Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, кўчириладиган шаҳар аҳолиси давлат ҳисобидан меҳмонхоналарга жойлаштирилади.
Кирят-Шмонда 20 мингга яқин киши яшайди, аммо Ливан ҳудудидан йўлланаётган мунтазам ракета зарбалари туфайли уларнинг бир қисми аллақачон шаҳарни тарк этган.
Ўтган тунда Исроил авиацияси чегара ортида мамлакат ҳудудига танкка қарши ракеталар учиришга тайёрланаётган жангарилар позицияси бўйлаб зарба берилганини маълум қилганди. Натижада, исроиллик ҳарбийларга кўра, жангариларнинг уч нафари ўлдирилган. Ливан томони бу зарба оқибатида бир журналист ҳалок бўлганини билдирган.
Исроил ва Ливан чегарасидаги кескинлашув бир неча кундан буён кучайиб бормоқда. Яхши қуролланган гуруҳ ва Исроил армияси зарбалар алмашмоқда ва бу тўқнашувлар қарама-қаршилик кенг миқёсли можарога айланиб кетиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
Чегаранинг Ливан томонида тўрт километр наридаги Бинт-Жубайл шаҳрида ҳам кўчалар бўшаб қолган, дўконларнинг аксари ёпилган.
Шаҳар аҳолисининг кўпчилиги Исроил ва ушбу ҳудудни назорат қилувчи шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасида зиддият кучайса, жанглар бошланиб кетиши мумкинлигидан қўрқиб бу ерни тарк этган.
Шу билан бирга, BBC мухбири бу ерда кўча ўртасида пластик столча атрофида ўтириб, бамайлихотир пицца тановул қилаётган кишиларни ҳам учратган.
«Шаҳарда назорат издан чиқмаса, мен ҳеч қаерга кетмайман, бундай бўлишига эса ишонмайман, — деган Муҳаммад Байдун, лекин бу вақтда у мухбирлар пайдо бўлиши билан чор тарафдан етиб келган «Ҳизбуллоҳ» айғоқчилари кузатуви остида эди. — Мен қаршилик кучларимизга ишонаман, чин дилдан ишонаманки, [„Ҳизбуллоҳ“] бизни ҳимоя қилади».
Бугунги кунда Ливанда барча «Ҳизбуллоҳ» қандай йўл тутишига қизиқмоқда. Бу гуруҳ ҳам ҲАМАС каби АҚШ, Буюк Британия ва Ғарбнинг бошқа қатор мамлакатлари томонидан террорчи гуруҳ деб тан олинган. Аммо «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳассан Насрулло фаластинликлар ва Исроил ўртасида уруш бошланганидан буён бирор марта очиқ баёнот бермади.
Бироқ, гуруҳдаги иккинчи муҳим шахс Наим Қосим гуруҳ «тўлиқ тайёр» экани ва уни АҚШ ҳамда бошқа мамлакатларнинг можарога аралашмаслик ҳақидаги чақириқлари қўрқитмаслигини айтган. Аммо «Ҳизбуллоҳ»да конспирация (гуруҳ аъзолари ва уларнинг фаолиятини махфий тутиш чоралари) ўта кучли экани у айнан нимага тайёрланаётганини аниқлашни қийинлаштиради.
Исроилдагилар 1980-йилларда ташкил топган ва бир вақтнинг ўзида ижтимоий ва сиёсий ҳаракат ҳисобланган «Ҳизбуллоҳ»га ҳамиша ҲАМАСдан кўра жиддийроқ қарашган. Амалда ҳам, гуруҳ катта миқдордаги қуроллар, жумладан Исроил ичкарисидаги нишонларга зарба бера олувчи юқори аниқликдаги ракеталар арсеналини тўплаган ва яхши ўқитилган ҳамда ҳарбий ҳаракатларда чиниққан ўн минглаб жангчиларга эгадир.
Аммо «Ҳизбуллоҳ»нинг акциялари шу вақтга қадар Исроил ва Ливан ўртасидаги норасмий чегара бўлиб хизмат қилувчи, БМТ томонидан ўрнатилган ажратиш чизиғи бўйлаб зарбалар бериш билан чекланган.
Ҳозирда гуруҳ Исроил билан кунига бир неча мартадан ракета ва артиллерия зарбалари алмашмоқда, иттифоқчи фаластинликлар ҳам Ливаннинг жанубий қисмидан Исроил ҳудудига кириб келиш учун бир неча бор уриниш амалга оширишди.
Бу тўқнашувлар ҳам икки томонда, жумладан, тинч аҳоли ўртасидаги қурбонларга олиб келмоқда.
Исроил томонда ҳам аҳоли чегара ҳудудларини тарк этиши кузатилмоқда. Ҳукумат 28 та аҳоли яшаш манзиллари эвакуацияси ва чегара яқинида тақиқланган ҳудуд яратилишини маълум қилган.
Сешанба куни Ғазодаги марказий шифохонада рўй берган портлаш ортидан Ливандаги норозилик янада кучайди.
ҲАМАС дарҳол портлаш учун бутун жавобгарликни Исроил зиммасига юклади, ЦАҲАЛ эса, ўз навбатида, портлашга фаластинликлар учирган ракета носозлик туфайли бевақт қулашини сабаб қилиб келтирди.
«Ҳизбуллоҳ» эса буни Исроил томонидан уюштирилган қирғин деб атади ва Байрутда иштирокчилари Исроил ҳамда Америкага қарши шиорлар билдирган норозилик намойиши уюштирди.
«Ҳизбуллоҳ» бу акцияни «бемисл ғазаб куни» деб тасвирлаган бўлса ҳам, амалда бу жуда кичик намойиш эди.
«Ҳизбуллоҳ»га яқин бўлган манба аноним шаклида айтишича, гуруҳнинг ҳаракатлари Ғазода нималар бўлишига боғлиқ бўлади.
«Агар исроилликлар [бу ҳудудга] бостириб кирса, бу минтақавий фалокатга олиб келади», — деган бу манба.
Айримлар эса «Ҳизбуллоҳ»нинг келгусидаги ҳаракатлари бўйича қарорни унинг асосий ҳомийси Эрон қабул қилишини айтишган.
Исроил аллақачон Теҳронни жангариларга ўтган ҳафта охирида Исроилга қатор ҳужумлар уюштиришга буйруқ беришда айблаб чиқди. Теҳрон эса «қаршилик фронти», яъни Сурия, Ироқ ва Ямандаги гуруҳлар иштирокидаги минтақавий алянс «олдини олувчи чоралар» кўриши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Сўнгги воқеаларга қадар, минтақадаги вазият билан таниш бўлган шарҳловчилар Исроил ҳам, «Ҳизбуллоҳ» ҳам янги урушдан манфаатдор эмаслиги, чунки 2006 йилда бир ой давом этган ва икки томон учун ҳам натижасиз тугаган вайронкор уруш хотиралари ҳали ўчмагани ҳақида якдил фикрда эди.
Ливан кўп йиллардан буён оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда, сиёсий низолар шунга олиб келдики, мамлакат функционал ҳукуматсиз ва президентсиз қолди, диний бўлиниш эса янада чуқурлашди.
Ўтган ҳафтада Исроил авиациясининг жавобан йўллаган зарбалари оқибатида Бинт-Жубайлдан ғарбда жойлашган Дайра қишлоғида масжид ва яна бир неча турар жой бинолари шикастланди.
Аввал шу қишлоқда яшаган, ҳарбий ҳаракатлар бошланганида Байрутга кўчиб ўтган Сабрина Фанаш «Ҳизбуллоҳ» аъзоларини очиқчасига танқид қилади ва уларни кўпчилиги шиа бўлган қишлоқ аҳолисидан фойдаланишда айблайди.
«Бу адолатсизлик, бизнинг уйлар харобага айланди, энди уларни ким тиклаб беради? — дея савол қўяди амакиваччасининг авиазарба вақтида қисман вайрон бўлган уйи атрофида айланиб. — Биз барчамиз жуда чуқур қайғудамиз, аммо барчаси Аллоҳнинг қўлида, у бизни асрайди».
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг