Яқин Шарқда Саудия Арабистони, Миср ёки Эрон анъанавий етакчилар деб қабул қилинса-да, ҳудуди кичик, лекин овози анча баланд Қатар мафкуравий ва геосиёсий позицияси жиҳатдан минтақада уникал давлат ҳисобланади. Расмий Доҳа бу сафар Ғазода 4 кунлик оташкесимга эришишда марказий ўрин тутди.
Хўш, Қатарнинг Исроил–Фаластин инқирозида таъсир этиш ўрни қандай? Умуман, Қатар ташқи сиёсатининг араб-мусулмон оламидаги ўрни ва векторлари-чи?
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” рукни мавзуни таҳлил қилиш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовни таклиф этди.
— ҲАМАС ва Исроил Қатар воситачилигида 4 кунлик ўт очмаслик сулҳига эришди. Қатарнинг ҲАМАСга таъсири мавзусига ўтишдан аввал, Қатар ташқи сиёсатининг араб-мусулмон оламидаги ўрни ва векторлари қандай?
Шавкат Икромов: — Қатар кичик давлат сифатида кўрилади, аммо бу фақат географик ва аҳоли сони нуқтайи назаридан. Сиёсий, геосиёсий майдондаги иштирокига кўра, Қатар кичик давлат ҳисобланмайди. Қатар – минтақавий йирик ўйинчи.
Қатар 1972-1996 йиллар оралиғида Саудиянинг хавфсизлик кафолатлари остида яшаб келган. 1996 йилдаги тинч давлат тўнтаришидан сўнг унинг сиёсати ва ташқи сиёсий доиралари ҳам ўзгарди. Демографик ва географик кичиклигини Қатар фаол ташқи сиёсати, геосиёсий воситачилиги билан ёпишга уринади. 1996 йилдан Араб баҳоригача Қатар ўзини фаол минтақавий ўйинчи сифатида намоён этишга ҳаракат қилди. Араб баҳори ва 2013 йилдаги ҳокимият ўзгаришидан сўнг минтақадаги бўшлиқлардан фойдаланиб, минтақавий ўйинчи сифатида ўзини яхши кўрсата бошлади. Бугунги кунда халқаро миқёсда асосий воситачи давлат ҳисобланади. Ғазо бўйича иккинчи муваффақиятли юришни амалга оширди. Биринчиси АҚШ фуқароларини озод қилиш бўйича келишув бўлса, иккинчиси уруш ҳаракатларини 4 кунга тўхтатишга эришди.
Қатар ички сиёсатидан хавотир олмайди. Аҳолиси 2,7 млн, етарлича бой, одамларнинг хоҳиш-истаклари олдиндан кўрилган. Шунинг учун ҳам воситачиликда бутун халқ истаги бўлиб туради, бу ҳам бир муваффақиятга йўл. Бундан ташқари, Қатар атрофида этник низолар, катта давлатлар ўйинлари бўлиб туради, шунинг учун бу низолар ўзига етиб келмасдан, ҳал қилиш йўлларини излайди ва воситачилик таклиф этиб келади.
Камолиддин Раббимов: — Қатарнинг глобал бренди бу “Ал-Жазира” телеканали ҳисобланади, у 300 млндан ортиқ араб ҳамжамиятининг сиёсий тафаккури ва ахборот қарашларини шакллантириб бераётган глобал ресурс. Бошқа араб давлатларининг ахборот ресурслари унга рақобатчи бўлолмайди. Қатар ўзи кичик давлат бўлса-да, жуда катта геосиёсий ресурс ва мавқе шакллантирди.
Қатарнинг геосиёсий қарашлари бошқа араб давлатлариникидан фарқ қилади, авваламбор Саудиядан. Қатарни шартли равишда иҳвончилар дейиш мумкин. Биламизки, бир пайтлар Мисрда Иҳвон ал-муслимун сиёсий ташкилоти шаклланган эди. Бугунги кунда шу бренд остида бир қанча лидерлар бор, жумладан, Эрдўған ҳам. Бугунги иҳвончиларни ислом қадриятларини сиёсий фаолликка ва баъзан демократик институтларга қориштирган сиёсий гуруҳ, дейиш мумкин.
Саудия халқ фаоллиги, демократик институтлар билан у ёки бу кўринишда курашаётган бўлиши мумкин, лекин Қатар бундай эмас. Араб баҳорининг меъмори “Ал-Жазира” дейиш мумкин, лекин бу лойиҳа кутилганидек муваффақиятга эришмаган.
Қатарнинг қараши бўйича дунё глобаллашди, бундай вазиятда инсон тафаккурини ахборот билан тўйинтириш ва улар сиёсий фаол бўлиши керак. Натижада араб ва мусулмон дунёси фаоллиги дунё архитектурасини трансформация қилиши керак. Қатарнинг амбициялари, лойиҳалари ана шундай жуда катта.
— Нега Қатарнинг атрофдаги Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн каби давлатларга нисбатан Эрон билан алоқалари мустаҳкам?
Шавкат Икромов: — 1996 йилда “Ал-Жазира” телеканали ташкил этилиб, катта маблағ ажратилади. Шу билан бирга, либерализм, демократия каби ғоялар кенг ёйила бошлайди. Дейлик, “Ал-Жазира” телеканали Саудиядаги сиёсий вазиятни ёритса, инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирмоқчи бўлса, танқид қилса, бу нарса уларга табиийки ёқмайди. Миср билан ҳам шундай, Араб баҳори даврида Миср учун “Ал-Жазира” таркибида алоҳида канал ҳам очилган. Ҳусни Муборак тизимини фош қилишга ҳаракат қилган, албатта, буни Миср хоҳламаган. Шу нуқтайи назардан Қатарга салбий қарашади.
Саудияга Қатарнинг Эрон билан муносабатлари ҳам ёқмайди. Лекин Қатар ва Эрон муносабатлари узлуксиз яхши бўлмаган, доимий ўзгаришлар, узоқ-яқин бўлишлар бор.
Камолиддин Раббимов: — Эрон – республика, Саудия – монархия, шу жиҳатдан бу икки давлат яқинлашолмайди бир-бирига. Эрондаги монархия йиқитилиши минтақадаги бошқа монархияларни қўрқитиб қўйган эди ўз вақтида. Иккинчидан, бу икки давлат мусулмонларининг мазҳаби бошқа-бошқа.
Бу ўринда Қатар либерализм ва демократик институтларга ижобий қарайди, мазҳаблар бўйича бўладиган конфликтларга ҳам аралашмайди. Эрон билан зиддиятга борган пайтлари ҳам сабаб бошқа бўлган, диний эмас.
Қатар бошқа араб давлатларидан фарқли равишда уйғурлар масаласини, Фаластин масаласини кўтаради, қўлидан келганча ёрдам беради. Қатарнинг бу сиёсати уни ҳақиқий геосиёсий субъектга айлантиради.
— 2017 йилдаги дипломатик инқирознинг асл сабаблари ҳам Араб баҳори давомийлиги билан боғлиқми?
Шавкат Икромов: — Қатар 2017 йилда Саудия, БАА, Баҳрайн ва Миср томонидан блокада қилинган, Туркия ва Эрон Қатар тарафида бўлган, Эрон ёрдам ҳам киритган эди.
Араб давлатлари нега Қатарни блокада қилди? Араб баҳори даврида Мисрда Иҳвон ал-муслимун вакили ҳокимиятга келди, бу Қатарга маъқул келар эди, Саудия эса бундан манфаатдор эмасди. Бундан ташқари, Қатар Суриядаги исломий гуруҳларни ҳам қўллаганди. Саудия маълум вақт бу бўйича Қатар билан келишувларга эришди, аммо кейинчалик террористик гуруҳларни қўллашда айблади. 13 бандли талабнома киритди, унда биринчи банд Эрон билан алоқаларни узиш ҳақида эди. Ўша пайтда Суриядаги Башар Асадни Эрон қўлларди, бу эса Саудияга ёқмасди. Аммо Қатар шартларни бажаргани йўқ ва 2021 йилга келиб блокада олиб ташланди.
Бу блокада даврида АҚШ қайси тарафда бўлгани аниқ эмас. Чунки блокада қилган давлатлар АҚШнинг яқин иттифоқчилари, Қатарда эса АҚШнинг минтақадаги иккита асосий ва марказий ҳарбий базаси жойлашган. Таҳлилчилар фикрига кўра, АҚШ конгрессида Қатар лоббиси ҳам бор, худди яҳудий лоббиси каби. Бундан ташқари, 1996 йилда Қатарда Тел-Авив савдо уйи очилган ва элчихона даражасида ишлаган. То 2007 йилгача бўлган даврда Форс кўрфази араб давлатлари ичида фақат Қатарнинг Исроил билан алоқалари бўлган ва Исроил орқали АҚШ билан мулоқотда бўлган. Кейинчалик эса Қатар лоббисини шакллантирган. Блокададан чиқиш шунчаки тасодиф эмас.
Камолиддин Раббимов: — 2017 йилда АҚШнинг янги президенти Трамп биринчи бўлиб Саудияга давлат ташрифини амалга оширади. Одатда АҚШнинг янги президентлари биринчи бўлиб Канада, Мексика, Япония ёки ЕИ давлатларига ташриф буюради. Трампнинг ташрифи Саудияни руҳлантирган. Шу даврдан Саудиянинг минтақа сиёсатидаги фаоллиги анча ошади. Ўша даврда Саудия АҚШга қиймати 400 млрд долларлик қурол-яроғ буюртма қилади. Тарихдаги энг катта буюртма бу.
АҚШ учун қийин вазият эди, чунки Қатар ҳам, Саудия ҳам унинг иттифоқчиси эди. Трамп енгил тарзда Қатарни танқид қилган ҳолатлар ҳам бўлди, аммо унинг маслаҳатчилари мувозанат сақлашни маслаҳат берган ва Трамп шу йўлга ўтган. Блокада орқали эса бошқа араб давлатлари Қатарга деярли зарар етказа олишмади.
— Қатарнинг Исроил-Фаластин инқирозида таъсир этиш ўрни қандай ва таъсир қила олувчи воситалари қанчалик потенциалга эга?
Шавкат Икромов: — Юқорида айтилгандек, Доҳада Тел-Авив савдо уйи очилган, ваколатхона сифатида хизмат қилган. Яъни Қатарда бу бўйича тажриба мавжуд. Исроил Ташқи ишлар вазирлигида ҳам Қатар столи бор. Икки давлат ўртасида эълон қилинмаган маълум бир муносабатлар мавжуд. Қатар аввалига ҲАМАСнинг тинч аҳолига ҳужумини қоралаб чиққан эди, кейин Исроилнинг Ғазога ҳужумини ҳам қоралади.
Қатар Иброҳим келишувларига қўшилмаган. У доим Исроил 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтиши кераклигини таъкидлайди ва шундан сўнг Исроилни давлат сифатида тан олишини айтади. Бу бўйича Қатар позицияси қатъий ва бошқа араб давлатларидан фарқ қилади.
Нега айнан Қатар воситачи? ҲАМАСни қўлловчи асосий араб давлатларидан бири – Қатар. “Ал-Жазира” телеканалини ҳам ҲАМАСга минбар сифатида берган. Кўп араб давлатлари ҳукуматида ҲАМАСга нисбатан хайрихоҳлик паст, араб халқлари эса қўллайди, шунинг учун халқ ва ҳукуматлар ўртасида тафовут пайдо бўлган.
Қатар ўз вақтида ҲАМАС ва Фатҳ ўртасида ҳам воситачилик қилган. ҲАМАСнинг юқори намояндалари Доҳада жойлашган. Миср томони фаоллигини билдирувчи турли баёнотлар берди, лекин амалда натижани Қатар кўрсатяпти, шунинг учун ҳам айнан Қатар воситачи. Бундан ташқари, юқорида айтганимиздек, Қатарнинг ҲАМАС билан ҳам, Исроил билан ҳам алоқалари яхши.
— Расмий Доҳа яқинда Фаластиннинг ҳарбий қаноти билан ҳамкорлик қилмаганини, балки сиёсий қаноти билан алоқалари борлигини айтди. Шу нуқтайи назардан, Қатарнинг ҲАМАСга таъсир этиши қанчалик реал?
Шавкат Икромов: — Бундай баёнотлар Қатар томонидан доимий берилади. Лекин биламизки, Қатар ҳокимияти вакиллари Ғазога ҳам борган эди, Исроил ҳукумати норози ҳам бўлган бундан. ҲАМАСнинг юқори доиралари ҳам Доҳада ўз ишини олиб боряпти.
Камолиддин Раббимов: — Қатар шундай давлатки, у келажакда истиқболи бор бўлган ва салоҳияти катта гуруҳлар, сиёсий ташкилотларга сиёсий бошпана беради. “Толибон”, ҲАМАС кабилар мисол. Менимча, Қатар позицияси аниқ, яъни Фаластин 1967 йил чегаралари бўйича ташкил этилиши керак. Қатар Исроил билан алоқалари бўлса-да, уни жуда кўп танқид қилади. Умуман, кўпгина араб давлатлари Исроил билан шундай алоқаларга эга. Қатар Фаластинни очиқча қўллаган, буни яшириб ўтирмайди. Қатар амири БМТ ассамблеясидаги чиқишларида доим Фаластин масаласини тилга олади.
Ҳозирги музокараларда Қатар Исроил билан мулоқотда АҚШ ва Миср билан ҳам ҳамкорлик қиляпти. Чунки Исроил билан асосий мулоқотчи АҚШ ва Миср ҳисобланади. Қатарнинг Исроил билан тўғридан тўғри дипломатик алоқалари ҳам йўқ, шунинг учун ҳам Миср керак бу ўринда.
Шавкат Икромов: — АҚШ конгрессида Қатар лоббиси борлигини айтдик. Исроил парламенти – Кнессетда ҳам Қатар билан мулоқотга киришадиган, унинг қизиқишлари, истакларини етказиб турувчи гуруҳлар мавжуд, деган тахминлар бор.
— Қатарнинг дипломатик вакиллари ҳозир Исроилда музокаралар олиб боришяпти. Доҳа бу конфликтда ташаббусни Ар-Риёддан тортиб олгандек. Қатарнинг Исроил билан музокаралари маълум муддат ўт очишни тўхтатишдан устунроқ натижаларга эришиши мумкинми?
Камолиддин Раббимов: — Эришиши мумкин. Менимча, Саудия Қатарнинг воситачилигига ҳасад билан қарамаслиги, ўзига Исроил билан воситачи бўлишни эп кўрмайдиган давлат бўлиши ҳам мумкин. Иброҳим келишувларига кўра, Саудия ва Исроил муносабатлари илиқлаша бошлаганди, аммо бу конфликт сабабли Саудия ортга чекинди. Конфликт энди бошланган пайтда Саудия Ташқи ишлар вазирлиги уруш тугагач, яна музокараларни давом эттиришини билдирган эди. Аммо воқеалар давомийлигида Саудия кайфияти ўзгаряпти ва энди яна илиқлашувда давом этиш позициясида эмас.
Қолаверса, кўплаб кузатувчилар фикрича, Саудия яширин фронтда Фаластин манфаатлари учун катта ишлар қиляпти, Қатар каби очиқ фронтда эмас.
Шавкат Икромов: — Саудия Яман, Миср, Сурия, Афғонистон воқеаларида Қатарнинг ҳаракатларини қўлламаган эди. Аммо бу вазиятда, Камолиддин ака айтганидек, Исроил ва ҲАМАС ўртасида воситачилик Саудияга эп бўладиган иш эмас. Шунинг учун Саудия Қатарнинг ўртага чиқишига қарши эмас.
Камолиддин Раббимов: — Бу ҳолатда воситачилик қилишга Саудияда шароит ҳам йўқ. Чунки ҲАМАС билан муносабатлари таранг, Исроил билан ҳам дипломатик алоқалар йўқ. Ўзини мусулмон дунёси лидери сифатида кўрадиган Саудия ҳозирги вазиятда Исроил билан гаплашишни эп ҳам кўрмайди.
Қолаверса, Саудия Иҳвон ал-муслимун ташкилотини террорчи ташкилот деб эътироф этади, шу маънода ҲАМАСни ҳам унинг бир бўғини сифатида кўради, гарчи расман террорчи демаса-да.
Шавкат Икромов: — Ўт очишни яна 4 кунга тўхтатиш бўйича музокаралар бўляпти. Шу нарса ҳам бир умид берадики, балки бу жараёнлар чўзилиб, тинчликка олиб келар. Аммо вазият жуда ўзгарувчан, ҲАМАС ҳам, Исроилдаги миллатчи ўнг ҳукумат ҳам кескин қарорлар қабул қилиш характерига эга. Лекин Қатар ишлар олиб боради, ундан умид қилиб қоламиз.
Камолиддин Раббимов: — Нима учун Исроилдек ҳарбий қудратга эга давлат ҲАМАС билан музокарага мажбур бўлди? Ҳарбий ҳаракатларга 1 ойдан ошган бўлса ҳам, Исроил ўз мақсадларига эриша олмади, яъни асирларни қутқара олгани йўқ. Кўринадики, ҲАМАС бу урушга пухта тайёрланган. Бу ўринда барча жиҳатдан ютқазиб турибди: тинч аҳолини ўлдиряпти, асирларини қутқара олмаяпти ва ҲАМАСга реал бир зарба беролмади.
Шавкат Икромов: — Исроил ҳужум бошида асирларни озод қилиш ва ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш ҳақида гапираётганди. Бугунга келиб эса фақат асирларни озод қилиш қисми янграяпти. Ўзи тарихан ҲАМАС Исроил учун жуда ноқулай ҳаракат ҳисобланади. ҲАМАС ўз ерларини қайтариш, ватанни озод қилиш йўлида курашар экан, уларни тўхтатиш қийин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг