Қандайдир икки-уч йил ичида Хавиер Милей ўзининг либертариан нуқтайи назарлари ва ғоялари билан телевизион мухлисларини ром қилган иқтисодчиликдан Аргентина президентигача бўлган йўлни босиб ўта олди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
Ўтган якшанба куни Аргентинада ўтган президентлик сайловларининг иккинчи турида 55,7 фоиз овоз жамғарган Милейнинг ўзи ғалабасини «мўъжиза» деб атаган.
«Икки йил давомида Аргентинани ўзгартириш ва мўъжизага эришиш – либерал-либертариан президент сайланиши учун тинмай меҳнат қилган жамоамга ташаккур», – деган Хавиер Милей ўзининг сайловдан кейинги дастлабки нутқида.
Ҳукуматда ишлаш тажрибасига эга бўлмаган, ўзи каби бир неча аутсайдерларни бирлаштирган «Эркинлик босиб келмоқда» сиёсий коалицияси етакчиси ҳукмрон партия ва перонизм – сўнгги бир неча ўн йиллар давомида Аргентина сиёсатида устунлик қилиб келган куч устидан ғалаба қозона олди.
Хўш, Милей қандай қилиб ҳокимият чўққиси томон бошни айлантирар карьерага эришди? Бунга камида учта сабаб бор.
1. Иқтисодий кризис
Аргентина жиддий иқтисодий ва ижтимоий инқирозга дучор бўлган, аргентиналикларнинг 40 фоизи қашшоқликда кун кечиришмоқда, октябр ойида йиллик инфляция даражаси 143 фоизга етган.
Аргентиналик сиёсатшунос Росендо Фраганинг қайд этишича, бу – мамлакатда 40 йил муқаддам демократия қарор топгач рўй бераётган учинчи йирик кризис.
Бунгача 1989 йилда гиперинфляция рўй берган ва Раул Алфонсиннинг ҳокимиятига нуқта қўйган. 2001 йилдаги ижтимоий портлаш президент Фернандо де ла Руани мансабдан кетказган.
«Милей аввалги икки марта рўй берганидан ҳам баттар бўлиши кутилаётган иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга муқобил сифатида майдонга чиқди», – дейди Фрага BBC'га берган интервюсида.
Янги кризис пайдо бўлиш эҳтимоли жуда катта эди, шу сабабли сайловларда унинг рақиби иқтисодиёт вазири Серхио Масса бўлди. Масса октябрда бўлиб ўтган сайловларнинг биринчи турида ҳаммадан кўп овоз тўплаб, барчани ҳайрон қолдирган эди.
Бироқ у сайлов кампаниясининг иккинчи тури арафасида Аргентина тушиб қолган қайғули вазият, жумладан ёнилғи тақчиллигинини яшира олмади. Милей бундан усталик билан фойдаланди ва бу агар эскилар ҳокимият тепасида қолса бу ҳол «келажакдан нома» эканини таъкидлади.
Бу воқеалар фонида сайловчиларнинг катта қисми либертариан номзод томонидан таклиф этилган кескин ўзгаришларни ёқлаб овоз берди. Унинг таклифларига кўра, Марказий банк тугатилади, песо ўрнига АҚШ долларига ўтилади, давлат харажатлари кескин қисқартирилади.
2. Ўрнатилган тартиб ва «сиёсий каста»га қарши туриш
Иқтисодий эркинлаштириш бўйича берилган ваъдалардан машқари, Милей ўзи «сиёсий каста» деб атовчи элитага қарши кескин танқид билан чиқиш қилди.
«Депутат этиб сайланганидан буён жамият саҳнасида пайдо бўлгач, Милей тизимга қарши турувчи мутлақо бошқача сиёсий нарратив яратишга муваффақ бўлди», – дейди аргентиналик сиёсатшунос Серхио Беренштейн.
«Милей дунёнинг турли четларида истеблишментга қарши қарши чиққан машҳур номзодлар тутган йўлдан борди: уларнинг типик вакиллари Доналд Трамп (АҚШда) ёки Жаир Болсонару (Бразилияда), – дея қўшимча қилади у. – Милей ўрнатилган тартибга қарши турувчи глобал ҳаракатга аъзо бўлиши мумкин».
Гарчи Милейнинг таклифлари кўпчиликда қўрқув ва ишонмаслик уйғотаётган бўлса-да, бундай деструктив ёндашув Аргентинанинг сайланган президентига ҳозирги ҳукумат ва сиёсий синфдан безган сайловчиларни жалб қилиш имконини берди.
Милей айниқса ёшларни қўзғата олди ва айнан уларнинг қўллови ғалаба сари элтган асосий калит бўлди.
Сайловолди кампанияси мобайнида жамоатчилик ўртасида ўтказилган турли сўровномаларга кўра, сайловчилар ёши қанчалик ёш бўлгани сайин улар Милейни шунчалик кўпроқ қўллаб-қувватлаётгани аниқ бўлган.
3. Ўнг марказчилар қўллови ва антиперонизм
Аргентина сиёсатида сув айиргич ўнлаб йиллар мобайнида перонистлар ва антиперонистлар ўртасида ўтади. (Перонизм – давлат томонидан бошқарув ва давлат патернализмини назарда тутувчи ғоявий-сиёсий оқим).
Милей айнан антиперонистларга кўпроқ ишонди. Бунинг учун иккинчи турда «Биргаликда ўзгаришлар учун» ўнг марказчилар коалицияси етакчилари – собиқ президент Маурисио Макри ҳамда собиқ президентликка номзод (биринчи турда 3-ўринни эгаллаган) Патрисия Буллричнинг қўлловига эга бўлди.
Умумий ҳисобда Милей 14,5 миллион овоз тўплади ва 24 та сайлов округидан 21 тасида ғалаба қозонди (перонизм тарафдорлари фақат пойтахт Буэнос-Айресда ғалаба қозона олишди).
Биринчи турдан сўнг Макри ва Буллрич уни қўллашгач, Милей «сиёсий каста»ни кучли танқид қилишни тўхтатди ва фақат 2007–2015 йилларда Аргентина президенти бўлган Кристина Киршнерни қоралашга ўтиб олди.
8 йил мобайнида президент бўлган Кристина Фернандес де Киршнер даври перонизмнинг «кришнеризм» даври деб талади, у турли можароларга, жумладан коррупцион можароларга аралашган, ўтган йилнинг декабрида суд уни 6 йилга озодликдан маҳрум этган (фақатгина ҳамон ҳокимият таркибида экани уни жазодан қутқариб қололган).
Ўнг марказчи ва антиперонистик овозларни излаб, Милей иккинчи турда бюджетни қисқартириш бўйича радикал режаларини фаол пропаганда қилмай қўйди.
Масса билан дебатларда у аввалгиларидан мутлақо хотиржам оҳангга тушиб олди, шунда кўпчилик нега у рақибига кескин саволлар билан мурожаат қилмай қўйди, деб иккилана бошлади.
«У ўз ҳиссиётларини босиб олгандек кўринишга ҳаракат қилди ва ўз ниятига етди, – деб тушунтиради Беренштейн. – Бу иккинчи тур мантиғи билан боғлиқ. Лекин сайлов ўтиб олгач, президентлик кун тартиби унинг босиқлигини албатта йўққа чиқаради».
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг