23:42 / 07.07.2024
369

Эроннинг янги президенти даврида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Эроннинг янги президенти даврида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Фото: Теhran Times
Эронликлар май ойида авиаҳалокатида вафот этган Иброҳим Раисий ўрнига сайловларда реформатор Масъуд Пезешкиённи мамлакат президенти этиб танлади. 69 ёшли юрак жарроҳи Пезешкиён сайловнинг иккинчи босқичда ултраконсерватив Саид Жалилийга қарши энг кўп — 16 миллионга яқин овоз тўплади.

Пезешкиён нималарни ваъда қилганди?

У сайловолди ташвиқотида Эронни изоляциядан чиқариш учун Ғарб давлатлари билан “конструктив муносабатлар”га чақирди. Сиёсатчи АҚШ ва бошқа кучлар билан 2015 йилда имзоланган ядровий келишувни қайта тиклашга ваъда берди, бу эса санкцияларни юмшатиш эвазига Эроннинг ядровий фаолиятига чеклов киритишни назарда тутади. Келишув 2018 йилда Вашингтон ундан чиққанидан кейин тўхтатилганди.

Пезешкиён Эронда узоқ вақтдан бери мавжуд интернет чекловларини юмшатишга ва 2022 йил Маҳса Аминий ҳибсхонада вафот этганидан кейин аёлларни рўмол ўрашга мажбурловчи ахлоқ полициясига “тўлиқ” қаршилик кўрсатишга ваъда берган. Икки йил олдин 22 ёшли эронлик курд аёли Маҳса Аминий ҳижоб ўраш қоидаларини бузганликда айбланиб, ҳибсга олинган ва унинг ўлими мамлакат бўйлаб қонли тартибсизликларга сабаб бўлганди.

Фото: Маҳса Аминий ўлимидан кейин бошланган намойишлар / AFP
Пезешкиён ўз ҳукуматига кўпроқ аёлларни, курдлар ва балужистонликлар каби этник озчиликларни жалб қилишини айтган.

Шунингдек, инфляцияни пасайтиришга ваъда берган, ҳозирда у 40 фоиз атрофида бўлиб турибди. Сиёсатчи бу сўнгги йилларда “миллатнинг елкасини эзганини” таъкидлаган. Жалилий билан бўлган мунозаралардан бирида Пезешкиён Эронга 200 миллиард доллар хорижий сармоя кераклиги, буни фақат бутун дунё бўйлаб алоқаларни тиклаш орқали таъминлаш мумкинлигини айтган.

Унинг ҳокимиятда қандай кучи бор?

Кўпгина мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Эрон президенти давлат бошлиғи эмас, сабаби олий ҳокимият мамлакат олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийга тегишли. У бу лавозимни 35 йил давомида эгаллаб турибди.

Фото: Али Хоманаий / Reuters
Президент сифатида Пезешкиён иккинчи энг юқори лавозимни эгаллайди, ички ва ташқи сиёсатга таъсир қилади. Иқтисодий сиёсатни белгилаш унинг ваколатлари доирасида бўлади.

Бироқ у ахлоқ полицияси устидан чекланган ҳокимиятга эгадир, армия ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси устидан деярли назорат ўрната олмайди. Сабаби санаб ўтилган тузилмалар олий раҳнамога жавоб беради. Пезешкиён зиммасига Хоманаий томонидан белгилаб берилган давлат сиёсатини амалга ошириш вазифаси юкланади.

Халқ нимани кутмоқда?

Эронликлар Пезешкиённнинг ғалабасига нисбатан турли муносабатларга эга, баъзилари хурсандчилик билдирса, бошқалари эса шубҳа билан қарайди.

Бизга одамларнинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун саводли президент керак эди”, — дейди теҳронлик 40 ёшли архитектор Аболфазл.

40 ёшли сартарош Рашед эса Пезешкиённнинг ғалабаси “аҳамиятли эмаслиги, вазият янада ёмонлашишига” ишонишини айтган.

Фото: BBC
Сиёсий таҳлилчи ва журналист Мозиар Хосравийга кўра, янги президент Эрондаги “муаммоларни зудлик билан ҳал этишга ваъда бермаган”.

Одамлар унга овоз беришди, чунки сиёсатчининг ёндашуви дунё билан мулоқот қилиш эканини тушунишди, бу эса амалдаги ҳукумат позициясидан бутунлай фарқ қилади”, — деди у.

Сиёсий шарҳловчи Моссадегҳ Моссадигҳпурнинг айтишича, одамлар “у яхши ўзгаришлар қилишига ва мамлакатнинг баъзи муаммоларини, хусусан, иқтисодиётни ҳал қила олишига умид билдирмоқда”.

Янги президент фаолиятига назар

Масъуд Пезешкиён собиқ президент Муҳаммад Хотамий даврида соғлиқни сақлаш вазири бўлган. Мутахассислигига кўра у юрак жарроҳи. Кейинчалик қонунчилик соҳасида ҳам таҳсил олган. Пезешкиён 2009 йилда демократия тарафдорларининг норозилик намойишлари ва 2022 йилда Маҳса Аминий ўлимидан сўнг Эрон ахлоқ полицияси томонидан содир этилган зўравонликларга қарши ўз позициялари билан танилган.

Фото: Anadolu
Пезешкиён Маҳса Аминий вафоти ва ундан кейин кўтарилган ғалаёнларда ҳокимиятнинг ўзи айбдорлигини маълум қилган эди. Бу эса унинг номини Эронда машҳур бўлишига ҳисса қўшган.

Бу бизнинг айбимиз. Биз диний эътиқод сиёсатини куч ишлатиш орқали амалга оширмоқчимиз. Бу ҳар қанақасига имконсиздир”, деган эди ўшанда Пезешкиён.

Масъуд Пезешкиён 1994 йилда автоҳалокатда хотини ва фарзандларидан бирини йўқотгач, умрини сиёсий фаолиятга бағишлаган. У 2013 ва 2021 йилги сайловларда президентликка номзодини қўйган, бироқ муваффақиятга эриша олмаган.

69 ёшли янги президент этник жиҳатдан аралаш оиладан чиққан — отаси озарбайжон ва онаси курд миллатига мансуб. Бундан ташқари унинг она тили ҳам форс тили эмас. Пезешкиённинг ҳукуматга келиши уни Эрон миллий озчилик гуруҳлари ичидаги обрўсини ошириб юборди. Бу айни пайтда раҳбарни янги ксенофобик ҳужумларга ҳам рўбарў қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эроннинг янги президенти даврида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
ePN