
Туркиянинг Невшахир вилоятидаги Каппадокия аэропортида қимматбаҳо металларни ноқонуний олиб киришга уринишнинг олди олинди. Операция давомида беш нафар ўзбекистонлик ва бир нафар турк фуқароси қўлга олинди.
Улар 61 килограммдан ортиқ олтинни ноқонуний йўл билан олиб киришга уринган. Невшахир полициясининг контрабанда ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари аввалдан олинган маълумот асосида иш олиб борди.
Гумонланувчилар – уч нафар аёл ва икки нафар эркак ўзбекистонлик Истанбул орқали Каппадокияга учаётган эди. Уларнинг багажи аэропорт ходимларида шубҳа уйғотди, айниқса оғирлиги меъёрдан ошган маиший техника – гўшт майдалагич ва хамир қориш машиналари алоҳида эътиборни тортди.
Махсус ускуналар ёрдамида олиб борилган текширув натижасида шубҳалар тасдиқланди. Ошхона техникаси ичидан махсус яширилган олтин қуймалари топилди.
Улар металл қисмлар кўринишида бўлиб, техника ичида моҳирона маскировка қилинган эди. Қўлга олинган олтиннинг умумий оғирлиги 61 килограмм 121 граммни ташкил этди.
Турк расмийлари ушбу 24 каратли олтиннинг бозор қийматини 355 миллион турк лираси ёки қарийб 8,5 миллион АҚШ доллари деб баҳолади. Бу сўнгги йилларда Туркияда олтин контрабандасининг энг йирик ҳолатларидан бири сифатида қайд этилди.
Ҳаво лайнери йўловчиларига қўшимча равишда, юкни кутиб олиш учун келган бир нафар турк фуқароси ҳам ҳибсга олинди. Қўлга олинганларнинг барчаси дарҳол қамоққа олинди ва дастлабки тергов жараёнидан сўнг суд органларига юборилди.
Шунингдек, ўзбекистонлик гумондорлардан бири ноқонуний миграцияга қарши кураш бошқармасига топширилди ва депортация қилиниши кутилмоқда. Ҳозирда олтиннинг келиб чиқиши ва унинг якуний манзилини аниқлаш учун тергов ишлари давом этмоқда.
Туркияда беш нафар ўзбекистонлик 8,5 млн долларлик олтин билан ушланди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар