Фото: Zeinab Mohammed Salih
Суданнинг Шимолий Дарфур штатидаги Тавила шаҳарчасида ҳар куни камида 10 нафар бола очликдан вафот этади. Ундан 70 километр шарқда Шимолий Дарфур пойтахти Ал-Фашир жойлашган. Сўнгги ойларда шаҳар қамал қилиниб, уруш ўчоғига айланди. У ердан қочган ўн минглаб одамлар эса бошпана учун Тавилага келиб, шаҳарчадаги ягона поликлиникани тўлдирди, деб ҳикоя қилади The Guardian.
“Очликдан ўлаётган болаларнинг аниқ сони анча кўп деб ўйлаймиз. Ал-Фаширдан кўчирилганларнинг кўпчилиги клиникамиздан узоқда яшайди ва бу ерга етиб келолмайди”, — деди Тавилани бошқарадиган фуқаролик маъмуриятида соғлиқни сақлаш бўйича масъул аёл Аиша Ҳусайн Яқуб.
Очлик ягона қотил эмас. Безгак, қизамиқ ва кўкйўтал ҳам ўрмон ёнғинидек тез тарқалмоқда.
Ҳусайн июл ойининг дастлабки икки ҳафтасида туғуруқ пайтида вафот этган 19 нафар аёл ҳақида хабар келганини айтди. Янада кўпроқ одамлар Ал-Фашир, Абу-Шук ва Замзам лагерлари яқинидаги жангларда яраланиб, даволанмай ҳалок бўлди.
Ал-Фашир бир неча ойдан бери Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (ТҚК) томонидан қамал қилинмоқда. ТҚК кўнгиллилар билан бирга Судан армияси ва унинг иттифоқчиларига қарши шафқатсиз фуқаролик уруши олиб бормоқда.
Тавиланинг ўзида ҳам ўтган йили шиддатли жанглар бўлиб ўтган. Эндиликда у Ал-Фаширдан ягона чиқиш жойи — шаҳарнинг ғарбий дарвозаси орқали қочишга муваффақ бўлган қочоқлар учун энг яқин, нисбатан хавфсиз жой ҳисобланади.
Кўпчилик Тавила йўлида қуролланган тўдалар ҳужумига учраб, ҳалок бўлади.
“Турмуш ўртоғимни Ал-Фаширда қолдириб, бола билан бу ерга қочиб келдим”, — дейди 25 ёшли Хадил Иброҳим, унинг икки ёшли қизи Ритал тўйиб овқатланмагани ортидан юролмай қолгани учун клиникага ётқизилган. “У ҳаракатчан қизча эди, югурарди, бошқа болалар билан ўйнарди”, — деди Иброҳим. “Энди унга бир қаранг. Менинг пулим ҳам, ишим ҳам йўқ”.
Фото: Zeinab Mohammed Salih
Ал-Фаширдан қочиб келган ва аноним қолишни истаган яна бир аёл шундай деди: “Бу ерда овқат йўқ; кунига бир маҳал егулик топсангиз, омадингиз келади. Ал-Фаширда бир маромда ҳаёт кечирардик; энди ҳамма нарсамизни йўқотдик”.
Тавила фуқаролик маъмурияти Судан озодлик армияси томонидан ташкил этилган. Озодлик армиясини Судан армияси ва ТҚК чиқиб кетганидан кейин маҳаллий ҳудудни назоратга олган қўзғолончилар гуруҳи тузган. Яқин-яқингача аёллар шаҳар чеккасида изғиб юрган кўнгиллилар томонидан зўрланишдан қўрқиб, кўчага чиқа олмас эди.
Шаҳарчада қирувчи самолётлар ва бомбардимон товушлари эшитилиб туради. Судандаги уруш оқибатида Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, минглаб одамлар ҳалок бўлган, миллионлаб одамлар қочқинга айланган. Аҳолининг ярмидан кўпи очарчилик хавфи остида.
Клиникадаги палаталарда эшик-дераза ва ҳатто каравотлар ҳам йўқ, уларнинг барчаси ўтган йилги жанговар ҳаракатлар давомида йўқ қилинган.
“Бу жойни қайта очганимизда бўм-бўш эди”, — деди Ҳусайн. “Агар кўпроқ молиявий ёрдам олмасак, кўпроқ болалар ва оналарни йўқотамиз”.
Суданда чайналадиган тамаки ишлаб чиқариши билан машҳур бўлган Тавилада ҳозирги уруш бошлангунга қадар ички кўчирилганлар учун олтита лагер бор эди. Ўшандан бери яна олтитаси очилди.
Йил бошида БМТ агентликлари ва Médecins Sans Frontieres (MCF)дан ташқари барча халқаро нодавлат ташкилотлар уруш сабабли Ал-Фашир ҳудудини тарк этган.
Август ойида MSF Замзам лагеридаги одамлар учун озиқ-овқат ташиётган иккита юк машинаси ТҚК томонидан Тавила ғарбидаги Кабкабияда тўхтатилганини, бу эса гуманитар ходимларга ўз манзилига етишга тўсқинлик қилганини айтди.
ТҚК маслаҳатчиси кейинроқ юк машиналарига Кабкабиядан чиқишга рухсат берилганини, аммо улар ёмғирлар мавсум туфайли Ал-Фашир йўлида тўхтаб қолганини даъво қилди.
Судан армияси ҳам ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилишда айбланмоқда. Феврал ойида улар гуманитар ташкилотларга Дарфурга ёрдам ташиш учун Чаддаги Адре назорат-ўтказиш пунктидан фойдаланишни тўхтатишни буюрган. Пункт асосан ТҚК томонидан назорат қилинарди. Ўтган ойда буйруқ уч ойга бекор қилинди, аммо гуманитар ташкилотлар зарур ёрдамнинг фақат бир қисми етказилаётганини айтмоқда.
Тавиладаги кўчирилганлар учун вақтинчалик лагерга айлантирилган собиқ мактабда юзлаб оилалар синфхоналарида яшамоқда.
Ўзаз Иброҳим исмли аёл Ал-Фаширдан қочишда онасидан айрилганини, турмуш ўртоғини ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтди. Бошқа кўплаб аёллар қўл меҳнати билан озроқ пул топади, аммо Ўзаз Ал-Фаширда олган жароҳатлари сабаб оғир юк кўтара олмайди.
Унинг ўрнига етти ва тўққиз ёшли икки ўғли ишлайди, улар йўловчиларни эшакда ташиб, оз-моз даромад қилади. “Бошқа иложим йўқ”, — деди у. “Фарзандларимни ишга юборишим керак, шундагина егулик топишимиз мумкин”.
БМТнинг Судандаги гуманитар масалалар бўйича координатори ўринбосари Тоби Харвард Тавила, Ал-Фашир ва қўшни шаҳарлардаги вазиятни кун сайин ёмонлашиб бораётган гуманитар фалокат деб таърифлади.
“Юз минглаб бегуноҳ одамлар жиддий хавф остида”, — деди яқинда минтақада бўлган Харвард. “Бутун ҳудуд ердаги жаҳаннамга ўхшайди”. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди