Украина-Россия уруши чўзилиб кетди. Жамоатчилик ҳам бу урушдан зерикди. Ҳеч ким олдингидек жиддий кузатмай қўйди. Айниқса, 7-октябрда ҲАМАСнинг Исроилга хужумидан кейин, дунё ҳамжамиятининг диққати Яқин Шарққа кўчди. Украина уруши “модадан қолди”. Лекин, бу уруш аслида Ўзбекистон ва ўзбеклар учун жуда муҳим воқеа ҳисобланади.
Сабаблари кўп. Агар бу урушда Украина ютса – пост-совет ҳудудидаги “империячилик урушлари” тугайди ёки қадрсизланади. Пост-совет ҳудудидаги давлатларда нафақат сиёсий, балки геосиёсий ҳам мустақил бўлиш имконияти кучаяди. Пост-совет ҳудудидаги “дедовщина” барҳам топади. Россиянинг империячиликдан нормал давлат бўлиш томон юришдан бошқа йўли қолмайди.
Лекин, ҳозирча, жараёнлар Украина фойдаси томон кетмаяпти. Исроил-Фаластин уруши бошланиб, коллектив ғарбнинг Украинага ёрдами кескин камайиб кетди. Аслида, коллектив ғарб Украинадан ўта чарчаб турган эди. Бу чарчоқни билдириш учун, қулай баҳона керак эди. Исроил-Фаластин уруши – шундай воқеа бўлди.
Украинани энг кўп қўллаб келаётган давлат, бу – АҚШ. Европанинг иқтисодий ва ҳарбий ёрдам бериш имкониятлари анча пасайди. Европанинг ёрдам резервлари тугаб бормоқда. Ҳатто энг бой бўлган Германияда ҳам “Етар, Украинага ортиқ ёрдам бера олмаймиз!” деган кайфият жуда кучайди.
Американинг энг кучли томони ҳам, энг муаммоли томони ҳам – унинг икки партияли сиёсий тизими. Келаси 2024 йил – президентлик сайловлар йили. Шу пайтгача Украинани қўллаб келган республикачилар, бугун тўнини тескари кийиб олишган. Улар демократ Байденнинг Украина ва Исроилга ёрдам пакетини рад қилишди. Байден республикачиларни айблаб “сиз Путинни қўллаб-қувватлаяпсиз” деди. Лекин, бу республикачиларнинг фикрини ўзгартирмаяпти.
Республикачилар “ўзимизнинг чегараларда муаммо турганда, Украина чегараларини мустаҳкамлаш – кулгули иш!” дея, америкаликларнинг миллатчилик ва изоляцион кайфиятларини кучайтирмоқда.
Республикачилар Байденнинг Украинага ёрдам лойиҳасини қўллаш учун, бир қанча катта шартлар қўймоқда. Жумладан, Мексика билан чегарани ёпиш ва шу йўл билан мигрантлар киришига имконият бермаслик. Лекин ҳозирча демократлар бундай қилиш ниятида эмас. Сабаби, демократларнинг мафкурасига кўра, Америка миграция ва эмиграцияга, қочқинлик мақомини олишга очиқ давлат бўлиши керак.
Шундай қилиб, Байден маъмурияти оғир танлов олдида қолган: Украинага ёрдам бериш мақсадида республикачиларнинг шартини бажариш бўйича ўйланмоқда – бу ҳам бўлса, Мексика чегарасини ёпиш.
Шу пайтга қадар ўзбекистонликлар, баъзилари Россия, баъзилари Украина тарафида туриб, урушга боришди ва кўплари ҳалок ҳам бўлишди. Украина-Россия уруши Ўзбекистон ҳалқини икки қутбга бўлди. Миллионлаб муҳожирларнинг даромадларига тўғридан тўғри таъсир қилди. Мана энди Россия бошлаган бу уруш сабаб ўзбекистонликлар учун Мексика орқали АҚШга кириш эшиклари ҳам тўлиқ ва батамом ёпилиш эҳтимоли ўртага чиқмоқда.
Камолиддин Рабббимов,
сиёсий таҳлилчи