17:28 / 21.11.2023
451

22 кишининг қотили – россиялик ашаддий жиноятчи «Саша Солдат» озод қилинди

Бундан бир неча куни олдин россиялик ашаддий жиноятчи, 90-йиллардаги энг таниқли ёлланма қотил «Саша Солдат» озодликка чиқарилгани ҳақида хабар тарқалди. Бир пайтлар йигирмадан ошиқ одамни ўлдирганликда айбланган бу йигитга марҳумларнинг яқинлари умрбод қамоқ жазоси сўраган, бироқ судя унга 24 йил қамоқ жазоси берганди.

Россияда «Орехов жиноий гуруҳи» деб аталган жиноий тўда киллери, «Саша Солдат» лақабли Александр Пустовалов 2023 йил 18 ноябр куни озод қилинган.

У 16 ноябр куни Твер вилояти Монино қишлоғидаги қаттиқ тартибли колониядан Торжокдаги колонияга ўтказилган. Киллер айнан ўша ердан озод қилинган.

Пустовалов ОАВ эътиборини тортмаслик учун колонияни яширинча тарк этган.

Жиноят олами етакчилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ўлдирган Александр Пустовалов умумий ҳисобда 24 йил қамоқда ўтирди. У 1999 йилда 30 дан ортиқ одамни ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган ва 24 йилга қамалганди.

У озод қилинганидан кейин уч йил давомида полицияда рўйхатдан ўтиши керак, шунингдек, Москвадан чиқиб кетиши ва тунда кўчага чиқиши тақиқланган.

Хўш, «Саша Солдат» кимларни ўлдирган ва унинг ушланиши жараёни қандай бўлган? Қуйида шу ҳақида ҳикоя қиламиз.

ИИВга ишга кирмоқчи бўлган йигит қандай қилиб жиноятчига айланди?

Александр Пустовалов 1973 йилда Москвада туғилади. Бола камбағал оилада отасиз ўсади – уни боғчада ишлайдиган онаси тарбиялайди. Мактабда Пустовалов дзюдо билан шуғулланади ва пианино чалишни ўрганади. Ўқишдан бўш вақтларида у «Халқ отряди»да ишлаб, милицияга ёрдам беради.

Саккизинчи синфни тугатгандан сўнг ўсмир заводлардан бирига ишга киради. Ҳамкасблари уни анча қобилиятли, тажрибали, ҳунармандлар бош қотирадиган муаммоларни ҳал қила оладиган меҳнаткаш ва топқир ишчи сифатида эслашади.

1991 йилда Александр Пустовалов армия сафига чақирилади ва денгиз пиёда қўшинлари корпусига қўшилади. 1993 йилда уйга қайтгач, йигит Ички ишлар вазирлигининг тезкор отрядига ишга киришга ҳаракат қилади.

Аммо олий маълумоти бўлмагани учун уни ишга қабул қилишмайди. Пустоваловга пост-патрул хизматида ишлаш таклиф қилинади, бироқ у рад этади.

Ана шундай кунларнинг бирида Александрни 90-йилларда Москвадаги «Орехов» уюшган жиноий гуруҳи пайқаб қолади.

Бу шундай содир бўлганди: кунларнинг бирида Пустовалов барда ўтирганида у ерга босқинчилар ҳужум қилишади. Александр уларнинг барчасини осонгина ер тишлатади.

Шунда барда бўлган жиноий гуруҳ аъзолари уни кўз остиларига олиб қўйишади ва кўп ўтмай Пустоваловга «қўриқлаш компанияси»да ишлашни таклиф қилишади.

Шу тариқа, Александр «Орехов» уюшган жиноий гуруҳи учун ишлай бошлайди. Унга «Саша Солдат» лақабини беришади.

«Орехов» гуруҳи 1980-йиллар охирида, СССР парчаланиб кетишидан бироз аввал Москвадаги Орехово-Борисово мавзесида тузилган, кейинчалик гуруҳ кенгайиб кетганда ҳам ўз номини сақлаб қолган эди.

Бу гуруҳга Пустоваловга ўхшаган собиқ денгиз пиёдачилари, десантчилар ва спортнинг яккакураш турларида муваффақият қозонган спортчилар танлаб олинган. Гуруҳ кенгайган вақтда Москванинг жуда катта қисмини ўз назоратига олишга муваффақ бўлганди.

Гуруҳдаги мартабанинг ошиши

Жиноий дунёда Пустовалов ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета оладиган ақлли ва топқир қотил сифатида ёдда қолган. «Саша Солдат» филмлар ва телесериалларда намойиш этиладиган 90-йилларнинг одатий, билимсиз ва нўноқ босқинчиларидан фарқ қиларди.

У ҳатто инглиз тилини ҳам яхши биларди, «буйруқлар»га ижодий ёндашарди. Ўз қурбонларига нисбатан совуққон ва шафқатсиз эди.

Уюшган жиноий гуруҳ аввалига «Саша Солдат»га кичик ишларни топширади – у ўз гуруҳи сафидаги ишончсиз босқинчиларни йўқ қилади. Кейинроқ унга рақобатчи ва бошқа жиноий гуруҳлар бошлиқларини ўлдириш топширилади.

Аксарият ҳолларда буюртма қотилликларни амалга оширишда унга ҳеч ким ёрдам бермаган, барчасини якка ҳолда, совуққонлик билан бажарган.

«Саша Солдат» учун биринчи жиддий иш «Оссурия мафияси»дан бўлган қонундаги ўғри Александр Бижамонинг ўлдирилиши эди. 1995 йилнинг ёзида Пустовалов ўз «қурбони»ни кафега таклиф қилади.

Бижамо кафега жиноий авторитет бошлиғи Геннадий Утнин билан бирга келади. У «Орехов» жиноий тўдаси вакили «Саша Солдат» билан гаплашиб, келишувга эришишни мақсад қилганди.

Бироқ на учрашув бўлади, на келишув. Бижамо шериги ва қўриқчилари билан кафега кириб келганда «Саша Солдат» ҳамда унинг шериклари уларга қарата ўқ узади ва барчасини ўлдиради.

Шундан сўнг «Саша Солдат» бир неча йил давомида Москвадаги турли жиноий тўда бошлиқларини совуққонлик билан йўқ қилади.

Пустовалов жиноий тўдалардан бирининг бошлиғи бўлган Кутеповни машинадан туриб отади. Маҳаллий юнонлар етакчиси Кюлбяковни ресторанда тасодифий учрашув чоғида отиб ташлайди.

Кунцевск уюшган жиноий гуруҳ раҳбарини йўқ қилиш бошқачароқ тарзда бўлади. «Саша Солдат» хизматчилар кийимини кийган ҳолда гуруҳ раҳбарининг кафега келишини бир неча кун пойлайди ва мақсадига етади.

«Саша Солдат»нинг энг машҳур қотиллиги қамоқдан қочиб, Грецияга учиб кетган ва Пустоваловнинг хўжайини билан тил топишишни режалаштирган яна бир машҳур қотил Александр Солоникнинг йўқ қилиниши эди.

Пустовалов яна уч нафар қотил билан бирга Грецияга учиб боради ва Салоники шаҳри яқинидаги виллага жойлашади. «Саша Солдат» ўз қурбони билан аввалдан таниш эди.

Улар бир-бирини яхши билишарди. Шу сабабли Солоник Пустоваловдан шубҳаланмайди. Пустовалов уни кечки пайт зиёфатга таклиф этади. Солоник ресторанга маъшуқаси билан бирга келади. Кўп ўтмай ресторандаги зиёфатни «Саша Солдат» яшаётган виллада давом эттиришга қарор қилишади.

Виллада «Саша Солдат» тўсатдан Солоникни полга йиқитиб, бўғиб ўлдиради. Сўнг унинг маъшуқаси ҳам ўлдирилади. Солоникнинг жасадини яқин атрофдаги ўрмонга кўмиб, эртаси куни Россияга қайтишади.

Ҳибсга олиш ва ҳукм

1999 йилда полиция «Орехов» жиноий тўдаси аъзоларининг изидан тушади. Гуруҳнинг бир неча аъзоларини қўлга олган тезкор ходимлар Пустоваловни ҳам топади.

1999 йил ноябр ойида «Саша Солдат» ўз квартирасида ҳибсга олинади. У қўлга олиш чоғида қаршилик кўрсатмайди. Терговчилардан ҳам ҳеч нарсани яширмайди ва улар билан ҳамкорлик қилади.

Пустовалов сўроқ пайтида терговчилар исботлай олган қотилликларини тан олади. Нима учун одамларни ўлдиргани ҳақидаги саволга у «Мен аскарман, бу менинг ишим» деб жавоб беради.

«Ореховский» жиноий тўдаси аъзоларини тергов қилиш беш йил давом этади. «Саша Солдат» устидан суд жараёни 2004 йилда бўлиб ўтади.

Суд мажлисларида Пустовалов ўлдирган шахсларнинг яқинлари уни қарғашади, сўкишади. Судядан унга умрбод қамоқ жазо жазоси берилиши талаб қилинади.

Бироқ судя Пустовалов айбини тан олганини ва кечирим сўраганини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб баҳолайди. Натижада «Саша Солдат» 13 та қотилликда айбдор деб топилиб, 22 йилга озодликдан маҳрум этилади.

2005 йилда ўтказилган суд мажлисида унинг иши қайта кўриб чиқилади ва Пустовалов бандитизмда ҳам айбдор деб топилади. «Саша Солдат»нинг жазо муддати 23 йилга оширилади.

2016 йилда яна бир суд мажлиси бўлиб ўтади ва «Саша Солдат» яна тўртта қотилликда айбдор деб топилиб, суд унга берилган қамоқ жазосига яна бир йил қўшади. Шунда умумий жазо муддати 24 йил бўлади.

2021 йилда Александр Пустовалов суддан ўзини шартли равишда озод қилишни сўрайди. Маҳкум вояга етмаган фарзанди борлигини, ўзи эса анчадан буён қилган ишидан пушаймонлигини, тарбияланиб, тўғри йўлга қайтганини, жамиятга хавф туғдирмаслигини айтади. Мурожаат «Саша Солдат» ўтирган қамоқхона раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланади. Ҳатто улар Пустоваловга «киришимли, фаол ва дўстона» деб таъриф беришади.

Аммо суд қамоқхона маъмурияти Пустоваловнинг далилларини етарли эмас деб топади. Судя қотил тузалиш йўлига ўтмаган деб ҳисоблайди.

Ана шу қарор туфайли омма «Саша Солдат»нинг панжара ортидаги ҳаёти ҳақида янги тафсилотларни билиб олади.

Маълум бўлишича, Пустовалов қамоқда ўзини яхши тутишни фақат 2017 йилда бошлаган. Бунгача у «жазони ўташ тартибини ғаразли бузувчи» ҳисобланиб, қочиб кетишга ва қамоқхона ходимларига ҳужум қилишга мойил шахс» сифатида қайд этилган.

Сўнгги йилларда маҳбус ҳақиқатан ҳам ўзини тиришқоқлик билан тутади, ҳатто ишлай бошлайди. Дастлаб у маросим жиҳозларини йиғиш билан, кейинроқ сабзавотларни тузлаш билан шуғулланади.

Ўзини яхши тутгани билан Александр Пустоваловни муддатидан олдин озод қилиш рад этилади ва у жазо муддатини охиригача ўтайди.

2023 йил 18 ноябрда Александр Пустовалов қамоқ муддатини тўлиқ ўтаган бўлса ҳам бир қатор шартлар эвазига озод қилинади. Жумладан, полиция уни кейинги уч йил давомида кузатиб боради.

Пустоваловга ўзи яшайдиган шаҳарни тарк этиши ёки тунги вақтда квартирасини тарк этиши мумкин эмас.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё