00:15 / 12.09.2024
67

“Дунё лидерлари устингиздан кулади” - Ҳаррис дебатда дадилроқ гавдаланди

“Дунё лидерлари устингиздан кулади” - Ҳаррис дебатда дадилроқ гавдаланди
АҚШ президентлигига номзодлар республикачи Доналд Трамп ҳамда демократ Камала Ҳаррис сайлов олдидан илк ва катта эҳтимол билан сўнгги дебатини ўтказди. Сайловгача 2 ойдан камроқ вақт қолди, шу сабабдан ушбу тадбир икки номзод учун катта имтиҳон бўлди. Ҳаррис Трампни 2020 йилги сайлов натижаларини тан олмай, тарафдорларини Капитолийга жўнатган қўрқоқ дея атади. Трамп эса уни АҚШнинг энг ёмон вице-президенти деди. Америкалик экспертларга кўра, Ҳаррис дебатда аниқроқ гавдаланди, лекин Трампдан қарийб 10 дақиқа кам гапирди.

Дебат олдидан сиёсий кайфият қандай эди?

Айтиш жоизки, дебат мисли кўрилмаган даражада шахсий мунозара ва ёлғонларга ҳам бой бўлди. Дебат учун Филаделфия шаҳри, «ABC» телеканали танланган. Биринчи навбатда таъкидлаш керакки, Ҳаррис кутилганидан кўра омадли ва ёниб турган сиёсий юлдуз бўла олди. 2020 йилги сайловлар олдидан деярли маблағ тўплай олмай тезда кампаниядан чиқиб кетган Ҳаррис бу гал президент Байденнинг ўрнига номзодликни рақибларсиз эгаллаб, рекорд даражадаги пулларни йиғди. Ҳаттоки, умрида бирор марта сайловга пул тикмаган америкаликлар ҳам бу гал ўз хоҳиши билан Ҳаррис кампаниясига маблағ ўтказди. Шунингдек, Ҳаррис номзоди тасдиқланган Демократик партия қурултойи ҳам аҳолида катта қизиқиш уйғотди, 4 кунлик тадбир республикачиларникига қараганда анча гавжум бўлди. Июль ойида рейтингларда Трампдан ўзиб кетган Ҳаррис август ойида у билан деярли тенглашди.

Трампнинг еттинчи, Ҳарриснинг биринчи дебати

Дебат икки номзод бир-бирига қўл узатишидан бошланди. Ташаббус Ҳаррис томонда, чунки ҳаракатлар шуни кўрсатадики, Трамп томон Ҳаррис борди ва ўзини таништириб, саломлашди. Бу ўша лаҳзадаёқ ижтимоий тармоқни ҳаяжонга солди, демократ номзод хушмуомала бўлишга интилгани кўринди. Бундан ташқари, Ҳаррис Трампга энди сизнинг қаршингизда менман, сиз Байденга эмас, менга қарши курашасиз дегандек бўлди.

“ABC” каналининг жонли трансляциясини деярли 10 миллион маҳаллий томошабинлар кузатди. Залда эса бирор томошабин йўқ эди, фақат икки номзод ва икки бошловчи. Микрофонлар эса Байден ҳали номзод бўлган даврда келишилганидек фақат гапираётган томонда ишлади. Ҳаррис кампанияси дебат олдидан буни ўзгартиришга уриниб кўрди, бунга Трамп кампанияси ҳам қарши бўлмаганди. Аммо, «АBC» телеканали бошидаги келишувга содиқ қолди. Икки номзодга кетма-кет саволлар берилди. “Америка овози” таҳлилига кўра, рақиблар ўртасидаги фарқ кескин ва бу ҳар бир саволга жавобда яққол сезилди. Ҳаррис баҳсни иқтисоддан бошлади, бу борада Трампда билим етишмаслигини айтди.

Трамп ҳам бўш келгани йўқ, иммиграция сиёсати юзасидан жиддий танқид ёғдирди. Вице-президент ишчилар манфаатларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлди, собиқ президент эса либераллар яъни рақиб демократлар Американи ҳужжатсиз иммигрантларга тўлдириб юборганини кескин қоралади. Унинг айтишича, давлатда 12 миллион ҳужжатсиз хорижлик юрибди ва бунга демократлар айбдор. Ҳаррис эса Трампнинг бу гапларини қабул қилиб бўлмаслигини айтди.

Ҳаррис кутилганидек аёллар ҳуқуқлари бир қисми ҳисобланган тана эркинлиги, яъни аборт қилишга бўлган таъқиқни қоралай кетди. Бу билан республикачиларни ҳуқуқларни чеклаганликда айблади. Трамп эса бу масалага жиддий эътибор қилмади ёки чуқурроқ муҳокама қилишни истамади. Биласиз, республикачилардан вице-президентликка номзод Венс бу таклиф ташаббускорларидан саналади. У туғмаган аёлларни танқид қилиб келади. Трамп эса буни Олий суд елкасига юклади, яъни буни Олий суд ҳал қилади деди.

Мисли кўрилмаган ёлғонларга бой дебат

Ишсизлик масаласи энг қайноқ ва америкаликларни ҳаяжонлантирадиган мавзу. Байден президентлигида миллион-миллион янги иш ўринлари ярата олганидан мақтанса, Трамп уни иқтисодни издан чиқарганликда айблайди. “Америка овози” таҳлилига кўра, ҳар икки номзод иш ўринлари яратиш ва ишсизлик борасида асоссиз даъволар қилди. Ҳаррис Трампни 2020 йилдаги сайлов натижаларини тан олмай, ўз тарафдорларини Конгрессга ҳужумга жўнатганини кескин танқид қилиб, уни қўрқоқ дея атади. Трамп эса бу гапларни инкор этиб, тўрт йил олдинги сайловларни адолатсиз ўтган, дея такрорлади. Унинг айтишича, америкаликларнинг деярли 75 миллиони ўшанда Трампни танлаган ва қайта сайланиш учун бундай натижани ҳали бирор Президент кўрсатмаган. 2021 йил 6 январдаги Капитолий қамалида ҳам Республикачи номзод демократларни айблади. Халқаро медиа платфорлари хабарларига кўра, Трамп мисли кўрилмаган даражада ёлғонларни гапирди. Миграция, инфляция, аборт ва бошқа мавзуларда собиқ президент кетма-кет ёлғон гапларни гапирган. «CNN» телеканали бу борада фактлар текширувини ҳам ўтказди.

«CNN» телеканали Трампнинг уйдирмаларини битта жойга жамламоқда

Фактлар текшируви натижаларига тўхталамиз. Ҳаррис Трампнинг сиёсати савдо солиғини пайдо қилиши, бу эса ўрта синф вакиллари учун жиддий муаммо бўлишини асослашга уринди. Бу асосли, Ҳаррис агар Трамп Оқ Уйга қайтса, янги тарифларни жорий этишига ишора қилмоқда.

Трамп эса ўз бошқаруви даврида инфляция муаммоси бўлмаганини айтди. Фактлар текширувига кўра, бу ёлғон. Чунки Трамп президентлиги даврида инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил қилганди. Айниқса Covid-19 пандемияси иқтисодга зарба берган.

Трампнинг яна бир гапи – муҳожирлар АҚШга қамоқхоналар ва руҳий касалхоналардан келишмоқда. Миллионлаб одамлар бизнинг давлатимизга жиннихоналардан оқиб келмоқда, деди у. Фактлар текширувига кўра, собиқ президентнинг бу гапига ҳеч қандай далил йўқ. Трамп Байден даврида ҳужжатсиз иммигрантлар сони ошгандан ошганини айтди. Трамп бир марта АҚШда 21 миллион одам ҳар ой АҚШ чегарасини кесиб ўтаётганини айтди. Фактлар текширувига кўра, бу катта ёлғон. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич тахминан 10 миллионни ташкил қилади.

Дебатда ташқи сиёсат – алоҳида параграф

Икки номзод баҳслашган мавзулардан асосийси – шубҳасиз Украина уруши. Ҳаррис Трампнинг уруштўхтатар 24 соатлик режасини қоралар экан, демак у бой беришга шай дея таъкидлади. Ҳаррис фикрича, бу америкага хос иш эмас, тўғри келмайди. Трамп эса ўз фикрига содиқ қолиб, бу уруш оқибатида одамлар ўлаётгани, буни тўхтатиш кераклигини айтди. Мен урушдаги ҳар бир тараф билан гаплашиб, ечимни, муросани топа оламан, деди собиқ президент. Ҳарриснинг урғу беришича, Украинага ҳужум бошланганда Байден Киевни қўллаш учун глобал коалиция тузгани – катта ютуқдир. Ёрдам берганимиз сабабли Украина ўзини ҳаводан ҳимоя қилди, зарур қуролларга эга экани учунгина бугун ҳам Украина мустақил давлат. Агар Трамп президент бўлганида Путин ҳозир Киевда ўтирган бўларди, деди вице-президент.

Украина урушида Киев ютишини хоҳлайсизми деган саволга Трамп энг муҳими урушни тўхтатиш дея жавоб қайтарди. Демократларга кўра, Трамп Американинг дунё билан алоқаларини узадиган одам. Собиқ президент эса Американинг Афғонистонни тарк этишини ёдга оларкан, буни шармандали воқеа дея атади. Байден ва Ҳаррис Афғонистонни тарк этишда тинимсиз шармандали қадамлар ташлади. Миллиардлаб долларлик қурол аслаҳа ортда қолиб кетди, исроф бўлди. Ҳаррис эса Байденни оқлади, Афғонистондан чиқишга 4 президент ҳаракат қилгани лекин буни фақат Байденгина эплаганини қўшимча қилди.

Дебат халқаро медиа платформаларида энг қайноқ ва ёниб турган мавзу бўлиб турибди. Экспертлар тўхтовсиз фикр билдирмоқда. Ҳаррис кампанияси дебат тугаши билан бир неча дақиқа ўтиб, иккинчи раундга тайёрлигини ошкор қилди. Ҳозир «CNN» телеканали экспертлари фикрларини тақдим қиламиз.

Қўл сиқишдан бошланган дебат шахсий мунозарага айланиб кетди. Лекин бу у қадар ажабланарли ҳолат эмас. Трамп Ҳаррисни ғазаблантирди, шунинг учун ҳам Ҳаррис кампанияси офиси икинчи раунд талаби билан чиқди”. – деди Кевин Липтак

Тайёргарлик кунларининг бўлиши Ҳаррис фойдасига ўйнади. Демократ номзод Трамп учун нозик бўлган нуқталар – ирқчилик, аборт, уруш масалаларини кўтарди. Лекин Трамп ҳам эҳтиёткор эди”. – деди Ману Ражу

Дебатни 10 та сўз билан тарифлаш кифоя. Ҳаррис Трамп олдига чиқиб, сиз Байденга эмас, менга қарши курашяпсиз, дегандек бўлди. Амалиёт мукаммал бўлмаслиги мумкин, лекин бу мунозара натижага таъсир ўтказади. Якуний сўз сайловчиларга қолмоқда”. – деди Жеф Зелени

Номзодлар Филаделфияни тарк этишлари мумкин, аммо улар эфирни тарк этмайдилар. Икки томон сайлов давомида 62 миллион долларга яқин эфир вақтини захиралади, бу катта эҳтимол билан куздаги энг катта бозор дегани. Питсбург ҳам камида 32 миллион долларлик реклама кутмоқда”. – деди Стив Конторно

Бу Трамп учун қийин баҳс бўлди. У ўзгариши керак эмасди, лекин Ҳаррисни ҳам ушлаши керак эди. Аммо, Трамп бундай қила олмади”. – деди Эббй Филипп.

Дебатни номзодлар қўл бериб хайрлашмасдан тарк этишди. Эслатиб ўтамиз, дебат ўтган Филаделфияда бундан 248 йил аввал АҚШ мустақиллик декларацияси имзоланганди ва шу жиҳатдан ҳам бу тарихий шаҳар ҳисобланади.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Дунё лидерлари устингиздан кулади” - Ҳаррис дебатда дадилроқ гавдаланди