Шу ҳафта охирида, 15–17 март кунлари Россия Федерациясида президентлик сайлови бўлади. Унинг натижасидан ҳеч ким янгилик кутмаяпти: 1999 йил декабридан бери де-факто РФни бошқариб келаётган Владимир Путин яна ҳокимиятда қолади.
Владимир Путин собиқ СССР ва Россия Федерацияси тарихидаги энг узоқ муддат ҳокимиятда ўтирган ҳукмдорлардан бири бўлди. Борис Елцин РФни 1991-99 йиллар давомида бошқарди, жами 9 йил. Михаил Горбачев эса 1985-91 йилларда СССР Коммунистик партиясининг бош котиби бўлган эди. СССР тарихида энг узоқ муддат ҳокимиятда ўтирган шахслардан бири Леонид Брежнев ҳам жами 18 йил ҳукмронлик қилган эди, яъни 1964-82 йиллар оралиғида. Никита Хрушчев эса 11 йил давомида, 1953-64 йиллар давомида СССРни бошқарган эди.
Иосиф Сталинга келсак, тарихчилар унинг бошқаруви остида ўтган йилларни иккига бўлади. Ленин 1924 йилда вафот этган, лекин 1923 йилга келиб, давлат бошқарувидан кетган эди. Лениндан кейин, 1923-33 йиллар оралигида СССРни коллегиал бошқаришган, Сталиндан ташқари Троцкий ва бошқалар ҳам жуда қудратли бўлган. Бу даврда Сталин яккаҳукмдор бўла олмаган. Шунинг учун, баъзи тарихчилар Сталиннинг монопол бошқаруви 1923 йилда эмас, 1933 йилдан то 1953 йилгача давом этди деб ҳисоблашади. Агар Сталин 20 йил бошқарди деб қаралса, Путин Сталинни ҳам ортта қолдирган бўлади. Сталин тўлиқ 30 йил бошқарди дейилса ҳам, шу олти йилликда Путин Сталинни ортта қолдиради.
Путин даврида Россия конституцияси бир неча марта ўзгартирилди. 4 йиллик президентлик мандати 6 йилга чўздирилди. 2020 йилги референдум орқали Путиннинг олдинги барча муддатлари “ноллаштирилди”. Демак, Путиннинг яна иккита олти йиллик муҳлати бор. Шу йилги сайловлар орқали у ҳокимиятда 2030 йилгача қолади, ва 2030 йилда яна қайта сайланса, 2036 йилга қадар РФни бошқаради.
Тўғри, 2008-12 йиллар оралиғида, Россиянинг президенти Путин эмас, Дмитрий Медведев эди. Лекин сиёсатшунослар бу даврни ҳеч иккиланмасдан тандем бошқаруви даври дейишади. Бу даврда Путин бош вазир сифатида ўз қудрати ва салоҳиятини сақлаб қолди, кучишлатар тузилмаларнинг бошлиқлари Медведев билан эмас, кўпроқ Путин билан ҳисоблашар эди. Шунинг учун бу даврни ҳам Путиннинг “билвосита бошқарув даври” дейиш мумкин.
Хўш, ушбу 2024 йилда бошланиб, 2030 йилда тугайдиган муддати, Путиннинг нечинчи президентлик мандати ҳисобланади? Бешинчи! 2000 ва 2004 йилларда тўрт йиллик мандат билан икки марта сайланди. Ўртада, 2008-12 йилларда Дмитрий Медведев президентлик курсисига қўриқчилик қилиб турди. 2012 ва 2018 йилларда эса, Путин олти йилдан яна икки марта сайланди. Де-факто, Владимир Путин – 1999 йил декабр ойидан бошлаб Россиянинг энг қудратли шахси. У Россияни 24 йилдан буён, салкам чорак асрдан буён бошқариб келмоқда.
Хўш, Путин бошқарувининг янги олти йиллиги дунё учун, постсовет давлатлари учун нимани англатади? Ўзбекистон халқи ва давлатчилиги учун Кремлда Путиннинг яна олти йил қолиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
В.Путин тахминан 2007 йиллардан бошлаб дунё геосиёсатини фундаментал ўзгартиришга киришган сиёсатчидир. 2014 йилда у Қримни аннекция қилди. 2022 йилда Украинага қарши тўлақонли уруш бошлади. Мана, уруш бошланганига икки йилдан ҳам ошди. Бугун, В.Путин коллектив ғарб билан кенг қамровли гибрид уруш олиб бормоқда. Путиннинг нияти – дунё тартиботини ўзгартириш. Бунинг учун у Украинани босиб олмоқчи, Европа Иттифоқида парокандаликка эришмоқчи, глобал жанубни геосиёсий фронт сифатида кучайтирмоқчи, дунёда уруш ўчоқлари ва нуқталарини кўпайтириш орқали АҚШ эътиборини ва ресурсларини парчалаш ва сўндириш ҳаракатида. Энди Путин ҳокимиятдан кета олмайди. Аксинча, унинг курашлар даври энди янада кучаяди. Кейинги олти йиллик дунё геосиёсати учун янада беқарорлик ва катта зиддиятлар даври бўлиши аниқ.
Россия Федерацияси – бугун дунё геомафкурасини мутлақ ўзгартиришга бел боғлаган давлат. Россия пропагандасига кўра, демократия, либерализм, ҳуқуқий давлатчилик тўлиқ инқирозда ва яроқсизланган. Россия ўзининг консерватив авторитар бошқарувини ягона тўғри йўл деб билади ва дунёга шу йўлни таклиф ва тарғиб қилади. Айниқса, кейинги 15-20 йил ичида рус пропагандаси тарқатаётган аксилдемократик қарашлар, Россия ОАВлари етиб борган барча сарҳадларда миллионлаб инсонлар онгига яширинча ёки ошкора ўрнашиб олишга улгурган. Жумладан, миллионлаб ўзбекистонликлар ҳам бугун демократияга, ҳуқуқий давлатчиликка, либерализмга скептик қарашади. Ва бу В.Путиннинг ахборот проекцияси ҳисобланади. Кейинги олти йилликда, ушбу ахборот кампанияси кучайса кучаяди, лекин пасаймайди. Сабаби, Путиннинг ғарб ва дунё тартиботи билан кураши, янги кулминацион нуқтасига яқинлашмоқда.
Путиннинг постсовет ҳудудидаги энг асосий кредоси – шовинистик империализм. Шунинг учун бугун барча постсовет давлатлари, жумладан, Марказий Осиё давлатлари табиий равишда асабий. Сабаби, Украинадан кейин Путин яна нимани бошлашини ҳеч ким аниқ таъбир қила олмайди.
Путиннинг сиёсий тизими энди урушларсиз яшай олмайди. Чунки урушлар тугаши – Россия жамоатчилигида саволлар ва сарҳисоблар бошланишини англатади. В.Путин ва унинг Медведев каби тарафдорлари учун СССР ҳам Россия империясининг издоши, ўриндоши эди. Ва бу давлатлар таркибига кирган барча ҳудудлар ва давлатлар “Янги Россия” деб номланди, ва яна Россия таркибига “қайтиши” вазифаси билдирилди.
Бошқа жиҳатдан, Путиннинг яна Кремлда қолиши, дунёда кўпқутблилик шаклланиш жараёнини тезлаштиради. Аслида, дунё учун кўпқутблилик керак. Мисол учун, Яқин Шарқда Исроилнинг жиноятлари – ушбу минтақадаги бир қутблиликнинг оқибати ҳисобланади. Лекин биз учун муаммо шундаки: “Дунё ҳокимиятига даъвогар икки қудрат – РФ ва Хитой Халқ Республикаси Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қанчалик тан олади ва риоя қилади?” деган ўринли савол мавжуд.
Бир сўз билан айтганда, кейинги олти йиллик геосиёсий жиҳатдан жуда чақириқларга бой давр бўлишини тахмин қилиш мумкин. Хўш, Ўзбекистон давлатчилиги нима қилиши керак?
Агар эътибор берилса, Ўзбекистон ва МО давлатлари кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқда. Минтақа давлатлари, рус пропагандаси тили билан айтганда “анти-Россия”чиликда айбланишга имконият бермаяпти. Айни пайтда, Марказий Осий давлатларининг биронтаси “про-Россия”, яъни “россияпараст” ҳам эмас. Анти-Россия бўлиш – бу Россия билан тўқнашувни тезлаштирса, россияпараст бўлиш – бу миллий манфаатлар, мустақилликдан чекиниш деганидир.
Мана шу курс доирасида, минтақа давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги, ҳамжиҳатлиги ва интеграцияси тезлашиши керак.
Ўзбекистон ўзининг суверен, мустақил ахборот майдонини яратишни тезлаштириши ҳам зарур. Асосий мақсад – ўзбекистонликларни, уларнинг шуури, сиёсий ва геосиёсий қарашларини Ўзбекистоннинг ўзига қайтариш, жамият ва давлат ўртасидаги ишонч тармоқларини мустаҳкамлаш бўлиши керак.
Мустақил ва кучли ахборот тизимисиз сиёсий ва геосиёсий мустақиллик, мустаҳкам мудофаа тизими бўлиши мумкин эмас. Дунёда ўз ахборот ташаббусини бошқаларга бериб қўйган давлатлар у қадар кўп эмас. Марказий Осиёнинг ҳеч бир республикаси ўз ахборот суверенитетини тўлиқ шакллантира олгани йўқ, бу – сиёсий ва геосиёсий жиҳатдан қалтис вазият.
Миллий контент яратиш йўлида катта ишлар қилиниши керак. Бунинг учун эса, Ўзбекистон бошқарув модели шундай бўлиши керакки, жамият-халқ давлатни ўзининг ўзлиги, иродаси ва манфаатлари доирасида кўриши керак.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг сиёсатшунос
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Адвокат: Жанубий Корея президенти ўз хавфсизлиги учун хавотирда
Трампнинг маслаҳатчиси Путин билан учрашувга тайёргарлик бошланганини айтди
Эрон янги камикадзе-дрон яратди
Ҳабиб Нурмагомедов АҚШда стюардесса билан тортишгани учун самолётдан тушириб юборилди
Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва умра вазирлиги вакиллари билан учрашди
Асирликдаги КХДР ҳарбийлари катта йўқотишга учрашганини айтишди
Ғарбда Россия бўйича НАТОга шошилинч мурожаат қилишди
Дубайда эстониялик дорбоз икки осмонўпар бино орасидан ўтди