Тошкент вилоятидаги бир нечта мактабгача таълим ташкилотларида содир бўлган заҳарланиш ҳолати ортидан шифохонага ётқизилган болаларнинг деярли барчаси соғлом ҳолатга қайтди ва оилалари бағрига қайтарилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида тузилган махсус штаб аъзоси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, 30 сентябр ҳолатига кўра бемор болаларнинг аксарияти тўлиқ даволанган.
Ҳозирги пайтда шифохонада бор-йўғи уч нафар бола қолган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволи барқарор ва врачлар доимий назоратида. Шу билан бирга, барча ҳудудларда болаларга хизмат кўрсатаётган аутсорсинг ташкилотлари фаолияти қатъий назоратга олинмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, энди бу жараёнда фақат давлат органлари эмас, балки ота-оналар, соҳа экспертлари ва ОАВ вакилларидан иборат жамоатчилик комиссияси ҳам иштирок этади. Уларнинг мулоҳазалари жамоатчиликка доимий равишда тақдим этилиб борилади.
Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги эса бундай ҳолатларнинг келгусида такрорланмаслиги учун тизимли чоралар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Чоралар нафақат мавжуд муаммони бартараф этишга, балки келажакда болалар саломатлиги учун хавф туғдирадиган вазиятларни олдини олишга ҳам қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!