Ва буларнинг барчаси қандай сайлов ҳақида гап кетаётгани тушунарсиз бўлган, сайлов қачон бўлиши, умуман ўтказилиш ёки ўтказилмаслиги ҳам аниқ бўлмаган бир замонда содир бўлмоқда.
Бу нимага керак ўзи?
Бу борада туғиладиган биринчи савол шундай бўлади: урушаётган мамлакатда сайлов ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Уларни ўтказиш нимага керак? Тўғри, 31 октябрда Олий Рада учун парламент сайлови ўтказилиши керак эди. Тўғри, 2024 йил март ойида президентлик сайлови бўлиши керак. Лекин Украина урушаётган бир вақтда қандай сайлов ҳақида гап бўлиши мумкин?
BBC ушбу саволларга жавоб излади.
Биринчидан, Ғарбдагилар сайлов ўтиши керак деган ғояни қўллайди. Чунки уларнинг фикрича, Украина ўзини демократик давлат деб ҳисобласа, демократиянинг ажралмас қисми бўлмиш сайловларни ўтказиши керак. Яъни улар Украина демократик қадриятларга содиқ эканини исботлаш учун сайловни ўтказишга имкон топиши керак деб ҳисоблашади. Гарчи уруш вақтида рисоладагидек сайлов ўтказиш имконсиз бўлса ҳам.
Шунингдек, Володимир Зеленский сайлов ўтказилмаса, рус пропагандаси уни «нолегитим» ва «лавозимга ёпишиб олган» деб атай бошлашидан қўрқади деган яримконспирологик қараш ҳам мавжуд. Бу вақтда Владимир Путин 2024 йилги Россия президентлиги учун сайловда ғолиб бўлиши деярли аниқ.
Иккинчидан, Украинадаги амалдаги ҳукуматда ҳам сайловни кечиктирмай ўтказиш учун асослар етарли. Масалан, Зеленскийнинг рейтинги ҳамон мамлакатдаги сиёсатчилар орасида энг юқори – 70 фоиздан баландроқ.
«Бу рақамлар сайлов рейтингида ҳам шу кўринишда бўлиши мумкин. Вазиятга қўйилган мақсадлар ва сиёсий технологиялар томонидан қараш керак. Ишонч рейтинги юқори бўлиб турган вақтда аввал президентлик, кейин парламент сайловини, балки иккаласини бир вақтда ўтказиб олиш ҳукумат манфаатларига тўлиқ мос келади», дейди BBC билан суҳбатда Украина Сайловчилар қўмитаси раҳбари Олексий Комеш.
Бу борадаги учинчи вариантни эса Украина президентлиги учун сайловда қатнашиши ҳақида очиқ гапираётган мамлакатдаги ягона машҳур сиёсатчи Олексий Арестович фаол тарғиб қилмоқда. Унинг фикрича, Зеленский бошчилигидаги амалдаги Украина ҳукумати «охирги манзилига етиб келди». Уларнинг қабул қилаётган ташқи ва ички сиёсатдаги, шунингдек, ҳарбий қарорлар Украинани «ўлдирмоқда». Шундай экан, Арестович Украинадаги бошқарув тизими сайлов орқали янгиланиши керак деб ҳисобламоқда.
Ҳамма сайлов ҳақида гапирмоқда
Украинадаги сайлов ҳақида гапираётганда аввало мамлакат қонунларида бу ҳақда нима дейилганига эътибор бериш керак. Мамлакат қонунчилигида уруш кетаётган ва ҳарбий ҳолат эълон қилинган вақтда президентлик, парламент ва маҳаллий сайловлар ўтказилиши тақиқланиши қайд этилган. Украинада 2022 йил 24 феврал куни ҳарбий ҳолат эълон қилинган ва ҳозирда уни бекор қилишга асос кўринмаяпти.
Бошқа томондан, Европа кенгаши парламентлар ассоциацияси президенти Тини Кокс шу йил май ойида Украина рисоладагидек бўлмаса ҳам ҳаққоний сайловлар ўтказиши кераклигини айтганди. Август ойи охирида Украинага келган америкалик республикачи сенатор Линдси Грэм келаси йил Укрианада сайлов ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.
Бу баёнотлардан кейин Зеленский бир неча марта бу ҳақда гапиришга мажбур бўлди. Аввалига у Ғарб сайловларни ўтказишни молиялаштириб, уни кузатиш учун назоратчилар юборадиган бўлса, сайловларни ўтказишга тайёр эканини айтди. «Ҳукуматга «ёпишиб олишибди» деган қараш бўлишини истамайман», деганди Зеленский.
Кейинроқ Украина президенти румин нашри билан суҳбатда уруш даврида сайлов ўтказилса, номзодини қўйиши, тинчлик даврида эса ваъда берганидек иккинчи муддатга номзод бўлмаслигини айтди.
3 ноябр куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба бу борада аниқ гап айтди. Унинг сўзларига кўра, Зеленский 2024 йил баҳор ойида президентлик сайловини ўтказиш вариантини ўрганиб чиқмоқда.
BBC'нинг Украина ҳукуматидаги манбалари уруш вақтида сайлов ўтказиш вариантларини ўрганадиган расмий ва норасмий гуруҳлар тузилганини айтган. Яқинда Олий Рада спикери Руслан Стефанчук бошқа мамлакатлар парламентидаги ҳамкасбларидан уруш вақтида қандай сайлов ўтказишгани бўйича тажрибаларини бўлишишни сўради. «Менимча, тез орада биз бу борада қарор қабул қилишимиз керак», бўлади деган у ҳамкасбларига юзланар экан.
Ниҳоят, шу кунларда Киевда Украинанинг алоҳида ҳудудларида сайлов бўлмаслигини ким ва қандай белгилаши бўйича қонун лойиҳасининг ёпиқ тақдимоти ўтказилган. Буларнинг барчаси эски латифани эслатиб юборади: икки ёш ресторанда юз кишилик жой банд қилади, якшанба кунига руҳонийни ҳам чақиртириб қўйишади, етмаганига қиз келинлик либосини ҳам сотиб олади. Одамлар эса «Албатта, ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин улар катта эҳтимол тўйга тайёрланмоқда», дейишади. Украинадаги сиёсий вазият ҳам шунақа: ҳукумат ҳар қанақасига талқин қилиш мумкин бўлган бирор баёнот беради, лекин улар катта эҳтимол билан сайловга тайёрланмоқда.
Володимир Зеленский 6 ноябрдаги ҳар кунлик чиқишида жамоатчилик эътиборини сайловга қаратишга интилаётганларни масъулиятсиз деб атаганди. «Ҳозир сайлов вақти деб ўйламайман. Агар қандайдир сиёсий тортишувга нуқта қўйиб, биргаликда ишлашда давом этиш керак бўлса, Украинага қарши ўйинларга имкон қолдирмаслик учун давлатда исталган масалага нуқта қўядиган, одамларга керакли жавобни бера оладиган тузилмалар бор», деди Зеленский.
Президентнинг бу сўзлари унинг ҳарбий ҳолат якунига қадар сайлов ўтказиш мумкинлиги ҳақида айтган аввалги баёнотларига мос келмайди.
Қонун имкон бермайди, лекин...
Уруш ҳолатида сайлов ўтказишни тақиқловчи қонундаги чеклов-чи, дейсизми? Украина сиёсатидаги энг асосий қоида қуйидагича: «Агар мумкин бўлмаса-ю, хоҳиш жуда баланд бўлса, амалласа бўлади». Бу ҳолатда мана шу «қоида» тўлиқ ишлаши мумкин.
Украинада уруш вақтида сайлов ўтказиш нафақат «Ҳарбий ҳолат тўғрисидаги» қонунда, балки Сайлов кодексида ҳам тақиқланган. Конституцияда эса бу ҳақда ҳеч гап йўқ. Агар сайлов ўтказиш керак бўлса, сиёсатчилар сизга конституция энг олий қонун эканини эслатишади.
Сайлов бўйича экспертлар юқоридаги тартибни рад этишади, чунки Украина конституциясида парламент аъзоларининг муддати ҳарбий ҳолатда якунланадиган бўлса, Олий Рада эски таркиб билан ҳарбий ҳолат эълон қилингандан кейин сайланган янги парламентнинг биринчи мажлисигача ишлашда давом этади. Аммо бошқа жиҳатдан, конституцияда ҳарбий ҳолатда Олий Радага сайлов ўтказиб бўлмаслиги ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Уруш вақтидаги президентлик сайлови ҳақида ҳам Украина конституциясида ҳеч қандай гап йўқ.
BBC билан суҳбатлашган ҳукмрон «Слуга народа» партияси вакилининг сўзларига кўра, сайлов ўтказиш учун шунчаки сайлов кодекси ва «Ҳарбий ҳолат тўғрисида» қонунни ўзгартириб қўйишнинг ўзи кифоя. Бу ўзгаришларни қўллаб парламентда кўпчилик овоз бериши кераклиги эса алоҳида масала.
«Ҳозирги Рада депутатлари бу чақирув улар учун охиргиси эканини тушуниб турибди. Шу сабаб, агар Зеленский хоҳласа, президент сайлови учун парламентда керакли овозни йиға олади. Лекин парламент сайлови борасида бундай кўпчилик ўринни олиш имконсиз», дейди «Голос» мухолиф фракцияси депутати Ярослав Железняк.
Зеленский асос солган «Слуга народа» партияси вакили BBC билан суҳбатда айтишича, янги парламент сайлови айни дамда парламентда ҳукмрон бўлиб турган партия тугашига олиб келади. Чунки Зеленский партиясининг рейтинги тушиб кетган.
Россия Украинага бостириб киришидан аввал ҳам бу партия рейтинги турли можаролар, хусусан, кадрлар танлаш сиёсати танқидга учраши фонида тушиб кетганди. Масалан, президентни қўлловчи отрядлар ташкил қилингани сайловчиларга умуман ёқмаган. Уруш муаммоларни фақат кескинлаштирди.
Хавфсизлик, ҳарбийлар, қочоқлар
Сайловни ўтказиш осон бўлмаслиги аниқ. Украина ҳукумати кампания ташкил қилиш жараёнидаёқ жуда кўп жавоблари ҳақида ҳатто бош қотирилмаган саволларга жавоб бериши керак бўлади. Биринчи ва асосий масала – хавфсизлик. Ҳар куни ҳатто фронт чизиғидан юзлаб километр узоқда бўлган шаҳарларда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога сиреналари чалинади. Ҳар куни фуқаролик объектлари ракета зарбаларига учрамоқда.
«Барча сайлов кампаниялари манзиллари эълон қилинади. Шунинг учун агар Россия сайлов жараёнини қонга ботирмоқчи бўлса, Грозадаги даҳшатни осонгина такрорлаши мумкин», дейди сиёсатшунос Олексий Кошел. У Грозадаги марҳумни хотирлаш маросимида тинч аҳоли вакиллари бўлган 56 киши ўлдирилган ракета зарбасини назарда тутган.
Уруш ҳолатида сайлов ўтказилганда сайловчилар ҳам, сайлов комиссияси аъзолари ҳам хавф остида бўлади. Бундан ташқари, ҳаво ҳужумидан тревога сиреналари чалинганда бюллетен солинган қутиларга нима бўлади?
Уруш ҳолатидаги Украинага қайси давлат ва халқаро ташкилот ўз текширувчиларини юбориши ҳам муаммолардан бири. Ахир халқаро кузатувчи ҳеч қандай хавфсизлик протоколига тўғри келмайдиган хавфли шароитда ишлашига тўғри келади.
Яна бир муаммо – сайловда ҳарбийлар қандай иштирок этиши билан боғлиқ. Ўқлар ёмғири ва тинимсиз портлаш бўлаётган шароитда қандай қилиб сайлов ўтказиш мумкин? Бу ерда бошқа бир муаммо ҳам келиб чиқади: украиналик ҳарбийлар сайловда ўз номзодини кўрсатиш имконидан ҳам маҳрум бўлади. Бу факт сайлов ташкилотчиларини қийин аҳволга тушириб қўяди. Ахир ҳозир Украинада ҳарбийларнинг рейтинги ҳамманикидан баланд-ку.
«Украина парламентида ўтириши керак бўлган одамлар ҳозир жанг майдонида. Уларсиз сайлов ўтказиш адолатдан эмас», дейди мухолиф депутат Ярослав Железняк.
Ўз номини ошкор қилишни истмаган бошқа бир мухолиф депутат эса ҳукумат айнан ҳарбийлар сайловда қатнаша олмаслиги сабаб уни тезроқ ўтказишни истайди. Ахир чиндан Зеленскийга рақобат қила оладиган мамлакатдаги ягона номзод бош қўмондон Валерий Залужний-ку. Генерал сайлов вақтида армияни ташлаб кетмайди ва номзодини қўймайди. Бундай ҳолатда Зеленский муаммосиз ғолиб бўлади.
Яна бир муаммо қочоқлар. Украина уруш бошланганидан буён қанча фуқароси мамлакатдан чиқиб кетганини аниқ билмайди ҳам. Бу рақамлар 3 миллиондан 7 миллионгача бўлиши мумкин. Лекин улар айнан қаерда жойлашган, сайловда қатнаша оладиган ҳолатдами – номаълум. Шунингдек, Украина мамлакатдан ташқарида бўлган одамларнинг сайловда хавфсиз иштирокини таъминлай олиши ҳам сўроқ остида.
Масалан, ҳозир Полшада 1 миллиондан ортиқ украиналик бўлиб турибди. Сайлов қонунчилигига кўра, овоз бериш жараёни ўша мамлакатдаги элчихонада ўтказилиши керак. Полшада Украинанинг тўртта элчихона биноси борлиги ҳисобга олинса, улар бу қочоқларнинг фақат бир қисминигина қабул қила олади.
Албатта, бу муаммони ҳал қилиш мумкин: украиналиклар бўлиб турган мамлакатларда вақтинчалик сайлов участкаси ташкил қилинса, Европа давлатлари бу борада Украинага ёрдам беришга тайёрлигини ҳам айтиб бўлган, лекин бундай сайлов ўтказиш учун қонунчиликни ўзгартириш, қўшимчасига сайлов ўтказиладиган давлатлар билан ташқи ишлар вазирлари даражасида учрашувлар ўтказиш керак.
BBC маълумотларига кўра, ҳозиргача Киев ташаббуси билан бундай учрашувлар ўтказилмаган. Яна бир савол: украиналик қочоқлар бўлиб турган давлатларда ташкил қилинадиган сайлов участкалари, сайловларни ўтказиш учун ким пул беради? Масалан, бу борада Германия билан музокараларда сўз борган ва немислар ўз ҳудудларидаги украин сайловларини молиялаштириш учун «ўлиб-тирилмаётгани» аниқ сезилган. Киев катта эҳтимол бошқа давлатларда ҳам шундай муаммога дуч келади.
Украина сайловлари ҳақидаги муҳокамаларда овоз беришни «Дiа» давлат хизматлари иловаси орқали ўтказиш фикрига тез-тез дуч келиш мумкин. Бу илова мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги миллионлаб украиналиклар телефонида ўрнатилган.
Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари эса уруш вақтидаги электрон сайловларга совуққонлик билан қарамоқда. Аниқроғи, улар Украина илова орқали овоз берилса, сайловчиларнинг маълумотларини махфий сақлаб қолишига унчалик ишонишмаяпти. «Дiа» асосчиларидан бўлган Украина рақамли трансформация вазири Михайло Федоров ҳозирча сайловни илова орқали ўтказиш муҳокама қилинмаганини айтган.
Халқ сайловга қарши
Ташкилотчилар учун энг жиддий муаммо одамларнинг кайфиятидир. Шунчаки сайловни ўтказиш ва жараён украиналиклар томонидан қўлланишига эришишнинг ўзи қийин масала.
Украинада уруш бошланиши билан эълон қилинган ҳарбий ҳолат фақат ҳар куни чалинадиган тревога сиреналаридан иборат эмас. Бу оммавий тадбирлар бекор қилингани, ахборот майдони ҳукумат томонидан монополлаштирилгани, энг машҳур телеканаллар «ягона марафон» пропагандачи лойиҳаларига айлантирилгани ва урушгача жуда машҳур бўлган сиёсий шоуларнинг бекор қилингани дегани ҳамдир.
Тўлақонли сайлов кампанияси ўтказиш эса ҳукуматдан «мурватларни бўшатиш»ни талаб этади. Натижада тўрт томондан ҳукумат позициясига тўғри келмайдиган баёнотлар айтила бошланади. Бундай муҳитда Зеленский ва Украина ҳукумати улар учун ёқимсиз бўлган саволларга жавоб беришига тўғри келади. Ҳукумат ҳозирча бундай қадамларга йўл очиши аниқ эмас.
«Агар сайлов кампанияси ўтказилса, барча номзодларнинг обрўсига путур етади. Жамоатчилик сайловдан кейин чуқур тушкунлик ҳолатида бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ҳозир сайлов ўтказилиши керак деб айтаётганлар мамлакатни қандай оловга итараётганидан хабари йўқ», дейди BBC билан суҳбатда президент Зеленский жамоаси аъзоси.
Украина сайлов ўтказиш учун пулни қаердан олиши ҳам аниқ эмас. Ахир умуммиллий сайлов ўтказиш арзон иш эмас. Интервюларидан бирида Зеленский сайлов ўтказиш учун 5 миллиард гривен (140 миллион доллар) керак бўлишини айтганди. Одамлар зўрға кун кўраётган ва армия эҳтиёжлари учун гривналаб пул йиғилаётган бир маҳалда бунчалик катта пул шунчаки сайлов ўтказиш учун сарфлаб юборилиши одамлар кайфиятига салбий таъсир қилади.
BBC билан суҳбатлашган Зеленский жамоаси вакилининг айтишича, сайлов учун пул топиш муаммо бўлмайди, Ғарб керакли пулни бериши мумкин. Аммо охирги вақтларда Украинага ёрдам кенг муҳокама қилинаётган бир вақтда бундай ёрдам пули бериш масаласида тортишувлар бўлиши аниқ.
Юқоридаги омиллардан келиб чиқиб, ҳозир Украина жамоатчилиги сайловга салбий қарамоқда дейиш мумкин. Разумков маркази томонидан ўтказилган сўровга кўра, украиналикларнинг баъзан 64 фоизи, баъзан 81 фоизи сайлов урушдан кейин ўтиши керак деб ҳисоблашини маълум қилган.
Кутилмаганда «учинчи сектор» ҳам сайлов ўтказишга қарши чиқди. Юздан ортиқ жамоатчилик ташкилотлари сайлов ўтказиш фикридан қайтиш ва бу мавзуга ёпишиб олишни бас қилишга чақирди.
«Уруш ва сайлов бирга бўлиши мумкин эмас. Бу хавфли жараён сайловнинг ҳам, сайлов органларининг ҳам легитимлиги йўқотилишига олиб келади. Оқибатда вазият янада издан чиқади», дейилади хусусан бундай баёнотларда.
«Сайловлар мустақил тарзда демократияни акс эттира олмайди. Шунчаки овоз бериш жараёнини ўтказиб қўйиш демократия дегани эмас. Россия ва Беларусда қоғозда овоз бериш ўтказилади, баъзи халқаро текширувчилар бу жараённи «сайлов» деб атайди, лекин уларнинг иккисида ҳам демократия йўқ», дейилади юқоридаги баёнотларда сайлов тарафдорларига қарата.
BBC'нинг мухолиф фракциядаги суҳбатдоши ғарблик дипломатлар билан суҳбатига таяниб айтишича, бу баёнотлар Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан илиқ кутиб олинган.
«Америка истеблишментининг бир қисми амалда уруш якунига қадар сайлов ўтказилишига қарши эмас. Фақат сайловлар сохталаштирилмаслиги шарти билан. Агар овозлар сохталаштирилса, Путин буни дунёга демократиянинг ҳалокати деб намойиш қилади», деган Вашингтондаги Украина бўйича ёпиқ экспертлар муҳокамасида иштирок этган манба.
Ҳаммасини президент ҳал қилади
BBC билан суҳбатлашган барча манбалар сайлов борасида қарашидан қатъи назар бир фикрни такрорлаган: салов ўтиш ёки ўтмаслигини Зеленский ҳал қилади. Унинг жамоасидаги суҳбатдош президент бу борада аниқ қарорга келмагани, Зеленский ўз фикрини декабрда билдириши кутилаётганини айтган. Баъзи нашрлар Зеленский офисига таяниб сайловлар 2024 йил мартда эмас, май ойида ўтказилиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.
Зеленскийнинг иккиланаётганини тушуниш мумкин. Бир томондан, ҳукумат шундоғам тўлалигича унинг қўлида. Иккинчи томондан, ижтимоий сўровлар ҳукуматга ишонч пасайиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу сабаб ҳали ҳаммаси ўз назоратингда бўлган вақтда муддатни янгилаб олиш ҳам ёмон вариант эмас. Чунки урушдан кейин сайловни ютиш осон бўлмайди.
Шунингдек, одамлар сайловни талаб қилмаётгани ҳам Зеленскийни ўйлантираётган бўлиши мумкин.
«Украина урушмоқда. Президент эса Олий бош қўмондон. Мен, оддий украиналик сифатида қўмондон бундай вақтда хаёлини урушга эмас, Украинага халқаро ёрдамга эмас, сайловда қандай ғалаба қозонишга қаратишини истамайман», деган BBC билан суҳбатда депутат Ярослав Железняк.
Ниҳоят, «қора оққуш» омилларини ҳисобдан чиқариб бўлмайди.
Уруш бошланганидан буён Украина сиёсий саҳнаси кескин ўзгариб кетди. Урушгача унинг асосий актёрларидан бўлган ва сиёсат юлдузлари деб қаралган Юлия Тимошенко ва парламентнинг собиқ спикери Дмитрий Разумков сўниб қолди. Кейин Олексий Арестович, Миколайив губернатори Виталий Ким, криминал ўтмишли аграр тадбиркор Олександр Поворознюк кабилар уруш бошида яққол порлади. Энди уларнинг машҳурлиги ҳам тушиб бормоқда.
Ҳеч ким титраб турган украин жамиятида эртагаёқ бошқа қаҳрамон топилмаслигига кафолат бера олмайди. «Сайловда ҳам кутилмаган нарсалар бўлиб кетиши мумкин. Бизнинг ҳолатимизда, шартли равишда айтадиган бўлсак, Патрон исмли ит ҳам сайловда ғолиб бўлиши мумкин», дейди сиёсатшунос Олексий Кошел.
Балки шунинг учундир, Украинадаги йирик сиёсий партиялар ҳали ижтимоий ширкатларга сайлов бўйича сўровнома буюртма қилгани йўқ. Улар бундан мантиқ йўқ деб ўйлашган.
Аммо юқорида айтилганидек, бир кишининг иродаси билан барчаси ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Украина сиёсатида бунақаси бўлиб туради.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг