23:51 / 31.08.2024
34

Россия – Хитой – Шимолий Корея иттифоқига қарши: АҚШ ядро стратегиясини янгилади

Россия – Хитой – Шимолий Корея иттифоқига қарши: АҚШ ядро стратегиясини янгилади
АҚШнинг янгиланган ядровий стратегияси РФ, ХХР ва КХДР ўзаро келишган ҳолда ҳужум уюштириши эҳтимолини назарда тутади. NYT'нинг ёзишича, махфийлик даражаси юқорилиги сабаб ҳар тўрт йилда бир марта янгиланадиган ҳужжатнинг электрон нусхалари йўқ, фақат бир неча миллий хавфсизлик амалдорлари ва Пентагон қўмондонларига қоғоз шаклида берилган.

Kun.uz'нинг мавзу борасидаги саволларига Прогрессив ислоҳотлар маркази таҳлилчиси Алоуддин Комилов жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, янги стратегиянинг диққат марказида Хитой туради.

АҚШ геосиёсатининг бош эътибори шу пайтгача Россияга қаратилган эди. Хитойда 2019 йилгача 200 га яқин ядровий қурол мавжуд эди, лекин ҳозир вазият ўзгарган, Хитой ўз ҳарбий салоҳиятини анча оширди. Буни баллистик ракеталар, гиперсоник қуроллар мисолида кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, Хитойнинг Россия билан ҳамкорлиги жуда ҳам кучайиб кетмоқда. Бунга Россия-Украина уруши ҳам сабаб бўлмоқда.

Хитойдаги мавжуд стратегияга кўра, 2030 йилгача Хитой ядровий қуроллар сонини 1000 тага етказмоқчи, бу кўрсаткич 2035 йилда 1500 тани ташкил этиши керак. Аммо баъзи манбаларда Хитой бу стратегияни аллақачон амалга ошириб бўлди деган маълумотлар ҳам бор. Америка эса буни таҳдид сифатида кўряпти. Чунки Америка ва Хитой ўртасидаги ҳарбий фарқ тобора йўқ бўлиб бормоқда.

2018 йил Америкада ядровий ҳолат бўйича ҳужжат имзоланган. Унга кўра, Америка Хитойга қарши ядро қуролини қўллайдиган хавф даражаси пасайтирилган. Яъни Тайван оролида эскалация кучаядиган бўлса, АҚШ чекланган миқдордаги кичик ядровий қуроллар орқали Хитойга ҳужум сценарийсини кўриб чиқади. Бу эса Хитойни қаттиқ саросимага солиб қўйди. Худди шу ҳолатдан кейин Хитойда ядровий қуроллар сони оширилди. Шунингдек, ядровий қуролларни жойлаштириш учун шахталар қурила бошланди. Бу шахталарга 300 дан ортиқ қурол жойлаштириш мумкин. Бу – қитъалараро баллистик қурол ҳисобланади
”, – дейди мутахассис.

New York Times'нинг қайд этишича, авваллари рақиблар Америка ядровий арсеналини енгиб ўтиш учун ядро қуролларини мувофиқлаштириш эҳтимолидан жуда узоқ эди. Аммо Россия ва Хитой ўртасида ривожланаётган ҳамкорлик, Шимолий Корея ва Эроннинг Украинадаги урушда Россияга бераётган қуроллари Вашингтоннинг фикрини тубдан ўзгартирган.

Хўш, янги ядро стратегияси Россия, Хитой ва Шимолий Кореянинг мувофиқлашган ҳаракатига қарши экан, ҳақиқатан ҳам уч давлат келишган ҳолда шундай ядровий хавф яратиши мумкинми? Алоуддин Комиловнинг сўзларига кўра, воқеалар ривожи ана шундай эҳтимолни инобатга олишни тақозо қилмоқда.

Янги стратегияда ҳақиқатан ҳам Россия, Хитой, Шимолий Корея коммуникацияси эҳтимоли инобатга олинган. Россия ва Хитой ўртасида 2023 йил март ойида сунъий интеллектдан мудофаа мақсадида фойдаланиш учун махсус лойиҳа бўйича ҳамкорлик имзоланган. Россия Хитойнинг ҳарбий соҳадаги камчиликларини ёпиши мумкин. Россия Украина билан бўлаётган уруш туфайли Европанинг кўплаб давлатлари томонидан санкцияларга учрамоқда. Турли қурол-яроғлар, микрочипларга эҳтиёжини Хитой, Шимолий Корея билан ҳамкорлик қилиш орқали тўлдирмоқда. Бу уч давлат ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бораётганини кўришимиз мумкин. Россия ва Хитойнинг сиёсий позициялари ўзгача бўлса ҳам Америкага қаршилик борасида улар бирлашиб якдил сиёсат олиб боришаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу иттифоққа Шимолий Кореядан ташқари Эрон ҳам қўшилмоқда”, – дейди у.

Комиловнинг қайд этишича, АҚШ ядро стратегиясини янгилаш ҳаракатлари Трамп президентлигининг сўнгида бошланган ва Байден ўз президентлиги сўнгида бу стратегияни имзолади.

Россиянинг Украина уруши фонида ядровий қурол билан қилган таҳдиди ғарб давлатларини Украинага берадиган қурол-яроғини чеклаб қўйди, шу сабабли Хитой ҳам бундан фойдаланмоқда. Байден шу сабабдан бундай стратегияни имзолашга мажбур бўлди. Хитой эса АҚШнинг “махфий ядровий стратегияси”га нисбатан кескин муносабат билдирди.

Пекин “ядро қуролидан биринчи бўлиб фойдаланмаслик” сиёсатига амал қилиши ва ўзининг ядровий салоҳиятини миллий мудофаа учун зарур бўлган даражада сақлашини таъкидлаган
”, – дейди Прогрессив ислоҳотлар маркази таҳлилчиси.

Айни вақтда дунёда 9 та давлатда ядро қуроли мавжуд. Россия 5889 та ядровий каллаги билан бу давлатлар ичида биринчи ўринда экани айтилади. Кейинги ўринларда 5244 та атом бомбаси билан АҚШ ва 410 та ядровий оммавий қирғин қуролига эга Хитой кўрсатилади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия – Хитой – Шимолий Корея иттифоқига қарши: АҚШ ядро стратегиясини янгилади