21:00 / 03.03.2024
583

Туркиядаги “келинчак бизнеси” (Алданиб қолманг)

Туркиядаги “келинчак бизнеси” (Алданиб қолманг)
2023 йилда Туркияда турмуш қурган ҳар 10 нафар хорижлик келиндан биттаси ўзбекистонлик бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Туркияга 31 029 нафар хорижлик келин келган бўлса, шундан 12 фоизини ўзбекистонлик хотин-қизлар ташкил этган. 2022 йилда биз бу рўйхатда 2-ўринда бўлган бўлсак, 2023 йилда 1-ўринга чиқдик. Рўйхатда 2– ва 3-ўринларда сурияликлар ва озарбойжонликлар туришибди.

Ўзбек-турк никоҳларининг кўпайишига икки миллат вакилларининг тили, дини, қадриятлари ўхшашлиги сабаб бўлиши мумкин. Лекин кўз юмиб бўлмайдиган баъзи маълумотлар ҳам бор. Бугун турк медиасида “Хорижлик келинлар қурбони бўлган куёвлар” сарлавҳаси остида кўрсатувлар экранга чиқмоқда. Унда “ўзбек келинлари бизнеси” пайдо бўлгани ҳақида сўз юритилади. Туркиялик журналист Зоҳида Етиш ўзбек келинлар, уларга уйланган турк куёвлар ва уларни ўзаро таништирган ўртачилар ҳақида бир нечта туркум кўрсатувлар эълон қилди.

Улар бу ерда шундай ишларни қилишадики, бўйдоқ жанобларни топиб, уларга ўзбек қизларининг расмларини кўрсатишади. Ёқтирган қизларини олиб келиш учун эса 120 минг лира олишади. Аслида эса қизлар аллақачон келишган ва уларни бир нечта уйларда сақлашади. Бу уйларни ҳам аниқладик, бизда барча маълумотлар бор. Улар таништирилади ва турмуш қуришга кўндирилади. Бир муддат бирга яшашгандан кейин, аёллар куёвдан тўйда бериладиган совғалар, пуллар ва тиллаларни қўлга киритиб яна ўша уйга қочиб кетишади. Энди улар бошқа шаҳарга йўл олишади ва у ерда яна бир бошқа куёвга турмушга чиқишади. Улар шундай қилиб куёвлар орасида айланиб юришади. Ўртачилар куёвларга бу қизларнинг биринчи марта турмушга чиқиши деб айтишади. Лекин вақт ўтиб қаралсаки, уларнинг ҳатто фарзандлари ҳам борлиги маълум бўлади.

Улар аёлларни Истанбулга пуллаш учун олиб келишади, аммо улар буни билишмайди, бу ер кўзларига гўзал кўринади. Ишлагани келдим деб ўйлашади. Аммо бу улар ўйлаган иш бўлиб чиқмайди. Биз ҳаммага микрофон тутдик. Шундай аёлларга алданган ўнлаб эркаклар келишди, мен бунга ишонолмадим
”, дейди журналист ўз кўрсатувида.

Кўрсатувларнинг бирида куёвлар ўртачилар уларга ўзбек келин топиб беришлари учун яхшигина пул олишганини ва 20га яқин қизларнинг суратларини кўрсатишганини айтишган. Улар орасида 68 ёшли куёвлар ҳам бор. У Барно исмли ўртачига 2 минг евро берган, лекин орадан 4 йил ўтса ҳамки, у аёлни топа олмаётганини маълум қилган.

Энг ёмони, бу ўртачилар орқали турмуш қурган келинларнинг кўпчилиги куёв билан бир неча кун ёки бир неча ой яшаб, ажрашиб кетишган. Кетиб қолишган десак ҳам тўғри бўлади. Тўйгача анчагина пул ва тиллалар сарфлаган куёвлар куйиб қолишганини айтишади. Келинларни 3 нафар наманганлик аёллар, яъни ўртачилар топиб беришгани ҳақида гапиришади. Журналист кўрсатувга мурожаат қилган эркакларнинг қанча зарар кўргани ҳақида гапириб берган:

Мустафа ўзбекистонлик келин билан 180 кун бирга яшаган ва 990 минг лира йўқотган, Гўкхан 54 кун, 350 минг лира, Серкан 3 кун, 250 минг лира, Вейсел 28 кун, 460 минг лира, Ҳасан Ҳусейн 5 кун, 250 минг лира, Девлет 16 кун, 250 минг лира, Кадир 10 кун, 400 минг лира, Мевлуд 45 кун, 600 минг лира”.

Мурожаатчилар жами 3 млн 550 минг турк лираси сарфлашган. Бу 120 минг доллардан ошади. Журналист бир гуруҳ ўртачилар томонидан “келинлар гуруҳи” турк куёвлар ўртасида айлантирилаётганини, яъни бир куёвдан кетиб қолган келин бошқа бир куёвга яна шундай пулланиши ҳақида айтади.

Туркияда яшовчи ватандошимиз Наргиза Ўнал бу ҳолатнинг жуда ачинарли эканини айтди:

Бу турмуш қурган фуқароларнинг орасида ёлғондан турмуш қурган, пул эвазига, мажбурланиб турмуш қурдирилганлар бор. Бундан 2-3 ой муқаддам ўзбек аёли Истанбулда ўз ҳамқишлоқларини пул эвазига туркларга турмушга чиқишга ундаган ва иккала томондан ҳам – қиз томондан ҳам, эркак томондан ҳам пул олган эди. Яъни буни бизнесга айлантириб қўйган. Бу жуда ачинарли ва жаҳлни чиқарадиган ҳолат.

Қиз бола уйидан чиқиб кетаётганда отасининг, яқинларининг шаънини елкасида олиб чиқиб кетади. Чет элга чиқиб кетаётганда эса бутун ватанининг шаъни унинг елкасида бўлади. Ҳар бир хорижга турмушга чиқаётган қизларимиз шунга яраша иш қилишлари керак. Лекин буни кўпчилик тушуниб етмайди
”, – дейди у.

Бундан 2 йил олдин Kun.uz'га худди шундай ўзбекистонлик аёллар томонидан турк эркакларига икки марта сотиб юборилган қиз мурожаат қилган эди. Уни икки марта ҳам ўз ватандошлари 1000 доллардан “пуллашган”.

Яқинда Туркиядаги “Ўзбек аёллари ҳуқуқини ҳимоя қилиш” жамиятига 20 ёшли Ўзбекистон фуқароси ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатга кўра, таниш аёллар уни Туркияда ишлаш учун чақиришади ва борганидан кейин паспортларини олиб қўйиб, турк эркакка турмушга чиқишга мажбурлашади. “Унга тегиб, 3-4 кун яшаб, кейин кетаверасан” дейишган.

Туркиялик журналист Зоҳида Етишнинг кўрсатувида иштирок этган ўзбекистонлик Робияхон ҳам алданган. У уч фарзанди билан ёлғиз қолгач, Туркиядан иш қидиради ва ўртачиларга учраб, турк эркакка турмушга чиқади.

Мен аслида Туркиядан иш излаган эдим. Бир одам бор, бир фарзанди билан ажрашган, сени болаларинг билан қабул қилади, дейишганда, яхши одам экан деб ўйладим. Бошида кичкина фарзандимни ўзим билан олиб кетаман, кейинчалик катталарини ҳам олиб келаман деб ўйладим. Лекин эрим менга қул каби муносабатда бўлди. Ичиб келиб урар, зўрларди. Ҳар куни ичарди, болам билан оч қолардик. Ўзлари иссиқ сувда ювиниб, менга фақат совуқ сувда ювинишга рухсат бор эди. Ҳатто бош ювишимга шампун бермасди. Боламга қўшнилар эски-туски кийимларини беришарди. Ўзбекистонда қолган фарзандларим билан гаплашиш учун телефон бермасди ҳатто. Қочиб кетмоқчи бўлдим, лекин уддасидан чиқа олмадим. Қочаман деб бозорга бориб қолдим, менга у ерда ватандошларимиз ёрдам беришди. Лекин мени яна уйга қайтаришди ва аҳволим баттар оғирлашди. Мени унинг қўлидан жандарма қутқарди ва ҳужжатларимни ундан олиб беришди. У хонадонда ўтказган кунларимни, азобларимни бир умр унута олмайман”, – дейди Робия.

Кўриб турганингиздек, бу ерда аёллар ҳам эркаклардан кам жабр кўрмаяпти. Айни пайтда, бу мауаммо одам савдосининг бир кўриниши сифатида юзага чиққач, турк депутатлари ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда.

Гулмира Тошниёзова

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё