13:33 / 11.02.2024
158

Швецияда оталар қандай қилиб “декрет” таътилига чиқади?

Швецияда оталар қандай қилиб “декрет” таътилига чиқади?
Ҳозирги даврда оилада эр-хотиннинг ҳар иккаласи ҳам ишлаши одат тусига киргани сабабли кўп давлатларда меҳнат маданияти ҳам шунга мос ўзгариб боряпти. Авваллари фақат аёллар бола парвариши учун ишдан таътилга чиққан бўлса, ҳозир ривожланган давлатлар буни ота-она бирга амалга оширишига қўйиб бермоқда. Яъни оталар ҳам боласини катта қилишда иштирок этиши ва таътил олиб уни маълум муддат парваришлаши мумкин. Давлат эса уларнинг ишламаган пайтига ҳам пул тўлайди.

Оталик таътилига қайси давлатларда энг яхши тўланади?

Ота-оналик таътили янги туғилган чақалоқни парваришлаш учун унинг она-онасига ҳақ тўлаш ёки тўламаслик эвазига бериладиган таътил ҳисобланади. Ҳақ тўланадиган ота-оналик таътили берадиган топ 5 та давлат қаторида скандинавиан мамлакатларининг бир нечтаси ўрин олган, уларни бу борада энг сахийлари дейиш мумкин.

Рўйхатда Литва, Япония, Швеция, Эстония ва Исландия давлатлари бор. Литва оталарга маошининг 77,5 фоизи тўланадиган 30 кунлик таътил ва яна 36 ойлик ота ёки она олиши мумкин бўлган таътил беради. Бунда бола тарбиялаш учун нафақа биринчи йил иш ҳақининг тўлиқ қисмини, кейинги 2 йилда 70 фоизлик маошни ташкил қилади.

Фото: The Guardian
Японияда эса фақат оталар учун аталган бир йиллик таътил бор. Таътилнинг дастлабки 180 кунида маошнинг 67 фоизи, қолган кунларида эса 50 фоизи тўланади. Бу оналарга бериладиган ҳар қандай таътилдан алоҳида саналади.

Эстонияда эса 2 ҳафталик 100 фоиз маош ҳисобида тўланадиган оталик таътили ва 435 кунлик ота ёки она олиши мумкин бўлган таътил мавжуд.

Ота-оналик учун идеал бўлган яна бир давлат Швециядаги тизим ҳақида кўпроқ тўхталамиз.

Швецияда ишлар қандай бошланган?

Швецияда бола парвариши учун бериладиган ота-оналик таътили тизими ишга туширилганига 50 йил бўлди. Бу давлатда оналик таътили эмас, ота-оналик таътили берилади ва уни турли муддатларда эр-хотин бўлишиб олиши мумкин.

Келл Сарнолд 1970 йилларда ўғли 8 ойлигида оталик таътили олади. Давлат томонидан иш ҳақининг 90 фоизи қоплаб бериладиган 4 ҳафталик таътил сентябр ойига тўғри келган, ота бу вақтни тўлиқлигича боласи учун сарфлаганди.

Келл ҳозир нафақада, у бундан 50 йил олдин бола парвариши учун таътил олганидан кўп ўтмай 1974 йилда Швеция дунёда биринчи бўлиб давлат томонидан молиялаштириладиган 180 кунлик ота-оналик таътилини жорий қилади. Унга кўра, таътил муддати жуфтлик томонидан исталган кўринишда тақсимланиши мумкин. Шу йилдан бошлаб бу тизим қонун билан белгилаб қўйилгандан сўнг уни оладиган ота-оналар ҳам кўпаяди.

Ҳозирги кунда таътил муддати ҳам узайган. Ота-оналар жами 480 кунлик таътил олишлари мумкин. Бу муддатнинг дастлабки 390 кунида маошларининг 80 фоизи миқдорида пул тўланади. Ундан кейинги муддатда эса кунлик 16 доллар атрофида компенсация бериб борилади. Бу тизим давлат молиялаштирадиган планетадаги энг сахий пакетлардан бири ҳисобланади.

Бу таътил қандай қилиб амалга киритилади?

1960 ва 70 йилларда глобал миқёсда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатлари ўсган, лекин бу ҳаракат Швецияда алоҳида амаҳиятга эга бўлди. Ўша муддатда социал демократлардан чиққан бош вазирлар, айниқса, Улоф Палм гендер тенглигини таъминлашга, мамлакатдаги ижтимоий ҳимоя тизимини яхшилашга ваъда беради ва бунинг учун солиқлардан фойдаланишади.

Стокҳолм университети тадқиқотчиси Илва Мобергга кўра, ўша муддатдан ота-оналик таътили жорий этилишидан аёлларнинг тезроқ иш ўринларига қайта олишларига имкон қилиб бериш мақсади бўлган.

Давлат имконият бергани билан одамлар ўртасидаги ижтимоий нормалар бирданига ўзгармаган. 1974 йилда атиги 0,5 фоиз ота боласи учун таътил олган. 1990 йилларга келиб ҳам бу статистика бир хоналик рақамдан иборат эди.

1995 йилда бу тизим "юриб кетиши" учун ҳар бир ота-она учун махсус 30 кунлик таътиллар эълон қилинади. "Хоҳласанг фойдалан, хоҳласанг шунчаки фойдаланмай ўтказиб юбор" кўринишидаги таътилларнинг муддати 2002 йилда 60 кунни, 2016 йилда эса 90 кунни ташкил қилади. Шу йўсинда борган ислоҳотлар сабаб ҳозир Швецияда оталарнинг 30 фоизи бола парвариши учун таътил олади.

Қулайликнинг яна бир тарафи таътил муддатини эр-хотин исталган кўринишда бўлишиши мумкин. Ҳар иккови ҳам бола мактабгача таълим муассасасига боришидан олдин 30 кунлик таътил олишлари, боласи то 4-12 ёш оралиғида бўлган муддатда эса 96 кунлик таътилга чиқишлари мумкин. Уларга, шунингдек, тўлиқ бўлмаган иш кунида ишлаш ҳуқуқи ҳам берилади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи ҳудудида энг кўп швед оталар болалари учун таътил олишади.

2023 йилдаги тадқиқотга кўра, Швецияда 2017 йилдан бери ота бўлган эркакларнинг фақат 18 фоизи ўзларига бериладиган таътилдан умуман фойдаланмаган.

Мобергнинг фикрига кўра, иш жойларида ҳам таътил оладиган эркакларга нисбатан муносабат ўзгарган. "Ҳозир яхши ва замонавий ота бўлиш учун ҳеч бўлмаса таътил олиш керак", дейди у.

Бахтлироқ ва соғломроқ

Таътилни бўлишиш хонадонлардаги ҳолатларга ҳам таъсир кўрсатди, ҳам ишхоналардаги маданиятга сезиларли ўзгаришлар киритди.

Бола парвариши таътилини бўлишган жуфтликлар, одатда, ундан кейинги болани боғчага олиб бориш ва олиб келиш, касал бўлиб қолганда уйда олиб қолиш каби вазифаларни ҳам бирга қилишади.

Бу дегани ишда кечки пайт қолиб ишлаш маданияти йўқлигини англатади. Замонавий компаниялар ота-оналар болаларини боғчага олиб боришларига ноқулайлик туғдирмаслик учун эрталабки ва кечки йиғилишлар ташкиллаштиришдан қочишади.

Швециянинг ота-оналик таътили тизими иш-оила балансига эътибор қаратадиган халқаро истеъдодларни жалб қилиш учун компанияларнинг қуролига ҳам айланиб қолди. Spotify ва Volvo каби компаниялар эса дунё бўйлаб барча ходимларига тақсимланадиган ота-оналик таътили берилиши ҳақида таништиришди.

Компаниялар ота-оналик таътилидан бренд стратегияси сифатида фойдаланмоқда. Ота-оналик ёшидаги ходимлар эса буни жуда қадрлашади. Бошқа давлатларда ишлайдиган шведлар ҳам тизимдан фойдаланиш учун кўп ҳолларда оила қуриш пайти мамлакатларига қайтиб келишади.

2023 йилда Стокҳолм университетининг Соғлиқни сақлаш фанлари бўлими тадқиқотчилари ота-оналик таътилини узайтиришнинг руҳий саломатлик учун фойдалари ҳақида тадқиқот ўтказдилар. Унга кўра, ота-оналик таътили муддати узоқ бўлган давлатлар, хусусан, Швецияда депрессия ва чарчоқ ҳисси камроқ эканини аниқлашди. Шунингдек, Швецияда оталик таътили олган эркакларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиш кўрсаткичи ҳам пасайгани маълум бўлди.

Ҳал бўлмаган муаммолар

Гарчи Швециядаги тизим энг яхшиларидан бири бўлса ҳам, унинг ҳам ўзига яраша камчилик томонлари ҳам бор. Масалан, ҳали ҳам 30 фоиз эркаклар оталик таътилига чиқса, асосий ҳолатда (70 фоиз) юк аёлларнинг зиммасига тушади. 50/50 бўлишиш мўлжалланган тизим бу кўринишда бўлишилаётгани йўқ.

Шунингдек, тадқиқотларга кўра, Швециядаги маълум қатламлар: кам даромадли, ишсиз, ўзини ўзи банд қилган ва хорижлик эркаклар таътилга камроқ чиқишади. Сабаби таътил пайти даромаднинг 80 фоизи қоплаб берилганда ҳам улар учун 20 фоиз ҳам йўқотиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, яна бир жиҳат тўлиқ бўлмаган иш кунида ишлаш вариантини кўпроқ аёллар танлаши билан боғлиқ. Улар уй юмушларига ва болаларга қарашга, касал бўлиб қолганда ғамхўрлик қилишга эркакларга қараганда кўпроқ вақт ажратади ва бу уларнинг ойлик маошлари ошишига таъсир кўрсатади.

Ҳозир Швецияда аёл ва эркак ходимларга соатига тўланадиган иш ҳақи ўртасидаги фарқ 11,2 фоизни ташкил қилади, бу Европа Иттифоқидаги 12,7 фоизлик кўрсаткичдан пастроқ. Лекин ўртадаги фарқ 5 фоиз бўлган Белгия, Словения ва Италия каби давлатларникидан юқори.

Июл ойидан бошлаб ота-оналар бола то 15 ойлик бўлгунча бир вақтнинг ўзида 60 кунлик таътил олиш имконига эга бўлишади. Умумий таътилдан 90 кунлик муддатни бошқа қариндошларига бериш имкони ҳам бўлади. Бунинг билан яқин қариндошлар ҳам бола парваришига жалб этилиши мумкин. Лекин болага қарашни қариндошларга ишониш мумкинлиги танқидларга ҳам сабаб бўляпти.

Гендер тенглиги ва бола парваришини тенг тақсимлашга қаратилган тизимга эришишга қаратилган Швеция сиёсати кўп давлатларга намуна бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда буларга эришиш автоматик содир бўладиган жараён эмас. Худди Швециядаги каби рағбатлантириш тизимини яратиш натижани тезлаштириши мумкин.

Маълумот учун: Ўзбекистонда ҳам эркаклар бола парвариши таътили олишлари мумкин. Меҳнат кодексининг 405-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади. (Бола учун нафақа исталган фарзандли оилаларга тўланмайди, бунда оиланинг даромадлари ҳисобга олинади). Болани парваришлаш таътилларидан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани ҳақиқатда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам, шунингдек васийси ҳам тўлиқ ёки қисмларга бўлиб фойдаланиши мумкин.

Бу дегани Ўзбекистонда нафақат ота, балки бобо ва бувилар ёки қариндошлар ҳам бола парвариши таътили олишлари мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё