date

Марказий банк инфляция хавфларини аниқлади

Марказий банк инфляция хавфларини аниқлади
Ўзбекистон Марказий банки ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигига таҳдид солувчи асосий омилларни аниқлади. Ушбу хавфлар глобал иқтисодий ҳолат ва ички иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ деб баҳоланди.

Асосий таҳдидлар қаторида жаҳон бозорида олтин нархининг пасайиши, энергия таъминотидаги узилишлар ва давлат бюджети танқислигининг кенгайиши келтирилди. 24 октябр куни Марказий банк бошқаруви раиси Тимур Ишметов 2026 йил учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда 2027-2028 йиллар даври учун концептуал лойиҳанинг асосий жиҳатларини тақдим этди.

Ҳозирча мазкур ҳужжат жамоатчиликка расман эълон қилинмаган, бироқ асосий параметр ва сценарийлар маълум қилинди. Марказий банкнинг базавий сценарийсига кўра, жаҳон иқтисодиёти мўътадил, бироқ барқарор бўлмаган ўсишни давом эттиради, олтин нархи юқори даражада сақланиб қолади ва валюталар бозорида кескин тебранишлар кузатилмайди.

Ички бозорда эса умумий талаб барқарорлашиши, кредитлаш суръатлари меъёрлашиши ва давлат бюджети танқислиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги кутилмоқда. Прогнозларга кўра, ушбу шароитда 2026 йилда реал ЯИМнинг ўсиши 5,5–6,5 фоизни ташкил этади, кейинги икки йилда эса 6–7 фоизгача тезлашади.

Инфляция даражаси эса 2026 йил охирига бориб 7 фоизга, 2027 йилда эса 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга пасайиши кутилмоқда. Ушбу оптимистик прогноз хусусийлашув жараёнининг давом эттирилиши, хусусий ва хорижий инвестициялар оқимининг барқарорлиги ҳамда жиддий иқлимий ўзгаришларнинг йўқлигини ҳисобга олади.

Шу билан бирга, Марказий банк макроиқтисодий барқарорлик ва инфляцияга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор шокли сценарийларни ҳам таҳлил қилди. Асосий хавфлар қуйидагилардан иборат:

- Ташқи иқтисодий таҳдидлар: савдо ҳамкор мамлакатлар валюталарининг кескин қадрсизланиши, олтин нархининг сезиларли пасайиши ва импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши.

- Ички фискал ва инфратузилмавий муаммолар: давлат бюджети танқислигининг режалаштирилган кўрсаткичлардан ошиб кетиши, шунингдек, электр энергияси таъминотидаги тизимли узилишлар.

- Иқлим ва истеъмол омиллари: қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ноқулай об-ҳаво шароитлари ва янги кредит имкониятлари орқали рағбатлантирилган истеъмол талабининг кескин ошиши.

- Меъёрий ўзгаришлар: умумий инфляция даражасидан юқори бўлган бошқариладиган нархларнинг кескин ошиши. Шу билан бирга, инфляциянинг тезроқ пасайишига ёрдам бериши мумкин бўлган омиллар ҳам мавжуд.

Жумладан, олтин нархининг кескин кўтарилиши ва хусусийлаштириш жараёнларининг фаоллашуви мамлакатда инвестицион ва рақобат муҳитини яхшилашга хизмат қилиши мумкин. Тимур Ишметов шуни алоҳида таъкидлади: агар шокли сценарийлардан бири амалга ошса, регулятор пул-кредит сиёсати воситаларининг қатъийлиги ва қўлланиш муддатига тезкор тузатишлар киритишга тайёр.

Олтин Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини ташкил қилади ва унинг нархи давлат бюджети даромадлари ҳамда миллий валюта барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Мутахассислар баҳосига кўра, мамлакат экспорт даромадларининг тахминан 38 фоизи айнан қимматбаҳо металлар ҳиссасига тўғри келади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Марказий банк инфляция хавфларини аниқлади