
АҚШ президенти Доналд Трамп BBC телерадиокомпаниясига қарши беш миллиард долларгача товон пули ундириш мақсадида судга мурожаат қилишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўз чиқишида айтиб ўтди.
Трампнинг сўзларига кўра, BBC унинг нутқини таҳрирланган ҳолда эфирга узатган ва бу орқали жамоатчиликни чалғитган. “Менимча, бу сафар уларни судга беришим керак. Чунки улар ўзлари тан олди — улар мен айтган сўзларни ўзгартиришган”, — деди АҚШ президенти.
Можаро 2024-йил октябрь ойида, АҚШ президентлик сайловларига атиги бир ҳафта қолганда бошланган. BBC'нинг Панорама дастурида 2021-йил 6-январ куни Капитолийга бостириб кириш воқеаси ҳақида махсус сон эфирга узатилган эди. Унда Трампнинг икки хил чиқишидан парчалар бирлаштириб таҳрирланган бўлиб, томошабинларда гўё у тартибсизлик ва зўравонликка чақиргандек таассурот уйғотган.
Мазкур таҳрир ортидан BBC раҳбарияти жиддий танқидларга учради. BBC бош директори Tim Deyvi ва янгиликлар бўлими раҳбари Debora Terness истеъфога чиқди.
Компания Трампнинг нутқини монтаж қилгани учун узр сўради, бироқ молиявий компенсация тўлашдан бош тортди. Шунга қарамай, Трампнинг айтишича, у BBC'ни жавобгарликка тортиш ниятидан қайтмайди ва даъвони келаси ҳафта судга топшириши мумкин.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.