovar shaylik e’lon qildi, Qo‘shma shtatlar Isroilga harbiy yordam berishni davom ettirmoqda, Turkiya va Arab davlatlari ligasidan qanday harakatlar kutish mumkin? “Geosiyosat”ning bugungi tahlil mavzusi Isroil-HAMAS inqirozi fonida Yaqin Sharq va global geosiyosiy o‘zgarishlar haqida bo‘ladi.

Мавзуни таҳлил қилиш учун студиямизга сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов, Фарҳод Каримов ва Ҳамза Болтаевни таклиф этдик.

— Исроилдаги дунёнинг энг кучли мудофаа тизими нега ҲАМАСга қарши туролмади? Бутун фаластинни эгаллаш учун Исроил атайин йўл бердими?

Фарҳод Каримов: — Бу савол устида бутун дунё экспертлари бош қотиряпти, ҳаммада ҳар хил фикр бор. Бир тараф катта хатога йўл қўйганини айтса, бир тараф олдиндан билганини айтади. Исроил разведкаси Ғазода ракеталар тайёрланганини маълум қилган эди. Бу қарама-қаршилик 70 йилдан бери бор, бундай тўқнашув бўлиши кутилмаган ҳодиса эмасди. Ҳужумга атай йўл қўйилган, деган гапни очиқ-ойдин айтолмайман, чунки бунга далилларимиз йўқ. Халқаро ҳуқуққа кўра, ҳимояланадиган томонда ҳуқуқий устунлик бўлади. Шунинг учун кўз юмиб турган вазиятлар ҳам бўлгандир.

Ҳамза Болтаев: — Бу конфликт узоқ ўтмишга эга. Бу конфликт ортидан бир нечта сиёсий масалалар ҳам ҳал бўлиб кетяпти. Таъкидлаш керакки, Исроил давлати ички ва ташқи томондан қийин даврни ўтказяпти. Мамлакат ичида Нетаняҳудан норозилик кучли, ташқи сиёсатда ҳам энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ билан муносабатларини жуда яхши деб бўлмайди. Маълумотларга кўра, Нетаняҳу ва Байден ўртасида телефон алоқалари ҳам бўлмаган анчадан бери, одатда доимий мулоқотда бўлган бу икки давлат раҳбарлари.

Исроил атрофи тарихан конфликтда бўлган давлатлар билан ўралган. Бу ҳам ташқи сиёсатдаги муаммолардан бири. Мана шу муаммоларга қўштирноқ ичидаги ечим сифатида қараш мумкин.

Исроил мудофааси ишламагани техник сабабларга кўра бўлиши ҳам мумкин, чунки ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими кўп сонли ракеталар бўлганда босим билан ишлайди. Атайлаб қўйиб берилди дейиш учун ҳозирча асосларимиз мавжуд эмас.

Камолиддин Раббимов: — Исроил 1947 йилда ташкил топган бўлса, бугунгача бўлган тарихда биринчи марта Исроилнинг ички ҳудудигача бостириб кирди. Бир вақтнинг ўзида ҳам сувдан, ҳам қуруқлик ва ҳаводан ҳужум бўлиши бу Исроил мудофааси учун мағлубият. Исроил ҳаммасини олдиндан билиб, атайлаб қўйиб берганига ишонмайман, чунки бир вақтнинг ўзида бир қанча фундаментал ютқазишларга юз тутяпти.

Исроил разведкаси энг кучлиси мудофаа тизими ҳар қандай ҳужумларни олдиндан билади ва бартараф қила олади, деган қараш йўққа чиқди. Энди атрофдаги давлатларнинг қараши ўзгаради. Геосиёсий тафаккурни ўзгартиради бу воқеа. Трамп давридан араб давлатлари билан муносабатларни яхшилай бошлаган эди Исроил, энди ортга ташланди бу ишлар, айниқса Саудия билан. Исроилнинг минтақадаги геосиёсий ва ҳарбий мақоми салбий томонга ўзгарди.

— Саудия ва Исроил ўртасидаги тинчлик келишуви бўйича музокаралар давом этаётган эди, энди бу келишувни тўхтатди. Умуман, араб давлатлари лигаси бу вазиятда қандай муносабат билдиради ва қандай реал ҳаракатларни кутиш мумкин?

Фарҳод Каримов: — 2020 йилдаги келишувлар араб давлатларининг позициясини кўрсатиб қўйган эди, Саудиядан ташқари. Ундан олдинроқ Миср тан олган эди Исроилни, Туркия ҳам. Араб лигасидаги энг муҳим давлатлар билан келишувга эришгани ташқи сиёсатдаги ютуғи бўлди. Саудия минтақа учун муҳим давлат эканини ҳисобга олсак, 2020 йилдаги келишувлар Саудиянинг рухсати билан бўлган, норасмий бўлса-да. Мусулмонлар нафратига учрамаслик учун Саудия тан олмай, чўзиб келаётган эди. Ҳозирги вазиятда кўпчилик мусулмон дунёси Саудиядан муносабат кутяпти, унинг ҳаракатлари кўп нарсани белгилайди. Бундан ташқари, Эрон ҳам реакция билдирмаяпти, шунинг учун бошқа минтақа давлатлари позиция билдиришдан сақланиб турибди.

Ҳамза Болтаев: — Саудия тан олмаслигига геосиёсий сабаб ҳам бор. Минтақада Саудия учун катта хавф — Эрон. Бу вазиятда ҳам Эрон кучайиб кетиши ва Саудия геосиёсий имкониятларни бой бериши мумкин, шунинг учун Саудия сукут сақлаяпти.

Эроннинг баёнот бермаётгани, баъзи масалаларда тийилиб туриши унинг позициясини бой бериши ёки бошқа радикал йўл танлашини билдирмайди. Чунки тарихга қарасак, Яқин Шарқда ҳам, Афғонистонда ҳам Эрон позициясини бериб қўймаган. Агар вазият кескинлашаверса, Эрон ҳам вазиятга фаол аралашиб, кескин муносабат билдиради деб ўйлайман.

— Туркия президенти Эрдўған ҳам баёнот бериб, Яқин Шарқда мустақил Фаластин давлати тузилмаса, вазият тинчимайди, деган гапни айтди. Бу билан Туркия позициясини аниқ қилди дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Туркия позицияси ўзгараётгани йўқ, араб давлатлари ҳам шундай. Саудия 2005 йилда Исроилга пакет таклиф қилган эди. Яъни 1967 йилги чегараларга қайтилса, барча араб давлатлари Исроилни тан олади, хавфсизлигини таъминлайди ва иқтисодий ёрдам беради, деган эди, аммо Исроил рад қилган. Исроил тактикаси — бир қарич ерни бермасдан АҚШ ва Ғарб таъсирида араб давлатлари билан келишиш. Эрон, Туркия ва Қатарнинг стратегияси Исроил билан келишишнинг биринчи шарти Фаластин давлати ташкил топишига эришиш. Сурия атрофида Туркиянинг учувчисиз самолёти уриб туширилди, бунга жавобан Эрдўған, биз буни эслаб қоламиз ва вақти келганда жавоб берамиз, деган баёнот берди. АҚШ ва Туркия ўртасида душманлик кайфияти йўқ, лекин Эрдўғанда Ислом цивилизацияси ва туркий дунё учун масъулият даражаси юқори.

Фаластин масаласида Туркияда ҳам, араб давлатларида ҳам бир-бирини инкор этувчи икки омил бор. Шу пайтгача бир неча марта араб давлатлари ва Исроил ўртасида тўқнашувлар бўлди, аммо Фаластинни куч билан олиб бўлмади. Иккинчи стратегия шуки, коллектив Ғарбга кучмиз етмас экан, глобаллашган дунёда чегараларни очиб, савдо-иқтисодий муносабатларни йўлга қўямиз ва босқичма-босқич Исроилни геосиёсий ассимиляция қилиб юборамиз, деган тафаккур ҳам бор. Исроилни қўлловчи АҚШ, Хитой Фаластин томонда, ЕИнинг жамоатчилиги ҳам Фаластин тарафда, лекин ҳокимиятлари эмас. Исроилни ҳеч бир жамият қўлламайди, чунки инсоният табиатан жабр-зулмни қабул қилмайди. Исроил фаластинликларни қанчалик террорчига чиқармасин, дунё ҳамжамияти аслида ким кимлигини билади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Экспертлар: ҲАМАС-Исроил тўқнашувининг геосиёсий мувозанатга таъсири ҳақида