23:05 / 16.10.2024
63

Зеленский Радага ўз «ғалаба режаси»ни тақдим этди

Зеленский Радага ўз «ғалаба режаси»ни тақдим этди
Украина президенти матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA
16 октябр куни Украина президенти Володимир Зеленский Олий Радада чиқиш қилиб, Россия-Украина уруши бўйича ўз «ғалаба режаси»ни илк бор оммага расман тақдим этди. Режа бешта банд ва уларга учта иловадан иборат. Зеленскийнинг сўзларига кўра, таклиф қилинаётган стратегия урушдан кейин мамлакат «мускулдор» бўлиши учун Украина ва унинг позицияларини мустаҳкамлашга қаратилган. Украина президенти ишонч билдиришича, мамлакат ушбу режани ҳамкорлар билан биргаликда амалга ошира олади ва бу «Россияга боғлиқ эмас». Зеленскийнинг сўзларига кўра, агар стратегия бандларини ҳозирдан амалга ошириш бошланса, урушни 2025 йилдан кечиктирмай якунлаш мумкин. Унинг нутқи матни президент офиси томонидан эълон қилинган.

«Ғалаба режаси»нинг биринчи банди геосиёсатга алоқадор, иккинчи ва учинчи бандлари ҳарбий соҳага, тўртинчиси — иқтисодиёт, бешинчиси — хавфсизликка. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «урушни якунлаш» учун дастлабки тўрт бандни уруш вақтидаёқ амалга ошириш зарур, бешинчи банд эса урушдан кейинги даврга тааллуқли.

Радада режани тақдим қилиш вақтида бош вазир Денис Шмигал, мудофаа вазири Рустем Умеров, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк ҳамда мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов ҳозир бўлишди.

«Путин қулоғини кар қилиб олган, аммо Россия тинчликка мажбур бўлиши учун украинлар вазиятни ўзгартириши лозим», — деган Зеленский чиқиши бошида. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг бирорта ултиматуми маънога эга бўлмайди.

Биринчи пункт. Украинанинг НАТОга таклиф этилиши

«Россия ўнлаб йиллар давомида Европадаги геосиёсий ноаниқликдан, айнан айтилса — Украина НАТО аъзоси эмаслиги фактидан фойдаланиб келди. Айнан шу омил Россияда бизнинг хавфсизлигимизга тажовуз қилиш васвасасини уйғотди. Энди Украинани НАТОга таклиф қилиш факти чиндан ҳам тинчлик учун асос бўлиши мумкин. Биз НАТО аъзолиги — ҳозир эмас, келажак иши эканини тушунамиз. Аммо Путин ўзининг геосиёсий ҳисоб-китоблари ютқизиқда эканини кўриши керак. Россияликлар уларнинг шоҳи геосиёсий жиҳатдан мағлуб бўлганини ҳис қилиши лозим», — деган Зеленский.

Таклиф — қатъиятдан бошқа ҳеч нарса талаб қилмайдиган кучли қарор. Ва бугунги кунда таклифнинг ўзи НАТОнинг ўзидан кўпроқ нарсани англатади. НАТО масаласидаги қатъийлик Украина учун евроинтеграция муқаррарлиги ва Украинада демократияга муқобил йўқлигини ҳам англатади. Айнан шунинг учун ҳам бу ғалаба режасининг бошланғич бандидир. Қатъийлик далили. Таклиф ҳозирнинг ўзида бўлиши шарт. Бу ҳамкорлар аслида Украинанинг хавфсизлик архитектурасидаги ўрнини қандай кўришига ишончдир.

Иккинчи пункт. Мудофаа

«Бу Украинанинг тажовузкорга қарши мудофаасини ортга қайтмас қилиб мустаҳкамлашдир. Бу реал мақсад — позицияларимизни Украинадаги жанг майдонида ва худди шу вақтда урушни Россия ҳудудига қайтариш, шунда россияликлар уруш нималигини ҳис қилишлари ва Россия пропагандасига қарамай, нафратни Кремл томонга йўналтиришлари мумкин», — деган Украина президенти. У украин ҳарбийлари учун зарур бўлган «қуролларнинг аниқ рўйхати» мавжудлигини қайд этган. Зеленский «Курск операцияси туфайли биз Украина чинакамига қаттиқ ҳужум қиладиган бўлса, Путинда дош бериш учун етарлича куч йўқлигига гувоҳ бўлганимиз»ни таъкидлаган.

Зеленский «ғалаба режасининг иккинчи бандини амалга оширишнинг калити» қуйидаги қадамлар бўлишини айтган:

— Украина ҳудудида буфер зоналар яратилишига йўл қўймаслик учун РФнинг муайян ҳудудларида Украина қуролли кучлари амалиётларини «муваффақиятли давом эттириш»;
— Украина қуролли кучлари «позицияларини бутунлай мустаҳкамлаш» ва «Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларида Россиянинг юриш қилиш салоҳиятини йўқ қилиш»;
— «Украина қуролли кучлари учун захира бригадаларини қуроллантиришда ҳамкорлар ёрдами»;
— Украинадаги аҳоли яшаш манзилларини Россия зарбаларидан ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини кучайтириш, шунингдек, Украинанинг Европадаги қўшнилари билан «ҳамкорларнинг ҳаво қалқони етиб бора оладиган масофаларда» ракета ва дронларни йўқ қилиш бўйича «қўшма мудофаа амалиётлари»;
— Украина ракеталари ва дронларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган операцияларни кенгайтириш, уларни Украинада ишлаб чиқаришни оширишга инвестициялар киритиш;
— «ҳамкорлар томонидан Украинанинг босиб олинган ҳудудлари ва Россия ҳудудида ҳарбий инфратузилма объектлари бўйлаб узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлаш ҳамда Украинани узоқ масофали ракеталар, дронлар ва бошқа зарба бериш воситалари билан таъминлаш»;
— «Украинага сунъий йўлдош ва бошқа разведка воситалари орқали олинган маълумотларни реал вақт режимида тақдим этиш».

Зеленский «ғалаба режаси»нинг ушбу қисмининг ҳар бир кичик банди Украина ўз мақсади деб ҳисоблайдиган маълумотларни ичига олган. Режанинг мудофаа пунктида махфий илова ҳам мавжуд бўлиб, бу «тегишли ҳарбий ёрдам кўрсатиш салоҳиятига эга бўлган томонлар»га юборилган, деган Зеленский.

Учинчи пункт. Тийиб туриш

Украина ўз ҳудудига Украинани Россиядан келадиган ҳар қандай ҳарбий таҳдиддан ҳимоя қилиш учун етарли бўлган ва Россия ҳаракатларининг ўзгарувчанлигини қуйидаги шаклларда қисқартирадиган комплекс ноядровий стратегик тийиб туриш пакетини жойлаштиришни таклиф қилмоқда: ёки урушни якунлаш учун адолатли дипломатик жараёнга қўшилади, ёки Украина томонидан белгиланган ҳарбий мақсадларга мувофиқ тақдим этилган тийиб туриш пакетини қўлланиши натижасида тажовузкор урушни давом эттириш қобилиятидан маҳрум бўлиши кафолатланади.

Бу пунктда ҳам махфий илова мавжуд бўлиб, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия ва Германия раҳбарлари бундан хабардор қилинган.

Тўртинчи пункт. Стратегик иқтисодий салоҳият

«Украинада табиий ресурслар, хусусан, триллионлаб долларга баҳоланадиган ўта муҳим металлар жамланган. Булар, уран, титан, литий, графит ва бошқа стратегик қимматли ресурслар бўлиб, улар ёки Россия ва унинг иттифоқчилари, ёки Украина ва демократик дунёни глобал рақобатда мустаҳкамлайди. Украинадаги муҳим ресурслар конлари, Украинанинг энергия ва озиқ-овқат етиштиришдаги глобал салоҳияти Россиянинг урушдаги энг асосий мақсадларидан бири», — деган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Украина АҚШ ва бошқа муайян ҳамкорлар, хусусан, Евроиттифоққа, «Украинадаги муҳим ресурсларни биргаликда ҳимоя қилиш, биргаликда инвестиция киритиш ва тегишли иқтисодий салоҳиятдан фойдаланиш бўйича махсус келишув» тузишни таклиф қилади.

Стратегия пунктида ҳам махфий илова бўлиб, «фақат маълум шериклар»га кўрсатилган.

Бешинчи пункт. Урушдан кейинги давр

«Урушдан кейин Украина энг тажрибали ва энг йирик ҳарбий контингентлардан бирига эга бўлади. Бу одамлар — замонавий урушнинг ҳақиқий тажрибасига, Ғарб қуролларидан фойдаланиш бўйича муваффақиятли тажрибага ҳамда НАТО ҳарбийлари билан турлича ҳамкорлик тажрибасига эга бўлган аскарларимиздир. Украинанинг бу тажрибасидан иттифоқ мудофаасини кучайтириш ва Европада хавфсизликни таъминлаш учун фойдаланиш керак», — деган Зеленский. У урушдан кейин АҚШ қуролли кучларининг Европада жойлаштирилган айрим ҳарбий контингентларини украин бўлинмаларига алмаштиришни таклиф қилган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, таклиф этилган «ғалаба режаси» — бу «Кремлдаги ақлдан озган одамлар урушни давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлиши кафолати», «Украина учун яшаб қолиш кафолати» ва «шу билан бир вақтда — Европа учун хотиржамлик кафолати»дир.

«Россия Украина устидан назоратни абадийга йўқотиши ва ҳаттоки бундай назоратга бўлган истагини ҳам йўқотиши лозим, — дейилган Зеленскийнинг телеграм-каналида эълон қилинган баёнотда. — Бу Украина учун ҳаёт кафолати. Ва шу билан бир вақтда — Европа учун тинчлик кафолати. Ва бунга эришишимиз учун сиздан Украина бирдамлиги учун, Украинанинг ҳамкорлар билан бирдамлиги учун ишлашингизни, ҳамкорларни ишонтиришингизни сўрайман. Тинмай ишлашни».

Зеленский 17 октябр куни «ғалаба режаси» Европа кенгаши йиғилишида тақдим этилишини билдирган.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг «ғалаба режаси»га изоҳ бераркан, Украина стратегиясини «ўзгарувчан тинчлик режаси» деб атаган. «Катта эҳтимол билан, бу америкаликларнинг ўша биз билан охирги украин қолгунича урушиш режаси бўлиб, Зеленский уни „тинчлик режаси“ деб атаяпти. У ерда қандайдир бошқа режа йўқ. Аммо чинакамига тинчликка қаратилган бошқа режаси ҳам бўлиши мумкин: бу Киев режими ўзи олиб бораётган сиёсат истиқболга эга эмаслигини англаши бўлади», — деган Кремл вакили. У Киевдаги ҳукумат «ҳушёрлашиши ва Украинадаги можарога олиб келган сабабларни англаб етиши кераклиги»ни қўшимча қилган.

Зеленский, Рада, Ғалаба режаси, Тақдим этди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Радага ўз «ғалаба режаси»ни тақдим этди